Линклар

Шошилинч хабар
29 январ 2023, Тошкент вақти: 03:44

Ўзбекистон хабарлари

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда. Жўқорғи Кенгес раиси алмаштирилиши кутилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг сессиясида иштирок этиш учун Нукус шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда 26 август куни эрталаб президент расмий сайтида маълум қилинди.

“Кун уз” сайтининг ўз манбаларга таяниб хабар беришича, 26 август куни “Жўқорғи кенгес раҳбариятида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Хусусан, 2020 йил кузидан буён Кенгесга раислик қилиб келаётган Мурат Камалов ўрнига бошқа раис сайланиши мумкин”.

Бундан бир кун аввал 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари ортидан ишдан бўшатилган Қорақалпоғистоннинг собиқ ички ишлар вазири Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгес депутати этиб сайлангани хабар қилинган эди. У вазир лавозимидан озод қилинганидан бери Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг Экология ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

1-2 июль кунлари Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши Нукусда ўтказилган оммавий норозилик намойишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.

Нукус воқеалари мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида 2005 йил майидаги Андижон қатлиомидан кейин энг қонлиси бўлди.

Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.

Кун янгиликлари

“Кампиробод иши” бўйича ҳибсга олинганларнинг яқинлари Мирзиёевга мурожаат билан чиқишди

Шавкат Мирзиёев

“Кампиробод иши” бўйича ҳибсда тутиб турилганларнинг яқинлари шу кунда давлат ташрифи билан Бишкекда бўлиб турган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома билан чиқишган, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати. Мазкур мурожаат матни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилган.

Мурожаатнома муаллифларига кўра, Ўзбекистон президенти ҳибсга олинган сиёсатчи ва фаоллар ҳақида билиши лозим. Қўлга олинганлар яқинларининг иддаосича, “Кампиробод иши” доирасида ҳибсга тутиб турилганлардан ҳеч бири Қирғизистон барқарорлиги ҳамда чегараолди масалаларини ҳал этилиши учун таҳдид туғдирмайди.

“Бугунги кунда бу масала бўйича охирги нуқта қўйилган, бироқ бизнинг алам ва изтиробларимиз қачон тугаши ҳамда тутқунлар узоқ кутилган озодликка қачон чиқишлари маълум эмас. Қамоқхонада эркаклар билан бир қаторда олти нафар аёл ҳам ўтирибди, уларнинг энг ёши улуғи 72 га кирган. [...] Бу мурожаат билан биз сизга имзо чекканингиз келишув кўз ёшларимиз билан ювилганини эслатиб қўймоқчимиз”, дейилган қамоқдаги фаоллар яқинларининг мурожаатида.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан 27 январь куни Бишкекда бўлиб ўтган расмий учрашув чоғида Ўзбекистон билан делимитация жараёни тугаганини, бунинг тарихий воқеа бўлганини билдирган.

Ўтган йилнинг октябрь ойида қирғизстонлик ҳуқуқ-тартиботчилар “оммавий тартибсизликлар уюштиришга уринганлик” гумони билан 20 дан зиёд сиёсатчи ва фаолни қўлга олишган. Улар ўшандан буён ҳибсда тутиб турилибди. Маҳбусларнинг ўзларига кўра, уларга қарши жиноят иши “уйдирилган”. Улар ўзларининг Кампиробод сув омбори бўйича позициялари ҳамда сув омбор ҳимояси учун қўмита тузганлари қирғиз расмийларига ёқмаганини иддао қилишмоқда. Сиёсатчилар ва фаоллар қўлга олиниши бир қатор йирик ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан қораланган.

Адвокат Гуляна Убалиева 18 январь куни “Кампиробод иши”га Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги томонидан махфийлик белгиси қўйилганини маълум қилган. Бироқ ИИВ бу қарор юзасидан Озодликнинг қирғиз хизматига изоҳ беришдан бош тортган.

Президент Садир Жапаров “Кампиробод иши” фигурантларининг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ бераркан, “бугунги кунда ҳибсда бўлганларнинг 90 фоиздан кўпроғи чегара масаласи бўйича ёпиқ муҳокамаларда бир неча бор иштирок этганини айтиб, Кампиробод масаласи Қирғизистон фойдасига ҳал бўлганини қайд этган. Унинг фикрича, қўлга олинганлар “халқни қўзғатиб”, “давлат тўнтариши” уюштиришга ҳаракат қилишган.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида стратегик шерикликка оид декларация имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан, Бишкек, 2023 йил 27 январи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан 27 январь куни Бишкекда икки томонлама муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекишган. Мазкур ҳужжатга Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган олий даражадаги музокаралар якунида қўл қўйилган.

Ўзбекистон президенти икки кунлик давлат ташрифини амалга ошириш учун 26 январь куни Қирғизистон пойтахтига учиб боргани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Пайшанба куни Мирзиёев Бишкек четидаги “Ата-Бейит” миллий тарихий-ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, 1916 йилги фожиали воқеаларнинг қурбонлари хотирасига бағишланган “Уркун” ёдгорлигига гул қўйиш маросимида иштирок этган.

27 январь куни эса Бишкекдаги “Ала-Арча” қароргоҳида Ўзбекистон президентини кутиб олиш бўйича расмий маросим ўтказилган. Маросимдан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаровнинг аввал тор доирадаги музокаралари, кейин эса икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари, қатор вазирлик ва вилоятлари раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказилган.

Музокаралар чоғида томонлар ўзаро стратегик шерикликни чуқурлаштириш борасида биргаликда ишлашга қатъий интилишини билдирганлар, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик каби масалаларга урғу берилган.

Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтган. Маросимда стратегик шерикликка оид декларациядан ташқари давлат раҳбарлари ҳузурида давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро 25 та ҳужжат алмашилган. Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённома, Қирғизистонда автомобиль ва тижорат техникасини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим, Стратегик савдо-иқтисодий шериклик тўғрисида 2023-2025 йилларга мўлжалланган дастур, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги битимга баённома, Чегараолди вилоятлар раҳбарлари кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги меморандумга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома кабилар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, вазирлик ва идоралар ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, божхона, саноатнинг устувор йўналишларини ривожлантириш, инновациялар ва илмий тадқиқотлар, ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида битимлар, шунингдек, Дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш режаси имзоланган ҳамда Жиззах ва Иссиқкўл, Андижон ва Ўш, Фарғона ва Боткен, Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2023-2025 йилларга мўлжалланган комплекс дастурларга қўл қўйилган.

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга ташрифи бугун, яъни 27 январь куни ниҳоясига етади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар кенгаши депутати ваколатини топширди

Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев муддатидан аввал шаҳар кенгаши депутати ваколатларини топширган. Бунга оид қарор шаҳар кенгаши томонидан 27 январь куни қабул қилинган. Бу ҳақда Газета.uz нашри бир-биридан мустақил икки манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ортиқхўжаев 2020 йил январида 48-округдан Тошкент шаҳар кенгашига депутат бўлиб, кейин эса беш йилга сенатор бўлиб сайланган. Унинг депутатлик ваколати 2025 йил январида тугаши керак эди.

Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, кенгаш депутати ва сенатор ўз ваколати тугагунича дахлсизлик мақомига эга бўлади.

Тошкент шаҳрини 2018 йилдан бери бошқариб келган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январь президент Шавкат Мирзиёев ўтказган энергия таъминотига доир йиғилишда ҳокимлик лавозимидан бўшатилган эди. Бунга пойтахт ҳокимининг “вазиятга олдиндан баҳо бериб, қиш мавсумига лозим даражада тайёргарлик кўрмагани” сабаб қилиб кўрсатилган.

Тошкент шаҳар кенгаши депутати сифатида ваколатини топширган Ортиқхўжаевда айни пайтда сенаторлик ваколатлари сақланиб қолмоқда.

Хўжайлида газ чақнаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги Солиқ инспекцияси ошхонасида газ чақнаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, воқеа 25 январь куни бўлиб ўтган. Газ чақнаши оқибатида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган. Икки киши эса тан жароҳатлари билан туман касалхонасига ётқизилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон ИИВ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ 26 январь куни Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги “Ал Хоразмий” кўчасидаги хонадонлардан бирида газ портлаши оқибатида бир киши тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.

13 январь куни соат Наманган тумани “Наврўз” маҳалласида газ портлаб, 30 ёшли она ва 8 ёшли бола куйгани ва касалхонага ётқизилгани билдирилган.

Ўзбекистонга 2022 йилда деярли 17 миллиард доллар пул жўнатилди

Ўзбекистонга 2022 йилда хориждан 16 миллиард 900 миллион доллар пул жўнатилди. Бу 2021 йилдагига нисбатан пул жўнатмалари ҳажми 2,1 даражага ошганини англатади. Бу ҳақда 26 январь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуротов маълум қилди.

Расмийнинг айтишича, жўнатилган пулларнинг 85 фоизи ёки 14, миллиард доллари Россия ҳиссасига тўғри келади. Россиядан жўнатилган пул ҳажми 2021 йилга нисбатан 2,6 баробарга ошган.

Мамаризо Нурмуротовга кўра, 2022 йилда валюта операциялари ҳам кўпайган. Масалан, банклар аҳолидан 11,9 миллиард доллар сотиб олган. Аҳоли банклардан 8,9 миллиард доллар сотиб олган. 2021 йилда эса бу кўрсаткич 4,3 миллиард долларни ташкил қилган эди.

Ўзбекистондан бошқа давлатларга пул ўтказмалари эса 2 миллиард 900 миллион долларни ташкил қилди. Бу 2021 йилдагидан 400 миллион долларга кўпдир.

Нормуротов Ўзбекистондан пул асосан Туркия, Хитой, АҚШ ва Ҳиндистонга жўнатилганини таъкидлади.

Мирзиёев давлат ташрифини амалга ошириш учун Бишкекка учиб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қирғизистонлик ҳамкасби Садир Жапаровнинг таклифига биноан 26 январь куни давлат ташрифи билан Бишкекка жўнаб кетди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки президент ўртасида бўлиб ўтажак музокараларда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдони кўпайтириш, саноат кооперациясини қўллаб-қувватлаш ва минтақавий инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Музокаралар ортидан икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилиниши кўзда тутилган.

Аввалроқ Мирзиёевнинг Қирғизистонга сафари икки кун (26-27 январь кунлари) давом этиши хабар қилинган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Мирзиёев ва Жапаров ўзбек-қирғиз чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома ҳамда Андижон (Кампиробод) сув омборининг сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги битимни ратификация қилишга оид қонунларни имзолашган эди.

Мазкур қонунлар борасидаги турли талқинлар олдинроқ Қирғизистондаги фуқаролик жамияти вакиллари орасида норозилик кайфиятини уйғотган. Бунинг ортидан Қирғизистонда 26 нафар сиёсатчи ва фаолни “оммавий тартибсизликлар уюштиришга ҳозирлик” гумони билан ҳибсга олинган эди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида 1,6 млрд долларлик шартномалар имзоланди

Бишкекда бўлиб ўтган “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форумидан лавҳа, 2023 йил 23 январи

Жорий йилнинг 26 январь куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган “Қирғизистон – Ўзбекистон” бизнес-форуми якунлари бўйича икки мамлакатлар вакиллари ўртасида умумий қиймати 1,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган муҳим келишувлар имзоланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, имзоланган келишувлар кимё, электротехника, автомобилсозлик, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар қамраб олади.

Бизнес-форумда икки мамлакат ҳукуматлари аъзолари, тегишли вазирлик, идоралар, тармоқ бирлашмалари, ҳудудий маъмуриятлар раҳбарлари, ишбилармон доираларининг 350 дан ортиқ вакили иштирок этган.

Анжуманда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида товар айирбошлаш ва иқтисодий ҳамкорлик яқин келажакда 2 миллиард долларлик маррадан ошиши учун етарли салоҳиятга эгалиги, бунга эса, бошқа чоралар билан бир қаторда, цемент, кўмир, рангли металл, қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, маиший ва савдо ускуналари, фармацевтика маҳсулотлари ўзаро етказиб беришни кўпайтириш эвазига эришиш мумкинлиги урғуланган.

Форум давомида ҳудудлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистоннинг чегараолди вилоятлари ҳокимлари ва Қирғизистон ҳукуматининг чегараолди вилоятлардаги ваколатли вакиллари кенгашининг ташкил этилиши, шунингдек, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида қардошлик муносабатлари ўрнатилгани туфайли кейинги 3 йил ичида бу ҳудудлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошгани қайд этилган.

Бизнес-форум Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида уюштирилган.

Президент Ўзбекистонда камбағаллар сони бир йилда уч фоизга озайганини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев 25 январь куни ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушганини айтди.

Президентга кўра, камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилган. Йиғилишда камбағалликнинг қисқаришига ҳоким ёрдамчилари 1 миллион кишини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани омил бўлгани қайд этилди.

Мирзиёевнинг айтишича, 2022 йилда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланди.

Ўтган йилнинг май ойида Жаҳон банки Ўзбекистонга оид ҳисоботини эълон қилган эди. Мазкур ҳисоботда 2018 йилга келиб Ўзбекистонда қашшоқликнинг энг паст даражаси бартараф этилгани эътироф этилган.

Ҳисоботда Ўзбекистон аҳолисининг 9,5 фоизи ўртача қашшоқлик даражасида қолаётгани таъкидланади.

Айни пайтда аҳоли жон бошига даромад жиҳатидан Ўзбекистонга тенглаштириладиган давлатларда қашшоқликнинг паст даражаси 3,3 фоизни ташкил қилмоқда.

Энергетика вазирлиги “Газпром” билан имзоланган “йўл харитаси” бўйича тушунтириш берди

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Россиянинг “Газпром” компанияси ўртасида газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича 24 январь куни имзоланган “йўл харитаси” мамлакат мустақиллигига ҳеч қанақа таҳдид солмайди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги томонидан 25 январь куни тарқатилган баёнотда билдирилган.

Вазирлик матбуот хизмати қайдича, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов билан “Газпром” раҳбари Алексей Миллер ўртасида ўтказилган музокаралар чоғида Россиядан Ўзбекистонга табиий газ етказиб беришнинг техник имкониятлари муҳокама қилинган.

Имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ, томонлар ўртасида тузилган ишчи гуруҳ Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи “Ўрта Осиё – Марказ” газ қувури орқали газ транзитини амалга ошириш учун зарур бўладиган техник чора-тадбирларни ва ўрганишни келишиб олинган.

Шуни алоҳида таъкидаш лозимки, олиб борилган музокаралар ҳамда “йўл харитаси”да Ўзбекистон Республикасининг мавжуд газ транспорти тизимига эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаган ҳолда ички бозорга табиий газ зарур миқдорларда етказиб бериш мақсад қилинган. Бунда газ транспорт тизимининг кимгадир берилиши ёки суверенитетимизга қандайдир таҳдид умуман йўқ”, дейилган Энергетика вазирлиги баёнотида.

Вазирлик томонидан берилган ваъдага кўра, “келгусида ушбу йўналишдаги барча ишлар Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилган ҳолда амалга оширилиб, натижалари юзасидан доимий равишда жамоатчиликка маълум қилиб борилади”.

Аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Энергетика вазирлиги ва “Газпром” ўртасида имзоланган “йўл харитаси” мазмунини очиқлаш чақириғи билан чиққан эди. У мазкур ҳужжат мазмунининг очиқланмаётгани Ўзбекистон энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган "Газ иттифоқи" лойиҳаси томон қўйилган қадам сифатида талқин қилинаётгани ва бу ҳолат ўзбек жамоатчилиги орасида турли саволларни пайдо қилаётганини қайд этган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузишга қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бу эса жамоатчилик орасида “Россия Ўзбекистондаги газ тизими назоратини тўлалигига ўз қўлига олиб, шу орқали Тошкентга сиёсий босим ўтказишга уринмоқда” қабилидаги талқинлар урчишига сабаб бўлган эди.

Ўша пайтда энергетика вазири Мирзамаҳмудов Ўзбекистон газ эвазига сиёсий шартларга кўнмаслиги, Россия билан газ етказиб беришга оид шартнома эса, агар шундай шартнома тузилгудек бўлса, ҳали иттифоқ тузилишини англатмаслигини урғулаганди.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияни газдан сиёсий босим ва шантаж воситаси ўлароқ фойдаланаётганликда айблаб келишади. Кремль бу айбловларни рад этган.

“Юксалиш” раиси Энергетика вазирлигидан “Газпром” билан имзоланган “йўл харитаси” мазмунини очиқлашни сўради

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов Ўзбекистон Энергетика вазирлигини газга оид ҳамкорлик бўйича Россиянинг “Газпром” ширкати билан имзоланган “йўл харитаси” мазмунини очиқлашга чақирди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов куни кеча “Газпром” раҳбари Алексей Миллер билан газ соҳасидаги ҳамкорликка оид “йўл харитаси”ни имзолагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. “Газпром” матбуот хизмати мазкур ҳужжат мазмунига доир тафсилотларни ошкор қилмаётгани ўзбек жамоатчилиги ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларида турли саволларни уйғотган.

“Йўл харитаси”нинг имзоланиши Ўзбекистон энергетика тизими мустақиллигига таҳдид дея қаралаётган "Газ иттифоқи" лойиҳаси томон қадам сифатида талқин қилинаётганига эътибор қаратган Бекмуродов мазкур ҳужжат ҳуқуқий жиҳатдан томонларга ҳеч қандай мажбурият юкламаслигини урғулаган.

Шунга қарамай, у Энергетика вазирлиги "Йўл харитаси"нинг умумий мазмуни ҳақида жамоатчиликка хабар бериши лозим, деб ҳисоблашини билдирган.

“Юксалиш” раиси телеграм-каналидаги ўз постида ўтган декабрь ойида энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг: "Биз газ ва электр энергиясини қандайдир альянс ёки иттифоқ орқали эмас, балки қўшни давлатлардан импорт қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз", деган жумласини эслатган ва бу баёнот Тошкентнинг газ борасидаги қатъий позицияси бўлганини таъкидлаган.

“Миллий манфаатларимиз учун бу энг тўғри позиция эканлигини таъкидлаган ҳолда, Ҳукуматнинг энергетик инқирозни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай хавфларни олдини олишга қаратилган қўшимча дипломатик ва амалий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш лозимлигини билдирамиз”, деб ёзган Бобур Бекмуродов.

Айрим заправкаларда АИ-80 бензини юқорироқ сифатли бензин ўрнида сотилаётани аниқланди

Ўзбекистондаги айрим ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 маркали бензинни АИ-91 ёки АИ-92 маркаси остида сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай ҳолатлар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган.

Бу каби қонунбузарликлар Самарқанд вилоятидаги Triada ekspress servis МЧЖ, Turop Godir МЧЖ ва Muxammad neft oil МЧЖ ҳамда Сирдарё вилотидаги SAID AGSM TEX SERVIS МЧЖ, Bekzod-5 МЧЖ, Murod Maqsad Trans МЧЖ, LUX PETROL МЧЖ заправкалари ва бошқа шохобчаларда кузатилган.

“Ёнилғи қуйиш шохобчалари фаолиятини ўрганиш натижаларига кўра, бензинни нотўғри сотиш, шунингдек, истеъмолчиларга тўлиқ ҳажмларда қуйиб бермаслик натижасида етказилган зарар миқдори қарийб 489 миллион сўмни ташкил этди”, дейилган Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги хабарномасида.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси АИ-80 маркали бензин сотилишини тизимли ўрганиш жараёнида, йил бошидан буён биржа савдолари орқали ўртача 20 тонна, жами 5,2 минг тонна нефть маҳсулотлари харид қилинганига қарамай, 241 та ёнилғи қуйиш шохобчаларида истеъмолчиларга бензин сотилмаганини аниқлаган. Бу эса сунъий ажиотаж ҳолати вужудга келишига сабаб бўлган.

“Ўрганишлар натижалари бўйича материаллар зарур чоралар кўрилиши учун Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясига тақдим этилди”, дейилган агентлик хабарномасида.

Ўзбекистонда вазирлик ва идоралар ходимларининг 24 фоизи қисқартирилмоқда

Президент 25 январда имзолаган “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон асосида вазирлик ва идораларда жами 17 447та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилади. Бу вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган ходимлар умумий сонининг 24 фоизини ташкил қилади.

Фармонга асосан вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача ёки 30 фоизга қисқартирилмоқда. 703 та автотранспорт ва 10 та бино бўшамоқда.

Фармонга берилган шарҳда қайд этилишича, ходимларни қисқартириш натижасида бюджетдан 1,5 триллион сўм, автотранспортни қисқартириш ҳисобига 70 миллиард сўм маблағ тежаб қолинади.

Вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар этиб белгиланмоқда.

Фарғонада хомиладор аёл эрининг “Матизи”да ўзига ўт қўйди

Иллюстратив сурат.

Фарғонада 24 январь куни тахминан соат 19 ларда 1987 йилда туғилган М.Х., шаръий никохдаги эри М.У.,нинг “Матиз”ида ўзига ўт қўйиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура 25 январда маълум қилди.

Хабарда айтилишича, М.У., хотини М.Х.,ни касалхонадан уйига олиб кетаётган бўлган. М.Х., автомашинада эрини рашк қилиши оқибатида даҳанаки жанжал чиққан. Шундан сўнг М.Х., эри “Нефтчи” стадиони олдида тўхтатган “Матиз” ичига ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги бензинни сепиб, ўт қўйиб юборган. М.У., машинадан қочиб чиқишга улгурган.

“Чақирувга асосан ҳодиса жойига етиб келган Фарғона вилояти Фавқулотда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан ёнғин тезкорлик билан ўчирилиб, тез-тиббий ёрдам бўлими ходимлари томонидан автомашина салонида бўлган марҳума М.Х.нинг ёнғин натижасида туғилган ўғил жинсли чақалоғини ҳаёти сақлаб қолинган. Бироқ, шифокорлар томонидан кўрсатилган зарур тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқ шифохонада вафот этган”, дейилади расмий билдирувда.

Бош прокуратурага кўра, мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “б” банди (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорига айланди

Статистика қўмитаси инфографикаси.

Россия 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида биринчи ўринни эгаллади. Статистика қўмитасининг билдиришича, 2022 йилда Россия билан савдо айланмаси 22,9 фоизга ошди ва 9 миллиард 279 миллион 700 минг долларни ташкил этди.

Россияга экспорт ҳажми 46,8 фоизга кўпайиб, 3,07 миллиард доллар бўлди. Импорт эса 13,7 фоизга ошиб, 6,2 миллиард долларга етди.

Хитой Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида 8 миллиард 923 миллиард 800 минг доллар улуш билан иккинчи ўринни эгаллади. Унинг 2,5 миллиард долларини экспорт, 6,4 миллиард долларини импорт ташкил қилган.

Ўзбекистоннинг 2022 йилдаги асосий савдо ҳамкорлари бешлигидаги кейинги ўринларни Қозоғистон (4,6 миллиард доллар), Туркия (3,22 миллиард доллар) ва Жанубий Корея (2,3 миллиард доллар) эгаллади.

Ўзбекистоннинг ўтган йилдаги умумий ташқи савдо айланмаси 50 миллиард доллардан ошган. Унинг 19 миллиард 309 миллиони экспорт, 30 миллиард 699 миллиони эса импорт ҳиссасига тўғри келади

Энергетика вазирлиги “Газпром” билан газ соҳасидаги ҳамкорлик бўйича “йўл харитаси”ни имзолади

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россиянинг “Газпром” концерни билан газ соҳасидаги ҳамкорликка оид “йўл харитаси”ни имзолашган.

Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Россия томонидан эса “Газпром” раҳбари Алексей Миллер қўйган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган “Газпром” ширкатининг матбуот хизмати учрашувда томонлар бошқа долзарб масалалар ва ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиққанини билдирган, бироқ бунга оид бошқа тафсилотларни очиқлаган эмас.

Аввалроқ Озодлик Остона билан Москва қозоқ газини Оренбург газни қайта ишлаш заводида газни қайта ишлаш ҳамда Россия газини Қозоғистонга етказиб бериш масалалари юзасидан “йўл харитаси”ни имзолашгани ҳақида хабар қилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “газ иттифоқи” тузишга қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди.

Ўшанда энергетика вазири Мирзамаҳмудов Ўзбекистон газ эвазига сиёсий шартларга кўнмаслиги, Россия билан газ етказиб беришга оид шартнома эса, агар шундай шартнома тузилгудек бўлса, ҳали иттифоқ тузилишини англатмаслигини қайд этган эди.

Қозоғистон ҳукумати январь ойи бошида Москвадан Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида “газ иттифоқи” тузиш юзасидан расмий таклиф олмаганини билдирган, айни пайтда Россиядан газ импорт қилишга оид шартнома бўйича музокаралар олиб борилаётганини очиқлаган.

Европа Иттифоқи мамлакатлари Россияни газдан сиёсий босим ва шантаж воситаси ўлароқ фойдаланаётганликда айблаб келишади. Кремль бу айбловларни рад этган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG