Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2022, Тошкент вақти: 23:46

Оқўрда Назарбоев ва унинг яқинларига қарши кампания бошладими?


Собиқ ва жорий президентлар - Нурсултон Назарбоев ва Қасим-Жомарт Тоқаев Остонадаги Наврўз танталарида, 21 март, 2019

Озод Европа- Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, Қозоғистондаги ҳокимият йўлакларида “жангу жадаллар” босиларкан, Қасим-Жомарт Тоқаев салафи Нурсултон Назарбоев устидан ғалаба қозонгани тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда.

Афтидан, собиқ президент билан унинг оила-аъзолари ҳокимият учун курашда навбатдаги нишонлар бўлади.

Тинч норозилик тарзида бошланиб, кейинчалик тажовузкор гуруҳлар аралашиши натижасида Олмаота ва бошқа ҳудудларда бебошликларга уланиб кетган суронли воқеалардан сўнг Қозоғистонда вазият нормаллашмоқда.

Тартибсизликлар манзарасида мамлакатда ҳозирги президент Қасим-Жомарт Тоқаев билан унинг ҳануз нуфузини сақлаб қолаётган салафи – Нурсултон Назарбоев тарафдорлари ўртасида ҳокимият учун кураш кетаётгани аён бўлди.

Оммавий тартибсизликлар ниҳоясига етмоқда, аммо, афтидан, биринчи президент Назарбоевнинг оила аъзолари ва яқин сафдошларини олдинда жиддий кўнгилсизликлар кутмоқда.

Ҳокимият учун кураш натижасига кимлардир шубҳа қилган бўлса, Тоқаев 11 январь куни парламент мажлисида Назарбоевнинг кенжа қизи Алияга алоқадор дея кўриладиган хусусий ширкатнинг утиллаштириш тўловлари йиғишига чек қўйиш тўғрисида фармойиш бериш билан бу шубҳаларни тарқатиб юборди.

“Оператор РОП” номли ширкат фаолияти тадбиркорларда ва умуман жамиятда кўплаб саволлар туғдирмоқда”, деди Тоқаев.

2005 йилда ташкил қилинган “Оператор РОП” ширкати автотранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш чоғида утиллаштириш йиғими ундирар ва бу маблағларни тасарруф этарди. Ширкат маиший чиқиндиларни утиллаштириш лойиҳаларида ҳам иштирок этган.

Ҳукуматнинг 12 январдаги йиғилишида Қозоғистон экология, геология ва табиий ресурслар вазири Сериккали Брекешев ширкат 2016 йилдан бери қарийб 692 млрд тенге (салкам 1,6 млрд доллар) пул ишлаганини маълум қилди.

“Оператор РОП” расмий сайтида собиқ президент Назарбоевнинг каттакон фотосурати ва унинг “қаттиқ маиший чиқиндиларни кичик ва ўрта бизнес субъектларини кенг жалб қилган ҳолда замонавий тарзда утиллаштириш ва қайта ишлаш” чораларини кўриш хусусида акимларга берган қатъий тавсияси жойлаштирилган.

Шароф Убайдуллаев: "Қозоғистон бизга жиддий сабоқ бўлиши керак"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:38 0:00

Тоқаевнинг 11 январдаги баёноти Назарбоев оиласи аъзоларининг ҳад-ҳисобсиз бойликлари ва активларига нимадир хавф солиши мумкинлигига илк бор очиқ ишора берди.

5 январда Тоқаев Назарбоевнинг ўрнига Хавфсизлик кенгашига раислик қилишини эълон қилганди. Мазкур қарорни кўпчилик “элбоши” номи билан машҳур 81 ёшли лидернинг тақдири ёмон томонга ўзгариши мумкинлиги аломати ўлароқ баҳолади.

Ушбу муҳим лавозим Назарбоевга у 2019 йил мартида президент ваколатларини расман Тоқаевга топширганидан сўнг таъсир-нуфузининг каттагина қисмини сақлаб қолишига ёрдам берди.

Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай 9 январь куни ижтимоий тармоқда Назарбоев гўё Хавфсизлик кенгаши раислигидан ўх ихтиёри билан кетгани ҳақида ёзди. Қозоғистон ҳукуматидан ҳеч ким Укибайнинг сўзларини тасдиқлагани йўқ.

"Элбоши" 28 декабрдан бери жамоатчиликка кўриниш бермагани ортидан авж олган турли миш-мишларга жавобан Укибай 8 январь куни Твиттерда Назарбоев пойтахтда эканлигини билдирди.

Тоқаев парламентдаги чиқишида “биринчи президент – Элбоши шарофати билан мамлакатда ўта сердаромад ширкатлар гуруҳи ва ҳатто халқаро ўлчовлар бўйича ҳам ўта бадавлат кишилар қатлами пайдо бўлди”, дея қўшимча қилди.

Президент “Қозоғистон халқи учун” махсус ижтимоий фонд яратилишини билдирди ва йирик бизнес унга “мунтазам равишда ва салмоқли миқдорда пул ажратиб туриши”ни айтди. Унинг урғулашича, ҳукумат “мазкур ширкатлар доирасини белгилаб, фондга тушириладиган йиллик бадаллар миқдорини улар билан келишиб олади”.

Дариға Назарбоева парламент сессиясида, 2 сентябрь, 2019
Дариға Назарбоева парламент сессиясида, 2 сентябрь, 2019

“Халққа ҳаққини бериш, унга тизимли ва мунтазам кўмаклашиш вақти етди”, деди яна президент.

Тоқаев бирон бир исмни тилга олмади, бунга зарурат ҳам йўқ эди.

“Қазақмис” раҳбари Владимир Ким ёки банкир Бўлат Утемуратов кабилар собиқ президентга яқинлиги ва унинг 30 йиллик бошқаруви даврида миллиардлаб доллар тўплаб олгани билан танилган.

Назарбоев оиласи аъзолари ниҳоятда катта бойлик орттиргани Қозоғистонда барчага маълум. Озодлик радиоси бу мавзуда 2020 йил декабрда катта суриштирув чоп этганди.

Назарбоевнинг ўртанча қизи Динара ва унинг эри Тимур Қулибаев Қозоғистоннинг энг бадавлат кишилари сирасига киради, улар Forbes’нинг миллиардерлар рўйхатидан ҳам жой олишган.

Яқинда юз берган тартибсизлик ва зўравонликларга қадар Қозоғистон Ғарб ОАВларида асосан Назарбоев оиласи аъзоларининг Европа, АҚШ ва Дубайдаги кошоналари, чорбоғлари ва ҳатто қасрлари ёки улкан яхталари ва хусусий учоқлари туфайли тилга олинарди.

Назарбоев оиласининг аксар вакиллари ҳозир қаердалиги мавҳумлигича қолаётир.

12 январь куни собиқ президентнинг тўнғич қизи ва парламент депутати Дариға Назарбоеванинг ёрдамчиси у коронавирус юқтириб олганини ва ҳануз Олмаотада даволанаётгани сабабли парламент йиғилишида қатнашмаганини айтди.

Шу куни Қирғизистоннинг 24.kg сайтида Назарбоевнинг укаси Бўлат 6январда автомобилда Қирғизистон ҳудудига ўтгани ва ўша куннинг ўзида Бишкекдан учоқда Дубайга жўнагани ҳақида маълумот пайдо бўлди.

Bellingcat суриштирув гуруҳи намойишлар бошланишидан икки кун ўтиб, 4 январда “Олмаотадан Женевага учган Bombardier Challenger 604 русумли хусусий учоқ”нинг парвоз йўналишларини кузатди.

Bellingcat маълум қилишича, бу учоқ бир неча кун ичида Қозоғистондан “Россияга, Мальдив оролларига, Дубайга ва Европа мамлакатларига бориб-келган”.

Шунингдек, суриштирувчиларга кўра, Bombardier Global 6000 учоғи 5 январь куни UTC вақти бўйича соат 10:00 дан 11:00 гача Олмаотадан ҳавога кўтарилиб, Британияга йўл олгани қайд этилган. “Биз унинг Лондон яқинидаги Фарнборо аэропортига қўнганини аниқладик, Британияга келган хусусий учоқлар одатда шу ҳаво қўналғасидан фойдаланади”, деб ёзади Bellingcat.

Шунингдек, 5 январда Қозоғистонга оид икки учоқ Бишкекдаги “Манас” аэропортига қисқа муддатга қўнди: улардан бири Дубайдан, иккинчиси Шимолий Македониядан қайтганди. Учоқларга техник хизмат кўрсатилиб, ёқилғи қуйилгач улар яна ҳавога кўтарилган.

Тартибсизликлар бўлаётган кунлари Хусусий учоқларнинг Қозоғистонга серқатнов бўлиб қолгани кўпчиликда “Назарбоев оиласи аъзолари мамлакатни тарк этишди”, деган фикр уйғотди.

Тоқаев Назарбоевлар таъқиб этилаётгани тўғрисида очиқ гапиргани йўқ, Қозоғистон мустақиллигининг илк кунларидан эътиборан “Элбоши” ҳукуматида ишлаганини ҳисобга олсак, у ўзи узоқ йиллар хизмат қилган одамнинг оиласига қарши курашда жуда эҳтиёткорона ҳаракат қилишига тўғри келади.

Бироқ Тоқаев, агар Назарбоевлар оиласи аъзоларининг ноқонуний йўл билан топган бойликларини тортиб олса кенг жамоатчиликнинг муҳаббатини қозониши мумкин. Жорий президент, ниҳоят, салафининг соясидан чиқиб, ўз ҳукуматини қура бошлаганида эса жамиятнинг дастаги унга асқатиши турган гап.

XS
SM
MD
LG