Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:37

5 яшар Кибриëнинг ўлими бўйича тергов марҳуманинг оиласида норозилик уйғотмоқда (ВИДЕО)


5 яшар Кибриё Ғаппоралиеванинг жасади темир йўл ëқасидан топилган.
5 яшар Кибриё Ғаппоралиеванинг жасади темир йўл ëқасидан топилган.

5 февраль куни кечқурун жасади темир йўлга яқин жойдан топилган 5 яшар Кибриё Ғаппоралиеванинг яқинлари бу мудҳиш воқеани тергов қилаëтган ички ишлар ходимларини ишни тезроқ ëпиш мақсадида¸ уни сохталаштиришга уринишда айбламоқда. Олтиариқ туман Ички ишлар бўлими катта терговчиси Усмонали Мамаризаев​ бу айбловларни инкор этди.

20 февраль куни Озодликка мурожаат қилган Кибриëнинг Фарғона вилоят, Олтиариқ туман, Полосон қишлоғида яшовчи 63 яшар бувиси Жамила Қодирова¸ айни шикоят билан Ички ишлар вазирлиги¸ прокуратура ва президент виртуал қабулхонасига ҳам хат юборганини билдирди.

Жорий йилнинг 5 февраль куни тушдан сўнг боғчадан ўзи тенги амакиваччалари билан катталарсиз чиқариб юборилган Кибриë номаълум эркак томонидан олиб кетилган ва орадан бир неча соат ўтиб¸ ўлик ҳолда топилган эди.

“Ëшлар” телеканали 14 февраль куни қизалоқни ўғирлаб кетиб¸ уни ўлдирганликда гумонланаëтган шахснинг қўлга олингани ҳақида Олтиариқ туман ички ишлар бўлими расмийларига асосланиб хабар қилган эди.

Ота-онаси Туркияда меҳнат муҳожиратида бўлган Кибриë бувиси ва бир ҳовлида яшовчи амакилари қарамоғида бўлган.

Жамила Қодирова 14 февраль куни қўлга олинган шахснинг босим ва қийноқ остида болани ўғирлаганига иқрор қилингани ва қотилликнинг асл мотиви очилмай¸ ҳақиқий қотил жазосиз қолиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Қодированинг иддао қилишича¸ Кибриëни ўғирлаб кетганликда гумонланиб қўлга олинган биринчи гумондор йигит қийноқлар остида айбни бўйнига олган. Аммо яқинлари ширинлик сотувчи бу йигитнинг Кибриë олиб кетилган вақтда Марғилондаги дўконлардан бири видеокамерасига тушиб қолганини милицияга кўрсатганидан сўнг¸ у қўйиб юборилган.

“Бундан келиб чиқиб биз¸ қўлга олинган иккинчи гумонланувчининг ҳам қийноқлар остида қилмаган жиноятига иқрор қилинган бўлиши мумкин¸ деган хавотирдамиз. Бу боланинг орқасидан суриштириб¸ тўполон қиладиган ҳеч кими йўқ экан. Унга ҳам¸ "болани олиб кетдим¸ дегин кейин сени ўзимиз қамоқдан чиқариб оламиз"¸ деб ваъда қилаëтган бўлишлари мумкин¸” деди Озодлик билан суҳбатда Жамила Қодирова.

- Ишни бир ëқлама олиб боришаяпти. Гўë¸ ушланган бола Кибриëни яхши кўриб олиб кетган¸ кейин унга конфет обериб¸ йўлда ташлаб кетган. Кибриëнинг жасади у бола ташлаб кетганини айтган жойдан 4 километр узоқликда топилган. Неварам ясси товонлик эди¸ узоққа юра олмасди¸ амакилари машинада олиб бориб¸ машинада олиб келарди. Бунча жойга пиëда боролмасди. Булар бошданоқ суст ишлаяпти. Болани қидириш ўрнига соатлаб бизни сўроқ қилишди. Энди ҳозир типирчилашаяпти столимни бермайман¸ деб. Булар битта одамни топиб¸ шуни бўйнига юклаб¸ иш ëпилди деб¸ юлдузча олмоқчи¸ деди марҳума қизалоқнинг бувиси Жамила Қодирова.

Кибриëнинг Озодлик суҳбатлашган яқинлари¸ Олтиариқ туман ички ишлар бўлими терговчиларини бу мудҳиш воқеани қотиллик сифатида таснифлаш ниятидан йироқликда ҳам айбламоқда.

- Невараларимни велосипедда олиб кетган одам¸ қайсинг кимнинг боласисан¸ деб ўсмоқчилаб сўраган. Иккитасини қўйвориб¸ Кибриëхоннни олиб кетган. Бу қасддан қилинган. Болани темир йўл яқинида қолдириб кетган¸ деяпти. Бунга умуман ишонмайман. Боланинг жасадини кўрган одам бунга ишонмайди. Поезд урмаган болани¸ қийнаб ўлдиришган. Ички ишлар шуни очиш ўрнига¸ ëпти-ëпти қилмоқчи¸ - деди Кибриëнинг бувиси Жамила Қодирова.

Бундай шикоятлар ортидан Озодлик мухбири Кибриë Ғаппоралиеванинг ўлими бўйича дастлабки терговни олиб борган Олтиариқ туман Ички ишлар бўлими катта терговчиси Усмонали Мамаризаев билан боғланди.

Озодлик билан суҳбатда¸ оиланинг бу шикоятларига босиқлик билан муносабат билдирган терговчи¸ улар билдираëтган хавотирларнинг ўринсиз эканини таъкидлади:

- Жиноят иши қўзғатилиб¸ Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармасига ўтказилди. Ҳали тергов амалиëтлари давом этаяпти. Шахсни асоссиз айблаш осон иш эмас. Бу нарса олдин бўлган бўлса¸ бундан буëғига бўлмайди. Шахснинг айби тўлиқ исботланмагунча¸ унинг жинояти далиллар билан тўлиқ тасдиғини топмагунча¸ бир нарса дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳозир ҳамма версия текширилаяпти¸ далил-исбот тўпланаяпти. Бир эмас¸ бир неча гумонланувчини сўроқ қилганимиздан кейин¸ ҳозирда жиноятда гумонланаëтган битта шахс қолди. Бу одамнинг жиноятни содир этганлиги нафақат унинг иқрори¸ балки бошқа далиллар билан ҳам тасдиғини топгани учун¸ у айбланувчи сифатида ишга жалб қилинган¸ деди Озодлик билан суҳбатда дастлабки тергов амалиëтларини ўтказган ички ишлар ходими.

Терговчи Усмонали Мамаризаев марҳума қизалоқнинг оиласи билдираëтган эътирозлардан яна бири – қотиллик версиясининг кўриб чиқилмаëтганини ҳам инкор қилди.

- Ҳозирда экспертиза тайинланган тан жароҳатлари¸ кийимлар ва бошқа ҳолатлар бўйича. Бир неча экспертиза тайинланган – криминалистик¸ суд-тиббий экспертиза¸ биологик экспертизалар бор. Буларнинг хулосаси ҳали чиққани йўқ. Булар дарров чиқадиган хулосалар эмас¸ вақт керак. Хулосалар чиққандан кейин¸ боланинг қасддан ўлдирилган-ўлдирилмагани¸ уни поезд урган-урмаганини аниқлай оламиз. Ҳали тергов ҳаракатимиз давом этаяпти¸ - деди Олтиариқ туман ички ишлар бўлими терговчиси Усмонали Мамаризаев.

Бу расмий¸ тергов жараëнига оид очиқлаш мумкин маълумотлар марҳуманинг яқинларига мунтазам шаклда берилаëтгани ва ишнинг якуний хулосалари нафақат Кибриëнинг оиласи¸ балки бутун жамоатчиликка эълон қилинишини билдирди.

XS
SM
MD
LG