Линклар

Шошилинч хабар
17 феврал 2026, Тошкент вақти: 03:42

Раҳмон икки ҳафта кўриниш бермаганидан кейин учрашув ўтказди ва Си Цзиньпинга видео табрик йўллади.

Тожикистон президенти икки ҳафта давомида жамоатчилик олдида кўринмаганидан сўнг, 14 феврал куни Эмомали Раҳмон матбуот хизмати унинг Осиё инфратузилма инвестициялари банки раҳбари Цзоу Цзяи билан учрашувидан фото ва видео материалларни эълон қилди.

Хабар қилинишича, томонлар Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиши ва Нурек ГЭСни модернизация қилиш лойиҳаларини муҳокама қилган. Музокаралардан мақсад сифатида «узоқ муддатли молиялаштиришни жалб этиш» кўрсатилган.

15 феврал куни тожик раҳбарининг матбуот хизмати Раҳмоннинг Хитой раҳбари Си Цзиньпинга йўллаган табрик видео мурожаатини тарқатди.

Уч дақиқалик мурожаат расмий сайтда, Telegram-каналда ва президентнинг Facebook саҳифасида жойлаштирилди. Эмомали Раҳмон Си Цзиньпинни хитой тақвими бўйича Янги йил муносабати билан табриклади.

«Тожикистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик доирасидаги икки томонлама муносабатлар юқори суръатларда ривожланаётгани қониқарлидир», — дейилади мурожаатда.


Аввалроқ давлат раҳбари матбуот хизмати хорижий етакчиларга йўлланган табрик телеграммалари матнларини эълон қилиб келар эди. Бундай турдаги видео мурожаат эса ғайриоддий формат ҳисобланади.

Эмомали Раҳмоннинг тахминан икки ҳафта давомида жамоатчилик олдида ва давлат телеканалларида кўринмагани турли муҳокамалар ва тахминларга сабаб бўлди. Озодлик радиосининг Тожик хизмати манбалари турли версияларни илгари сурди — таътилдан тортиб, эҳтимол хорижда даволанаётганигача. Бироқ бу маълумотлар расман тасдиқлангани йўқ.

74 ёшли Эмомали Раҳмоннинг соғлиғи ҳақидаги миш-мишлар аввал ҳам пайдо бўлган ва анъанавий тарзда кенг жамоатчилик қизиқишини уйғотиб келади.

Раҳмон 1994 йилдан буён Тожикистон президенти ҳисобланади, 1992 йилдан эса Олий Кенгаш раиси ва мамлакатнинг амалдаги раҳбари бўлган. 2016 йилда Конституцияга киритилган ўзгартишлардан сўнг у президентликка муддатлар сони бўйича чекловсиз номзод қўйиш ҳуқуқини олди. Унинг ҳукмронлиги йилларида кўплаб сиёсий мухолифлар мамлакатни тарк этган ёки судланган. Президент оиласи аъзолари эса бир қатор давлат лавозимлари ва йирик бизнесдаги раҳбарлик позицияларини эгаллаб келмоқда.

XS
SM
MD
LG