Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 14:31

Қозоқ сиёсатшуноси: Тошкент ва Нур-Султон Афғонистон устида зимдан рақобатлашмоқда


Нур-Султоннинг Афғонистонда қандай сиёсий ва иқтисодий манфаатлари бор? Оқ Ўрда нега Кобулга ўз вакилини юборди? Нега Марказий Осиё мамлакатлари ўзлари расман тан олмаётган Толибон ҳукумати билан алоқа ўрнатишга уринмоқда? Афғонистон масаласи минтақа давлатлари ва қудратли мамлакатларга қандай таъсир этади? Озодликнинг қозоқ хизмати қозоғистонлик сиёсатшунос, “Хавф-хатарни баҳолаш гуруҳи” директори Дўсим Сатпаев билан суҳбатда минтақа мамлакатларининг Афғонистон билан муносабатларини муҳокама қилди.

ҚОЗОҒИСТОН ВА ҚЎШНИЛАРИ ТОЛИБОН БИЛАН АЛОҚА БОҒЛАЯПТИ. НЕГА?

Озодлик: Марказий Осиё мамлакатлари (Тожикистон мустасно) толиблар ҳукумати билан муносабатларни йўлга қўйишга интилмоқда. Ва мазкур вазиятда улар савдо-иқтисодий алоқаларни тиклаш зарурати ҳақида гапиришмоқда. Минтақа давлатлари фақат иқтисодий манфаатларни кўзлаяпти, деб ўйлайсизми?

Дўсим Сатпаев: Улар бир неча мақсадни кўзлаган. Энг муҳимлари – иқтисодиёт ва хавфсизлик.

Дўсим Сатпаев.
Дўсим Сатпаев.

Тожикистон, айтганингиз каби, толиблар билан бевосита музокара олиб боришни қатъий рад этган минтақадаги ягона мамлакат, аммо у Россия ва Покистон орқали Толибон билан мулоқот қилмоқда.

Қолганлар алоқа боғлашга уринишмоқда. Тоқаевдан олдинроқ Қирғизистон президенти ўз вакилини Кобулга йўллаган эди. Демак, Бишкек ҳам ҳаракат қиляпти. Ҳаммадан бурун бу ишга ўзбеклар киришган – бир неча йил олдин Доҳада АҚШ билан толиблар ўртасида битим имзоланаётган пайтда Ўзбекистон вакили ҳам у ерда эди. Бу Тошкент толибларнинг жиддийлигини ва ўткинчи эмаслигини, улар билан ҳисоблашиш ва сиёсий алоқа боғлаш зарурлигини анча аввал тушунганини билдиради.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида яширин рақобат ҳам мавжуд. Айнан Афғонистон масаласида Тошкент бир неча одим илгарида. Ва бу тушунарли: умумий чегаралар, Афғонистондаги жуда катта ўзбек диаспораси ва ички афғон кучларини дастаклашдаги катта тажрибаси Ўзбекистонга устунлик беради.

Албатта, Марказий Осиё мамлакатлари жиддий иқтисодий манфаатларга эга. Ўзбекистон бир неча муҳим лойиҳани амалга оширишни хоҳлайди. Чунончи, Мозори Шарифдан Ҳирот орқали Покистон портларигача қурилажак темир йўл Ўзбекистонни энг яқин йўналишда денгизга олиб чиққан бўлур эди. Бу бўйича битим Ашраф Ғани давридаёқ имзоланган, ҳозирда Тошкент лойиҳани давом эттиришга уринмоқда. Уни Қозоғистон ҳам ёқлаган. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви чоғида Тоқаев лойиҳа рўёбга чиққан тақдирда Қозоғистон қўшимча экспорт йўналишларига эга бўлишини айтганди.

Қозоғистон президентининг махсус вакили Ержан Қазихан (марказда) ва Толибон вакиллари (ўнгда). Кобул¸ 2021 йил 17 октябр
Қозоғистон президентининг махсус вакили Ержан Қазихан (марказда) ва Толибон вакиллари (ўнгда). Кобул¸ 2021 йил 17 октябр

Табиийки, хавфсизлик мавзуси ҳам жуда муҳим, айниқса Афғонистон билан чегарадош мамлакатлар учун.

Озодлик: Толибон билан алоқа ўрнатар экан, Қозоғистон нимага таянмоқда?

Дўсим Сатпаев: Қозоғистон муайян минтақавий имкониятларини кўрсатишга тиришяпти. Гуманитар соҳада юқори амбицияларга эга мамлакат ўлароқ ўзини кучли деб билган йўналишларда иш юритмоқда. Умуман, гуманитар миссиялар – Нур-Султоннинг севимли расмий мавзуси. Қозоғистонда кўплаб афғон талабалари ўқиган, БМТнинг Кобулдаги идораси Олмаотага кўчирилди, Қозоғистон Афғонистонга ўз вакцинасини таклиф қиляпти, хуллас, мамлакат ўзини музокара столига ўтиришга тайёр ўйинчи сифатида кўрсатишга уринмоқда. Кобулга махсус вакил йўллангани бежиз эмас.

Озодлик: Статистикага кўра, биринчи ярим йилликда Қозоғистоннинг Афғонистон билан маҳсулот айланмаси 2.2 млн долларни ташкил қилган. Ҳолбуки, бу кўрсаткич бир пайтлар 700 миллионга борарди. Айни шароитда “иқтисодий манфаат” нақадар мантиқий?

Дўсим Сатпаев: Тўғри, маҳсулот айланмаси унча катта эмас, аммо Афғонистон – қозоқ унининг энг йирик истеъмолчисидир. Бизнинг экспорт маҳсулотларимиз фақат нефть ва газ эмас, ғалла ва ун ҳам бор. Афғон бозорини йўқотишни истамаймиз. У ердан кетсак, ўрнимизни Ўзбекистон эгаллаб олади. Тошкент ўз ҳудудида бир нечта замонавий тегирмонлар қуриб олиб омилкорлик қилди, ҳозир улар қозоқ буғдойини янчиб, бошқаларга пуллашяпти. Шу боис ҳам Қозоғистон фаоллашмоқда. Бизникилар гуманитар ёрдам сифатида айнан ун юборганида ҳам аниқ ишора бор.

ТОЛИБОН ҲУКУМАТИ ТАН ОЛИНИШИ МУМКИНМИ?

Озодлик: Қозоғистон Толибонни тан олиш учун илк қадамларини қўйди, деб айтиш мумкинми?

Дўсим Сатпаев: Қозоғистон ва минтақадаги бошқа мамлакатлар Толибон ҳаракатини тан олиши учун аввал бу ишни БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари қилиши керак. Марказий Осиёдагилар қудратли давлатларнинг оғзини пойлайди. Минтақада ҳеч ким толибларни ўзича тан олишга журъат қилмайди. Чунки, бу сиёсий янглиш қадам бўлади, имижга путур етказади, тан олган заҳоти халқаро ҳамжамият танқидига тутилиш хавфи бор.

Озодлик: Толибларнинг ўзи эса ўтган 20 йил ичида улар ўзгарганини, энди бу 2001 йилга қадар Aфғонистонни идора қилган ҳаракат эмаслигини дунёга англатишга уринишмоқда...

Дўсим Сатпаев: Ўзимизни алдамайлик. Толибон – жанговар ташкилот. 1990-йиллардан фарқли равишда, бу сафар Марказий Осиёнинг Аҳмад Шоҳ Масъуд бошлиқ Шимолий иттифоқ тимсолидаги “хавфсизлик ёстиғи” йўқ. Ҳозирда Толибон минтақа давлатлари чегараларига тўғридан-тўғри чиқа олади, мана шуниси хавфли. Қолаверса, ҳаракат бир жинсли эмас, унинг ичида радикал кучлар мавжуд ва улар муайян шароитда “Ислом давлати” билан битим тузиши мумкин. У ҳолда иш чатоқ бўлади.

Толибон билан музокара қилиш керак – лоақал уни яқинроқдан таниш, имкониятга қараб иқтисодий манфаатларни илгари суриш учун. Бироқ, айни чоғда Толибон оддий ўйинчи, Афғонистон эса болалар майдончаси эмаслигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Бу – турли ўйинчиларнинг геосиёсий манфаатлари туташган мамлакат.

Озодлик: Толиблар бошқалар билан келишиб иш қилишга қанчалик лаёқатли? Улар ваъдасида туришига ким кафолат беради?

Дўсим Сатпаев: Афғонистондаги вазиятга фаҳми етадиганлар ҳеч бир сиёсий куч ушбу мамлакатда тўла барқарорликка кафил бўла олмаслигини тушунишади. Жумладан, толиблар ҳам. Бунга биз яқинда “Хуросон Ислом давлати” гуруҳи амалга оширган террорчилик ҳужумлари мисолида амин бўлдик.

Яна бир муҳим жиҳат: Толибон ҳаракатининг ўзи ҳам бир бутун эмас. Унинг ичида радикал шўъбалар бор, хусусан, “Ҳаққоний тармоғи” Покистон разведкаси билан узвий боғланган. Мулла Бародар каби мўътадил кучлар эса барча масалаларни келишув, музокара йўли билан ҳал қилишни хоҳлайди.

Бугунги кунда Толибон легитимликни қўлга киритишга қаттиқ киришган, аммо буни АҚШ ва Европа мамлакатлари тарафидан эмас (улар тузган ҳукумат инклюзив эмаслиги, яъни таркибида турли этник гуруҳлар ва аёллар вакиллари йўқлиги боис Ғарб қўлловидан умид қилмаса ҳам бўлади), балки Россия ва Хитойдан кутяпти. Агарда Москва билан Пекин муайян даражада тан олса, уларга бошқалар, жумладан, Марказий Осиё давлатлари “эргашади”. Лекин ҳозирча толибларни ҳеч ким тан олгани йўқ. Бошқа томондан, Толибонни тан олиш Россия ва Хитойнинг обрўсига ҳам путур етказади, чунки улар иккиси ҳам ўзини терроризмга қарши курашчи чоғлаб, бир пайтлар Толибонни террорчи ташкилот сифатида тақиқлаган.

АҚШнинг “қора рўйхати”да эса афғон Толибони йўқ, фақат Покистондаги Толибон террорчи ташкилот деб тан олинган. Америка буни музокараларга майдон қолдириш учун қилган ва ҳануз эшикни қия очиб турибди. “Душманимнинг душмани – менинг дўстим” принципи бўйича олиб борилаётган сиёсий ўйин бу. Толибоннинг “Ислом давлати”га нисбатан хавфсизроқлигини Россия, Хитой ва ҳатто АҚШ ҳам англаб етди.

“АЙИҚ” ВА “АЖДАҲО” БИТТА МИНТАҚАДА

Озодлик: Афғонистон борасида Россия нималар қиляпти ва қилмоқчи?

Дўсим Сатпаев: Москва Афғонистондаги вазиятдан фойдаланиб, Марказий Осиёдаги ҳарбий-сиёсий мавқеини кучайтиришга интилмоқда. Ўзини ва ўзи бошлиқ КХШТни минтақада хавфсизлик кафолати ўлароқ кўрсатмоқда. Аммо мен КХШТнинг қудратли ташкилот эканига шубҳа қиламан. Марҳум Ислом Каримов тириклигида Ўзбекистонни ундан олиб чиқиб кетиб оқилона иш қилган. Марказий Осиё мамлакатлари ўзаро, бир-бири билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаши лозим. Ҳарбий дастак нуқтаи назаридан улар йирик геосиёсий ўйинчиларга қарам бўлиб қолмаслиги керак. Чунки бунақа қарамликнинг бадали бўлади, ҳар қандай протекторат учун мустақилликнинг бир қисми билан ҳақ тўланади.

Марказий Осиё мамлакатлари бирлашиши, ҳарбий-сиёсий, иқтисодий ва сув-энергетика соҳаларида кооперацияни кучайтириши мумкин. Ўшанда биз ҳамма ҳисоблашадиган минтақавий иттифоқ тузган бўлур эдик.

Россия икки ёқлама сиёсат юритяпти. Бир томондан, толиблар душман эмаслигини ва улар билан музокара олиб бориш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бошқа томондан эса, Марказий Осиё мамлакатларига Афғонистондан таҳдид мавжудлиги ҳақида расмий ва норасмий сигналлар йўллаб турибди. Россиянинг минтақадаги таъсири борган сари заифлашиб, Хитойники кучаймоқда. Иқтисодий соҳада мазкур жараён кўпдан бери давом этаётган бўлса, мана, яқинда билдикки, КХШТга аъзо Тожикистонда Хитойнинг ўз ҳарбий базаси бор экан. Ҳозирча Россия бунга кўз юммоқда. Аммо Марказий Осиёга катта сармоя тиккан Хитойнинг минтақадаги ҳарбий режаларига кейин ҳам босиқлик билан қарайдими, йўқми – ҳамма гап шунда.

Мен ўйлашимча, Россия хавфсизлик мавзусини қармоқ қилиб, Марказий Осиё мамлакатларини “овлаш”га ҳаракат қиляпти. Бир нарсани яхши тушуниб олишимиз керакки, Россиянинг ҳарбий шамсияси тагига кириш истиқбол учун жуда хавфли қарор бўлади.

XS
SM
MD
LG