Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:56

Устига қайноқ компот тўкилган боғча ошпази касалхонада вафот этди


Нукус шаҳри. Марҳум ошпаз Гулчеҳра Раимова сўнгги йўлга шу кўпқаватли уйдаги хонадонидан кузатилди. 2019, 19 март.
Нукус шаҳри. Марҳум ошпаз Гулчеҳра Раимова сўнгги йўлга шу кўпқаватли уйдаги хонадонидан кузатилди. 2019, 19 март.

19 март куни Нукус шаҳар Шошилинч тез тиббий ёрдам касалхонасида болалар боғчаси ошпази Гулчеҳра Раимова бундан бир ҳафта олдин олган куйиш жароҳатидан вафот этди.

Гулчеҳра, ҳамкасбларининг айтишича, 12 март, сешанба куни иш жойи – Нукусдаги 27- болалар боғчасининг ошхонасида устига қайнаётган компот тўкилиб, куйган. Бу воқеада бошқа бир ошпаз аёл ҳам куйган.

Нукус шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбарияти икки ошпаз аёлнинг боғча ошхонасида куйганини рад этди.

Гулчеҳра Раимовани даволаган врач марҳумнинг укаси унга опаси уйда куйганини айтганини билдирди.

Устига қайноқ компот тўкилган боғча ошпази касалхонада вафот этди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:15 0:00
Бевосита линк

Икки фарзанднинг онаси, 36 яшар Гулчеҳра Раимованинг 19 март тонгида вафот этгани, марҳума ўз ҳамкасби 42 яшар Гулбарчин Хўжалипесова билан бирга иш жойида - 27- болалар боғчасининг ошхонасида 12 март куни куйиб қолгани тўғрисида Нукусдаги бошқа боғчада ишлайдиган аёл исми айтилмаслиги шарти билан хабар қилди.

Воқеа тўғрисида Озодликка хабар бераётганини изоҳлар экан, аёл “27- боғчадаги вазиятни биламан, ошпазлар иш жойида куйганини босди-босди қилиб юборишлари мумкинлигидан ташвишланаяпман”, деди.

Нукус шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбарияти вакили дастлаб ошпаз аёлнинг вафот этганидан хабардорлигини билдириш билан чекланди. Воқеа иш жойида бўлгани айтилаётганини эшитганидан сўнг “Агар иш жойида бўлган бўлса, мен билишим керак эди”, деди ва воқеани ўрганишга ваъда берди.

Кейинги мулоқот чоғида мулозима “менга аёлнинг ўз уйида куйганини айтишди”, деди. Боғча мудираси телефон қўнғироқларига жавоб бермаётганини мулозима у марҳуманинг хонадонида эканлиги билан изоҳлади.

Марҳум Гулчеҳра Раимованинг иш берувчиси - 27- боғчани озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминловчи аутсорсинг компания раҳбари ҳам кун давомида телефон қўнғироқларига жавоб бермади.

Нукус шаҳар Шошилинч тез тиббий ёрдам касалхонасининг Куйиш жароҳатлари бўлими врачига кўра, Гулчеҳра Раимова касалхонага 12 март куни эрталаб соат 9 ларда танасининг 35%и куйиши оқибатида тушган, даволаш жараёнида куйишдан заҳарланишдан ташқари “пневмонияси ушлаб қолиб, интубация қилди”, сўнгги икки суткада комада бўлди ва 19 март эрталаб жони узилди.

Врачнинг айтишича, Гулчеҳра Раимова унга ўз уйида компот қайнатаётиб куйганини айтган. Худди шундай гапни унга Гулчеҳранинг укаси ҳам айтганини айтди врач. “Уйда шу қадар куйиб қоладиган даражада компот қайнатадиларми, деб ҳайрон ҳам бўлдим”, деди врач.

Куйиш жароҳатлари бўлими врачи 13 март, эрталаб соат 10 дан 5 минут ўтганда 1977 йилда туғилган Гулбарчин Хўжалипесова ҳам касалхонага куйиш жароҳати билан келганини, у Гулчеҳра Раимова билан бирга куйганини айтганини билдирди. Врачга кўра, Гулбарчин танасининг 6% и куйган, шундан 2%и чуқур куйиш жароҳати эди.

Хўш, Гулчеҳра Раимова ва Гулбарчин Хўжалипесова уйда куйганми ёки иш жойида куйганми?

Бу саволга жавоб топиш жараёнида Гулбарчин Хўжалипесова билан ҳам, Гулчеҳра Раимованинг аза тутаётган яқинлари билан ҳам боғлана олмадик. Бироқ 27- боғчанинг уч ходимаси билан боғландик.

Исми айтилмаслиги шарти билан гапирган ходималарнинг биринчиси ўша куни ишда бўлмаганини, бироқ ошпаз аёллар боғчанинг ошхонасида куйганини унга бошқа ҳамкасблари айтганини билдирди.

Иккинчи ходима воқеа юз берган кун – 12 мартда иш жойида бўлгани, бироқ иши ошхонага кириш билан боғлиқ бўлмагани учун ошпаз аёлларнинг куйганини ўз кўзи кўрмаганини айтаркан, шундай воқеа бўлганига далил бўла оладиган бир неча детални айтиб берди. Озодлик ходиманинг кимлигини сир сақлаш учун у айтган деталларни келтира олмайди.

Гулчеҳра Раимова билан Гулбарчин Хўжалипесова ўзаро қариндошми, деган саволга иккала ходима ҳам "йўқ" деди.

Айтилишича, 12 март куни эрталаб боғчага "Тез ёрдам" ҳам чақирилган, бироқ у етиб келгунча, куйган аёл касалхонага таксида етказилган ва тиббиёт машинаси қуруқ қайтиб кетган.

Озодлик Нукус шаҳар "Тез ёрдам" станциясига 12 март, эрталаб соат 8.47 да болалар боғчасидан Гулчеҳра исмли аёл учун чақирув тушганини аниқлади. Станция ходимининг билдиришича, "Тез ёрдам" машинаси бориб, "натижасиз қайтган".

Ва ниҳоят, Озодлик мухбири 27- боғча тиббий хизматчиси билан боғланди. Ҳамшира саволни эшитгач, алоқани узиб қўйди.

Ошпаз аёл Гулчеҳра Раимова 19 март куни дафн этилди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида ходимга етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги қатор моддаларда белгилаб қўйилган.

XS
SM
MD
LG