Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:47

Рамзан Қодиров Америка суперқаҳрамонларига уруш эълон қилди


20 ноябрь куни Чеченистоннинг авторитар раҳбари Рамзан Қодиров болалар марказлари ва ўйин майдончаларидаги Америка комикслари қаҳрамонлари тасвирларини Шимолий Кавказ республикасининг «ҳақиқий қаҳрамонлари» билан алмаштиришни буюрди.

Қодировнинг ушбу буйруғи эълон қилинишидан аввалроқ у Курчалой шаҳридаги янги кўп қаватли турар-жой мажмуасига ташриф буюрган эди. У ерда чечен раҳбари болалар маркази деворларига чизилган америкалик комикс ва кино қаҳрамонларини танқид қилди.

Қодиров 16 ноябрь куни янги мажмуага қилган ташрифи давомида Капитан Америка, Тор, Темир одам ва Супермен образлари ҳақида:

«Бу хаёлий персонажларнинг расмларини ўчириб ташлашимиз керак, улар фантазия», - деди

«Дин ва одамлар тарихида ўрнак олиш мумкин ва лозим бўлган жуда кўп ҳақиқий қаҳрамонлар бор. Акс ҳолда, болалар фақат мана бу қаҳрамонлар мавжуд деб ўйлашади», - дея қўшимча қилди Қодиров.

20 ноябрь куни Қодиров болалар марказлари ва ўйин майдончаларидаги барча комикс суперқаҳрамонларнинг расмларини олиб ташлаш борасида буйруқ берганини айтди.

«Мен уларни бутун республика бўйлаб алмаштиришни буюрдим», - деди Қодиров.

Бунинг ўрнига у комикс қаҳрамонлари тасвирларини ўзининг марҳум отаси, Чеченистоннинг биринчи президенти Аҳмад Қодиров ва XVIII аср охири ва XIX асрда Кавказ урушида қатнашган тарихий шахслар тасвирлари билан алмаштиришни буюрди.

Россиялик ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Қодировни инсон ҳуқуқларини мунтазам поймол қилишда, шу жумладан, қийноқлар, одам ўғирлаш, судсиз қатл этишларда ҳамда Россия ичида ва унинг ташқарисида шахсий ҳамда сиёсий душманларини ўлдиришга буйруқ берганликда айблаб келадилар.

Кремль танқидчиларининг таъкидлашича, президент Владимир Путин Чеченистонда бўлгинчилик кайфияти ва зўравонликларни назорат қилиш учун Қодировнинг қонунбузарликларига кўз юмиб келади.

Чеченистонда Совет Иттифоқи парчаланиб кетганидан кейин икки марта қонли уруш содир бўлган ва исломий исёнчилик бошланиб, Шимолий Кавказнинг бошқа мусулмон ҳудудларига тарқалган эди.

XS
SM
MD
LG