Линклар

Шошилинч хабар
14 октябр 2024, Тошкент вақти: 22:47

Москванинг "ўйинлари". Қозонда очилган "Келажак ўйинлари" қандай мусобақа?


Украинанинг кенг кўламли босқинидан сўнг, Россия кўплаб халқаро спорт тадбирларидан қувилди. Энди у ўз «ўйинларини» ташкил қилиб, унга "дўст мамлакатлар"ни жалб қилди. Ушбу мусобақаларда иштирок этиш Марказий Осиё мамлакатларига қандай таъсир қилиши мумкин?

21 февраль куни Россиянинг Қозон шаҳрида “Келажак ўйинлари” бошланди. Уларда Марказий Осиё давлатлари терма жамоалари қатнашмоқда. Очилиш маросимида Путин билан бир қаторда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровлар иштирок этди. Мирзиёев 2026 йилдаги ўйинларни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қилди.

Россия ҳукумати ўйинларда 107 давлатдан спортчилар иштирок этишини маълум қилди. Қозондаги мусобақалар жисмоний дисциплина, э-спорт, сунъий интеллект, ахборот технологиялари, виртуал дунё ва дрон пойгаларини қамраб олади. Мисол учун, фижитал хоккей мусобақасида спортчилар биринчи навбатда компьютерда хоккей ўйнайди, сўнг мусобақани майдонда давом эттиради.

Ўз халқаро мусобақаларини ўтказиш ғояси Путинга тегишли. 2023 йил майида у ҳукуматга “Танклар олами” ва “Кемалар олами” каби онлайн ўйинларни ўз ичига олган бутун Россия киберспорт турнирини ташкил этишни топширди. Кейин Россияда онлайн ўйинлар ишлаб чиқарувчи Lesta Games вакили Гавҳар Алдиярова ушбу ўйинларда "дўст давлатлар" иштирок этиши мумкинлигини айтди. Эслатиб ўтамиз, Россия алоқани ривожлантириш миллий институти Қозоғистонни 2023 йил февралида “дўст давлатлар” қаторига киритган эди.

2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) ва Халқаро Паралимпия қўмитаси Россия ва Беларусни мусобақалардан четлатди. 2022 йил март ойида Пекинда бошланган Паралимпия ўйинларида Россия ва Беларус делегациялари иштирок этганига қарамай, улар мусобақада иштирок этмади. Ушбу чекловдан кейин Россия ва Беларус расмийлари ўз мусобақаларини ташкил қила бошладилар.

Путин бешинчи президентлик муддатига номзодини қўймоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00

"Сиёсийлашган ўйинлар"

Ўтган йили Москва ўз «ўйинларини» ўтказишини эълон қилди. Масалан, Россия 15–29 сентябрь кунлари Москва ва Екатеринбургда “Жаҳон дўстлик ўйинлари”ни ташкил этишга ҳозирлик кўрмоқда, бунинг учун саккиз миллиард рубль сарфлайди. Россия спорт сайтлари ушбу ўйинлар ҳақида "ҳозирги пайтдаги энг кўзга кўринган лойиҳа" деб ёзмоқда.

Маълум қилинишича, Париж Олимпиадасидан бир ой ўтиб Россияда бўлиб ўтадиган Дўстлик ўйинларида 70 давлатдан 7900 нафарга яқин спортчи 33 спорт тури бўйича беллашади. Мусобақаларда қатнашадиган хорижлик спортчиларнинг йўл ва турар жой харажатларини Москва тўлайди. Россия расмийлари "пул мукофотлари ва харажатларнинг қопланиши хорижлик спортчиларни рағбатлантиради" деб умид қилмоқда. Аммо мусобақада иштирок этувчи мамлакатларнинг тўла рўйхати хали номаълум.

Дўстлик ўйинлари – бу советча ўтмишга ишора. Совуқ уруш даврида Совет Иттифоқи 1984 йилги Лос-Анжелес Олимпиадасини бойкот қилди ва социалистик мамлакатлар ўртасида дўстлик ўйинларини ўтказган эди.

ХОҚ президенти Томас Бах “Россия ҳукумати сиёсийлашган мусобақани ўтказмоқчи”, деб ёзди. ХОҚнинг Миллий олимпия қўмиталари билан алоқалар бўйича директор Жеймс МакЛауд “дунё мамлакатларини Россиянинг ушбу ташаббусидан эҳтиёт бўлишга” чақирди ва агар иштирок этишса, чора кўрилиши мумкинлигига ишора қилди.

“ХОҚнинг «Бутунжаҳон дўстлик ўйинлари»даги ҳар қандай иштироки нафақат ХОҚ Ижроия кенгашининг Россияда ўтказиладиган халқаро спорт тадбирларига оид 2022 йил 25 февралдаги тавсиясига, балки Олимпия ҳаракатининг мустақилликни асраш бўйича жамоавий мақсадига ҳам зиддир», деб огоҳлантирди МакЛауд.

Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (БАДА) бош директори Оливье Ниггли “Россия антидопинг агентлиги мақоми туфайли Москва бундай ўйинларни ўтказиш ҳуқуқига эга эмас”, деди.

"Қозоғистон обрўсига таъсир қилади"

Қозоғистонлик спорт журналисти Акирис Сейтказининг Озодлик қозоқ хизмати билан суҳбатда айтишича, Қозоғистоннинг Россия уюштираётган «ўйинлар»да иштирок этиши мамлакатга зарар етказиши мумкин.

– Яхшиси, Қозоғистон бундай ўйинларда қатнашмаса, захира жамоасини уларга юбормаса эди. Чунки ҳозир Россияда ўтказиладиган ҳеч қандай мусобақа ХОҚ ва жаҳон ташкилотлари томонидан тан олинмайди. Қозоғистон Россиядаги тан олинмаган мусобақаларда қатнашиб, обрўсига путур етказади, жаҳон ташкилотлари билан муносабатлари ёмонлашиши мумкин. Чунки Россиядаги бутун вазият уларнинг кузатувида”, дейди у.

Қозоғистон спорт ва туризм вазирлиги спорт қўмитаси матбуот котиби Аян Толеген Озодлик билан суҳбатда “Қозоғистоннинг Россия ташкил этган Дўстлик ўйинларидаги иштироки ҳақида ҳозирча ҳеч нарса маълум эмас”, деди.

– Дўстлик ўйинлари ҳақида ҳали аниқ эмас, улар тақвимга киритилмаган. Улар ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. Бу йил бизнинг устувор вазифамиз Париждаги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларидир”, дейди у.

Спорт шарҳловчиси Акирис Сейтказининг фикрича, Қозоғистон "эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилиши мумкин".

– “Келажак ўйинлари” дастуридаги компьютер мусобақалари Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаган. ХОҚ “Келажак ўйинлари” ҳақида ҳеч нарса демади, шунинг учун у [Президент Тоқаев] навбатдаги “Келажак ўйинларини” шу ерда ўтказишни таклиф қилди. Дўстлик ўйинларига келсак, ҳамма нарса мумкин. Қозоғистон Россия туфайли ХОҚ билан муносабатларини бузади, деб ўйламайман. Дўстлик ўйинларида қатнашсак, ўз позициямизни аниқ кўрсатамиз”, дейди у.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Эмил Жўраевнинг Озодликка айтишича, “Россия Марказий Осиё давлатлари президентларини бундай мусобақаларга таклиф қилиш орқали ушбу ўйинларни легитимлаштирмоқчи”.

Бундан ташқари, Россия 12-23 июнь кунлари Қозон шаҳрида БРИКС мамлакатлари (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, БАА) ўйинларини ўтказмоқчи. Москва БРИКС ўйинларида исталган давлат иштирок этиши мумкинлигини маълум қилди.

Россия ҳукумати бу йилги Париж Олимпиадаси олдидан ва ундан кейин барча «ўйинлар»ни ўтказишни режалаштирмоқда. ХОҚ россиялик ва беларуслик спортчиларга Париж Олимпиадасида нейтрал мақомда иштирок этишга рухсат берди. Аммо нейтрал мақомга эга бўлиш учун спортчилар Россиянинг Украинага бостириб киришини қўллаб-қувватламасликлари ва мамлакат ҳарбий клубларига аъзо бўлмасликлари керак.

Кремль россиялик спортчиларнинг халқаро мусобақалардан четлатилиши ва россиялик спортчиларнинг турнирларда нейтрал мақомда иштирок этишини “спорт сиёсатдан ташқарида бўлиши керак деган тамойилга зид” деб баҳоламоқда.

Бундан ташқари, Россия Олимпия қўмитаси "Париж Олимпиадасида нейтрал мақомда қатнашадиган спортчиларни" молиялаштирмаслигини айтди.

Форум

XS
SM
MD
LG