Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:14

Нукус воқеаларида айбланган 107 киши қамоқдан чиқди-амнистия ҳақида сўз бормаяпти


Нукус, Қорақалпоғистон. 1 июль, 2022 йил.
Нукус, Қорақалпоғистон. 1 июль, 2022 йил.

1 ноябрь куни Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларда айбланганлардан яна 35 нафари қамоқдан уйларига қайтгани маълум қилинди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси инсон ҳуқуқлари бўйича вакили матбуот хизматининг хабарида айтилишича, мазкур шахслар Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликларда айбланиб, ҳибсга олинган шахслар бўлиб, улар воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия таклифи ва Жўқорғи Кенгес илтимосномасига кўра ҳибсдан озод қилинган.

Шу тариқа тартибсизликларга алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган ва ҳибсдан озод қилинганлар сони 107 кишига етган.

Айни пайтда озод қилинган шахсларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг натижалари бўйича маълумотлар берилмаган.

Қорақалпоқ ёзувчиси: Одамлар норози бўлмаса кўчага чиқмайди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:15 0:00

Амнистия йўқ

Расмий хабарда тартибсизликларда айбланганларнинг "уйига, оиласи бағрига қайтарилгани" ҳақида сўз боради холос.

Ҳибсдан озод қилиш маҳбусларнинг "пушаймонлиги", оилавий шароити ва "жамоат кафиллиги" асосида амалган оширилган.

Олдинроқ қорақалпоғистонлик қонун чиқарувчилар президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаб, "адашиб тартибсизликларга қўшилиб қолган" ёшларни афв этишни сўрашганди.

Айбланганларнинг исми сир қолишини сўраган адвокатларидан бири Озодликка "конституциявий тузумга тажовуз", "оммавий тартибсизликлар уюштириш" сингари жиддий айбловлар билан тергов қилинаётган шахсларни амнистия ёки реабилитация қилишга оид қарорлар ҳозирча қабул қилинмагинини айтди.

“Уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чоралари ўзгартирилган, холос. Уларнинг қилмиши кейинги тергов ва суд жараёнларида баҳоланади ва тегишли тартибда уларнинг айбли-айбсизлик масаласи ўрганилади”, дейди адвокат.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизматига кўра, Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари даврида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда 243 киши яраланган, 516 киши қўлга олинган.

Қорақалпоқларни жунбушга келтирган янги Конституция лойиҳаси

Қорақалпоғистондаги норозилик намойишлари келиб чиқишига сабаб сифатида кўрилаётган янги Конституция лойиҳаси шу йилнинг 25 июнь куни умумхалқ муҳокамасига қўйилган.

Амалдаги Конституциянинг 70-моддасида ёзилишича, "Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади". Бироқ янги таҳрирдаги Конституцияда Қорақалпоғистон суверенлик мақомини йўқотиши кўзда тутилганди.

Янги таҳрирда Қорақалпоғистон Республикасининг мақоми "Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади"га ўзгартирилган.

Шунингдек, янги Конституция лойиҳасидан 74-модданинг "Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга" банди олиб ташланиши таклиф қилинган.

Намойишлар бошланган 2 июлга ўтар кечаси президент Шавкат Мирзиёев Нукусга учиб борди. Жўқорғи Кенгес депутатлари ва қорақалпоқ фаоллари билан учрашган президент Конституцияда Қорақалпоғистоннинг мақомини ўзгартириш ташаббуси айнан шу республика фаоллари томонидан таклиф қилингани ва Кенгесда тасдиқлашганини таъкидлади.

Шунингдек, қорақалпоқ халқининг бундай ислоҳотдан норозилиги ҳақида Ўзбекистон раҳбарини огоҳ қилмаганини айтиб, раҳбарият ва депутатларга танбеҳ берди. "Қорақалпоқ халқи норози бўлса, бирорта модда ҳеч қачон ўзгармайди", — деган эди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарори билан янги Конституция лойиҳасидаги Қорақалпоғистонга оид барча ўзгаришлар олиб ташланди.

Қорақалпоғистондаги намойишларни бостиришга жалб қилинган Миллий гвардия расмийлари намойишчиларга қарши махсус воситалар қўлланилганини тан олишган, аммо ўқотар қуроллардан ўт очилгани ҳақидаги иддаоларни рад этганлар.

Президент Шавкат Мирзиёев воқеалар юзасидан ҳар томонлама текширув ўтказилиши, жумладан, куч тузилмаларининг қанчалик мутаносиб куч қўллагани ҳам текширилишини айтган.

АҚШ, Европа ва ШҲТга аъзо мамлакатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватловчи баёнотлар билан чиққан.

ДХХ Олмаотада қорақалпоқ фаолларини ушлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:49 0:00

Ҳибсга олишлар

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон "мустақиллиги"ни дастакловчи айирмачи гуруҳларнинг иддаосича, мавжуд қонунлардан келиб чиқиб, ўз ҳуқуқлари доирасида норозиликка чиққан қорақалпоқларга нисбатан Ўзбекистон ҳукумати номутаносиб куч ишлатган.

Ўзбекистон расмийлари қорақалпоқ фаолларига таяниб тарқатилган ўлган ва яраланганлар сони расмий рақамлардан бир неча баробар кўплиги, шунингдек, ҳибсга олинганлар тергов даврида қийноққа солингани ҳақидаги иддаоларни рад этишган.

Ўтган ой Қозоғистондаги қорақалпоқлар диаспораси вакиллари Олмаотадаги тиббий марказда врач-кардиолог бўлиб ишлаб келган Райса Ҳудайбергенова хавфсизлик ходимлари томонидан иш жойидан ушлаб кетилганини айтишган.

Бундан олдин қорақалпоғистонлик Қўшқарбай Тўремуратов ва Жангелди Жаксимбетовлар ушлаб кетилгани хабар қилинган.

Қўшқарбай Тўремуратовнинг рафиқаси Қалия Мангибаева Озодлик билан суҳбатда эрига Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси - “Конституциявий тузумга тажовуз” (159-модда) ва “Жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш” (244-модда) бўйича айблов қўйилганини айтган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қорақалпоғистонлик фаолларнинг ҳибсга олинганини ҳануз изоҳлагани йўқ.

Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги ҳам Озодликнинг ёзма сўровини жавобсиз қолдирди.

Мирзиёевнинг режалари

Қорақалпоғистондаги воқеалар нафақат янги Конституция матни, балки Мирзиёев ҳукуматининг референдум ўтказиш режаларига ҳам жиддий ўзгартиш киритди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 15 июлда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бу билан муддат уч марта ўзгартирилди.

Мирзиёевни курсида қолдириш кампаниясига старт берилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:09 0:00

Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган ва унинг умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июнь куни содир этилган Нукус воқеалари ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга узайтирган эди.

Шу йилнинг 7 октябрь куни Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 6 октябрда бўлиб ўтган йиғилишда сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев “Конституцияга ўзгартиришлар киритишда шошилишнинг ҳожати йўқлиги”ни яна бир бор таъкидлади.

“Одамларимиз бу менинг конституциям деб қабул қилиши учун керак бўлса яна бир марта халқ билан маслаҳатлашамиз. Нимага десангиз 150 мингта таклиф юборган одамларга бу таклиф ўринли ёки ўринсиз, буни қабул қиламиз, бунисини эса қабул қилмаймиз, нимага қабул қиламиз ва нима учун қабул қилмаймиз деб жавоб бериш керак. Шундай замон келибди, менинг фикримни ҳам эшитишибди деган фикр бўлади. Шу боис шошилмаслик тўғри бўлади”, деб президент сўзларидан иқтибос келтирди “Кун уз”.

Ҳозиргача расмий санаси эълон қилинмаган референдум президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.

Танқидчиларга кўра, амалда бу 65 ёшли Шавкат Мирзиёевнинг умрбод президентликда қолишини англатади.

Форум

XS
SM
MD
LG