Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 12:51

Қирғизистондаги яна бир ҳудудда ароқ сотиш тақиқланди


Қишлоқ ҳукумати ҳудудидаги дўконлардан сотиб олинган ароқ-вино енгил юк машиналарига ортилиб, чиқинди полигонида йўқ қилинди.
Қишлоқ ҳукумати ҳудудидаги дўконлардан сотиб олинган ароқ-вино енгил юк машиналарига ортилиб, чиқинди полигонида йўқ қилинди.

Жорий ҳафтада Қирғизистоннинг жанубий пойтахти – Ўш шаҳри таркибига кирувчи Жапалақ қишлоқ ҳукумати ҳудудида спиртли ичимликлар савдоси тақиқланди.

Бу ҳақдаги хабарларда 2017 йил Қирғизистонда “Иймон ва маданият йили”, деб эълон қилингани муносабати билан ароқ-вино савдосини тақиқлаш ташаббусининг маҳаллий ёшлардан чиққани айтилди. Бироқ кузатувчилар фикрича, бу масалада асосий таъсир ўтказувчи куч имомлардир.

Жапалақ қишлоғи кейинги йилларда спиртли ичимликлар савдоси тақиқланган ягона қишлоқ эмас.

Йиғилиш...

Жапалақда ароқ-вино савдосини тақиқлаш ташаббуси ёшлардан чиққани айтилгани билан, асосан, катта ёшдаги жапалақликлар қатнашган йиғилишда, маҳаллий “Ўшпирим” телестанциясига кўра, Жапалақ қишлоғи Оқсоқоллар суди, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўш шаҳри қозияти (мусулмонлар идораси) вакиллари, участка нозири, Ўш шаҳар депутати ҳозир бўлган.

Маҳаллий фаоллардан бири Талантбек Қадировнинг айтишича,“ароқхўрлик ҳозирча ёрилмаган ярадир, уни даволаш ҳақида ўйланилмаса, давосиз дардга айланиб кетиши мумкин”.

Қишлоқ фаолига кўра, “спиртли ичимликларни сотишни тақиқлаш ташаббусини маҳаллий тадбиркорлар, имомлар, намозхонлар, қишлоқ ҳукумати, депутатлар, шаҳар ҳокимлиги, шахсан Ўш шаҳар ҳокими қўллаб-қувватлаган”.

...ароқ сотганларни жаримага тортишга қарор қилди

Йиғилиш иштирокчилари бундан буён қишлоқ ҳукумати ҳудудида спиртли ичимликлар сотганларга 5 минг сўмдан 50 минг сўмгача (1USD=70KGS) жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Жапалақ қишлоқ ҳукумати раиси Санжар Эшмановнинг журналистларга айтишича, жамоатчилик вакилларидан тузиладиган комиссия аъзолари ҳар бир дўконда қарор ижросини назоратга олади.

Маҳаллий журналистларнинг йиғилишдан тайёрлаган репортажида айтилишича, қишлоқ ҳукумати мазкур қарорга қонун мақомини бериш учун унинг лойиҳасини Ўш шаҳар кенгаши (маҳаллий парламент)га тақдим этади. (Жапалақ қишлоқ ҳукумати Ўш шаҳри таркибига киради.

...ва сотиб олинган 3 машина ароқни чиқинди полигонига тўкди

Қишлоқ ҳукумати ҳудудидаги 6 та қишлоқ магазинларидан жами баҳоси тақрибан 300 минг сўмни ташкил қилган спиртли ичимликлар сотиб олинган ва 3 та енгил юк машинасида шаҳарнинг чиқинди полигонига олиб борилиб, йўқ қилинган.

Айтилишича, ароқ-винони сотиб олиш учун маблағ маҳаллий тадбиркорлардан, аҳолидан йиғилган.

Жапалақликлар қарори ҳозирча қонун эмас

Маҳаллий журналистларнинг йиғилишдан тайёрлаган репортажида айтилишича, қишлоқ ҳукумати мазкур қарорга қонун мақомини бериш учун унинг лойиҳасини кўриб чиқиш учун Ўш шаҳар кенгаши (маҳаллий парламент) га тақдим этади. (Жапалақ қишлоқ ҳукумати Ўш шаҳри таркибига киради)

Кампирини ўлдирган чол

Ароқ-вино савдоси тақиқланишига 83 яшар жапалақлик қариянинг 14 июл куни маст ҳолатда ўз кампирини пичоқлаб ўлдириб қўйгани асосий сабаб бўлгани айтилмоқда. Мол-ҳолга вақтида қарамагани учун, қария турмуш ўртоғининг бошига пичоқ билан зарба берган. Чолининг қаҳридан қочиб кўчага чиққан аёл кўп қон йўқотгани оқибатида йиқилиб жон беради. Тергов қариянинг маст бўлганини аниқлагани хабар қилинди.

Бироқ барча жиноятларга спиртли ичимликлар сабаб, дейиш ҳам қийин. Ҳар ҳолда, маҳаллий журналистларнинг участка нозирига таяниб хабар қилишича, Жапалақ қишлоқ ҳукумати ҳудудида сўнгги 6 ой ичида 43 жиноят қайд этилган бўлиб, уларнинг 4 тасигина маст аҳволда содир этилган.

Ўрнак, Қирғизота ва Жапалақ

Жапалақдаги тақиқни Қирғизистонда кечаётган бошқа жараёнлардан излаш тўғри бўлади. Бу қишлоқ - ароқ-вино сотиш тақиқланган ягона ҳудуд эмас.

Жорий йилнинг февралида мамлакат шимолидаги Иссиқкўл тумани, Ўрнак қишлоғида спиртли ичимликлар савдоси маҳаллий масжид жамоаси ташаббуси билан тақиқлангани тўғрисида Азаттиқ радиоси хабар қилган эди.

2016 йилнинг декабрида эса, Ўш вилоят, Новқат туман, Қирғизота қишлоғида оқсоқоллар ароқ ичганларни масжидга олиб келиб, кечирим сўрашга мажбурлагани, ароқ сотувчи дўконлар ёптирилгани хабар қилинган эди.

Бишкек нима дейди?

Жойларда спиртли ичимликлар савдоси тақиқланаётганига расмий Бишкек муносабат билдиргани тўғрисида маълумот йўқ.

Қирғизистон ҳукуматининг собиқ аъзоси, иқтисодчи Жумакадир Акенеевнинг Озодликка айтишича, мамлакат бюджетида алкоголли ичимликлардан тушадиган маблағнинг улуши катта эмас. “Ароқ-вино савдосидан, асосан, уни ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар фойда кўраяпти”, деди иқтисодчи.

Масжидлар, баъзида, маҳаллий ҳокимият вазифасини бажараяпти

Жапалақдаги воқеани шарҳлар экан, ўшлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Иззатилло Раҳматиллаев бу ташаббус ортидаги асосий ҳаракатлантирувчи куч имомлардир, деган фикрни билдирди.

- Чунки, бугунги кунда имомларнинг жамиятга таъсири жуда кучли. Кўп ерларда масжидлар, ҳатто, маҳаллий ҳокимият вазифасини бажараяпти. Бу – Ўшда ҳеч ким инкор қила олмайдиган факт. Икки одам ўзаро жанжаллашиб қолса, авваллари милицияга борар эди, эндиликда, масжидга бораяпти. Бировдан оласаси бор одам авваллари судга борарди, энди масжидга бораяпти. Яқинда президент сайлови бўлади, унда ҳам диний уюшмалар ўз таъсирини кўрсатади,- деди Иззатилло Раҳматиллаев.

Унинг айтишича, жапалақликлардан намуна олиш ҳақида Ўш шаҳри аҳолиси орасида гап-сўзлар йўқ.

- Бундай гап-сўзлар йўқ. Лекин амалда ароқ-вино савдоси Ўшда жуда қисқариб кетган, дейиш мумкин. Масалан, Олой меҳмонхонаси билан янги автовокзал ўртасидаги катта кўча бўйида 50 ка яқин дўкон бор. Лекин биттасида ҳам ароқ-вино сотилмайди, деди Иззатилло Раҳматиллаев.

"Қирғизистон - дунёвий давлат"

Иқтисодчи Жумакадир Акенеев жойларда ароқ-вино савдоси тақиқланаётгани фактларига муносабат билдираркан, бундай деди:

"Бас, биз дунёвий давлат шаклини танлаган эканмиз, одамларнинг ихтиёрини ўзига қўйиш керак. Ҳеч нарсани тақиқлаб бўлмайди. Тақиқ билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Кимдир ҳажга бориб келган. Бошқалар эса, бошқача яшайди. Айниқса, диний мотивлар билан тақиқ жорий қилиш нотўғри", деди Жумакадир Акенеев.

Дўхтир нима дейди?

Қирғизистондаги "Руҳий саломатлик" уюшмаси раҳбари, ҳуқуқ ҳимоячиси Бурул Макенбаева Азаттиқ радиосига берган суҳбатида ароқхўрликка қарши курашнинг бундай шаклидан ичкиликка ружу қўйганлар учун ҳеч қандай самара​ йўқлигини таъкидлаган эди.

"Ичкиликбозларни жазолаш, уялтириш, ароқни мутлақо тақиқлаб қўйишдан, барибир, яхши натижа чиқмайди", деган мутахассис.

6 миллионли мамлакатда 2600 та масжид

Қирғиз Республикаси Дин ишлари комиссияси раиси ўринбосари Зокир Чўтаевнинг айтганларига таяниб, эълон қилинган хабарларга қараганда, аҳолиси 6 миллион кишилик Қирғизистонда шу кунда 2600 та масжид бор. Бу эса, мамлакатдаги мактаблар сонидан кўп. Собиқ Иттифоқ тарқалган пайтда Қирғизистонда 39 тагина масжид бўлган.

Ким қанча ичади?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, 2010 йили қирғизистонликлар жон бошига тоза этанол кўринишида 4,3 литр алкоголли ичимлик истеъмол қилган. (Қиёслаш учун: Ўзбекистонда 4,6 литр, Россияда 15,1 литр)

XS
SM
MD
LG