Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2019, Тошкент вақти: 13:16

Камбағал қозоғистонликлар ҳукуматдан ипотека қарзларидан кечишни сўрамоқда


Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотада асосан, аёллардан иборат ўнлаб уй эгаси келаси ой ўтказиладиган навбатдан ташқари президент сайлови олдидан митингга чиқди. Улар ҳукуматдан ипотека кредитини тўлай олмаëтган камбағал оилалар ва ёлғиз оналарнинг қарзидан кечиш ҳамда давлатнинг ўзларига кўпроқ молиявий ёрдам беришини талаб қилди.

21 май куни “Нур-Отан” партиясининг Олмаотадаги офиси олдида бўлиб ўтган митинг нефтга бой Қозоғистонда оддий оилаларнинг қандай иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётганини кўрсатувчи сўнгги сигнал бўлди. Навбатдан ташқари сайлов авторитар президент Нурсултон Назарбоевнинг 30 йиллик ҳукмронликдан сўнг истеъфо бергани сабаб ўтказилмоқда

78 яшар Назарбоев “Нур-Отан” партияси раҳбарлигини сақлаб қолди. У ҳокимиятнинг узил-кесил ўзи танлаган ворис Қосим-Жўмарт Тўқаев қўлига силлиқ ўтишини назорат қилишга интилмоқда. Қоғозистонда сиёсий жараёнларнинг қаттиқ назоратга олингани боис Тўқаевнинг 9 июнга белгиланган сайловда ютиб чиқиши кутилмоқда.

Олмаотадаги намойишчилар кам даромадли оилалар олган қарзлар¸ хусусан уларнинг 2004-2009 йиллардаги глобал молиявий инқироздан олдин олган ипотека кредитларидан инфляция сабаб кечиб юбориш кераклигини сўради.

Улар шунингдек сайлов олдидан қозоғистонликлар ҳуқуқини судда ҳимоя қилиш имкониятини мустаҳкамлаш учун суд тизимини ислоҳ қилишни ҳам талаб этди.

“Нур-Отан” партияси вакиллари намойишчилар талабини ҳукуматга етказишга ваъда берди.

Ушбу митингдан бир ҳафта бурун илгари Остона деб номланган пойтахт Нурсултонда ўнлаб аёл ижтимоий нафақаларни кўпайтириш талаби билан намойишга чиққан эди.

Февраль бошида пойтахтдаги хонадонларидан бирида битта оиланинг беш фарзанди тириклай ёниб кетгандан сўнг мамлакатнинг турли шаҳарларида яшаш шароитларини яхшилаш талаби билан норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди.

3 ойликдан 13 ёшгача бўлган қизларини уйда ëлғиз қолдириб¸ тунги сменада ишлашга мажбур бўлган ота-она фожиасидан ғазабланган оналар пойтахт ҳокимиятидан бундай даҳшатга йўл қўймаслик учун аниқ чоралар кўришни талаб қилган эди.

Аёллар 15 февралда Остонадаги концерт зали ёнига муносиб тураржой, болаларга давлат боғчаларидан кўпроқ жой ажратиш, фарзанди бир нафардан кўп бўлган оилаларга бериладиган нафақа пулини ошириш талаблари билан тўпланган эди.

Ушбу фожиа кўплаб қозоғистонликларни ларзага солди. Одамлар бир нафардан кўп фарзанди бўлган ота-оналар оилани боқиш йўлида жонини жабборга бериб ишламаслиги учун давлат оилаларни қўллаб-қувватлаши зарурлигини талаб қилиб, намойишлар уюштирган эди.

XS
SM
MD
LG