Қашқадарё вилоят Диагностика марказида 32 йил бош врач бўлиб ишлаган Ҳасан Сайфиев, у раҳбарлик қилган марказ биноси тортиб олинаётган кун, 4 февралда юрак хуружидан вафот этди.
Марказнинг қарийб 30 нафар шифокор ва ҳамшираси 5 февраль куни вилоят ҳокимига арз қилиб борди. Улар марказ фаолият юритаётган икки бинодан бирининг олиб қўйилганига қарши норозилик билдирди.
Бу воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, ҳокимликка зудлик билан чақиртирилган милиция ва МХХ ходимлари шифокорларни ҳокимлик биносига киритмаган.
Шифокорлар норозилик акцияси видеосини 14 февраль куни Озодликка тақдим этди.
Воқеа юзасидан Озодлик билан суҳбатлашган ўнга яқин шифокор ва ҳамшира исмлари ва овозлари эфирга берилмаслигини, акс ҳолда уларга нисбатан тазйиқ бўлиши мумкинлигини айтдилар.
"Бу адолатсизликка бош врачимиз юраги дош бермади"
Шифокорлардан бирининг айтишича, Қашқадарё вилоят Диагностика маркази жойлашган икки бинодан бирини зудлик билан бўшатиш талаби тўсатдан эълон қилинган:
“4-февраль куни вилоят ҳокими ва тиббиёт бирлашмаси қарори билан зудлик билан тўрт қаватли бинони бўшатишимизни талаб қилишди. Бизнинг жойимизга шаҳар шифохонаси ва 2-поликлиника кўчиб келишини айтишди. Биз кечаси соат 12 гача бинодаги барча жиҳоз ва аппаратларни кўчага ташиб чиқдик”, дейди шифокор.
Унинг айтишича, шу марказни бунёд қилган ва 32 йил бош врач бўлиб ишлаган Ҳасан Сайфиев шу куни кечаси иш жойида юрак хуружи ушлаб вафот этган:
“Бу инсон бор умрини ана шу марказга бағишлаган, уни обод қилган, зўр мутахассис эди. Одамгарчилиги ҳам баланд эди. Ўша куни биз норозилик билдирсак, индаманглар, ҳозир ҳокимга қарши борадиган замон эмас, дедилар. Лекин ўзларининг юраги дош бермади ва юраги ушлаб қолиб, вафот этди”, дейди врач.
"Милиция ҳокимликка киритмади"
Марказ ҳамшираларидан бирининг айтишича, эртаси, Ҳасан Сайфиевнинг жанозасидан сўнг ўттизга яқин врач ва ҳамширалар норозилик билдириб, вилоят ҳокимлигига боришган:
“Ҳаммамизга жуда алам қилди. Нега марказ имкониятларини, бунча аппаратура, бунча жиҳозлар қаерга жойлаштирилишини, касаллар миқдорини ҳисобга олмай бундай қарор қабул қилишади? Нега 200 га яқин врач ва ҳамширанинг тақдири нима бўлиши билан ҳеч кимнинг иши бўлмаяпти? Биз ҳаммамиз бир бўлиб, вилоят ҳокимига арз қилиб бордик. Лекин, бизни милиция ичкарига киритмади, аксинча, қўшимча ходимларини чақирди. МХХ вакиллари ҳам келди. Қанча талаб қилсак ҳам олдимизга ҳеч ким чиқмади. Вилоят ҳокими Шаҳрисабзга кетган деган баҳонани айтишди”, дейди ҳамширалардан бири.
“Бу тиббиёт бирлашмасининг ўйини бўлди”
Исми сир қолишини сўраган врачлардан бирининг айтишича, вилоят диагностика маркази биносининг тортиб олиниши, вилоят тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дониёр Турсуновнинг ўйини бўлган:
“Вилоят диагностика маркази президент фармони билан хусусийлаштиришга буюрилганди. Шунинг учун марказ хусусий қўлга ўтиб кетмасин, деб битта бинони тортиб олди. Бош врачимиз, энди марказни хусусийлаштирамиз, имкониятларимиз кенгаяди, деган эди, лекин армон бўлиб қолди. Бу ҳаммаси тиббиёт бирлашмасига янги тайинланган Дониёр Турсуновнинг иши. У ҳокимга шундай қилсак яхши бўлади деб тақдим қилган”, дейди врач.
Унинг айтишича, бундай хом қарор учун вилоят ҳокими бирлашма раҳбарини қаттиқ койиган:
“Бирлашма раҳбари ҳокимиятга ёлғон маълумот берган экан, вилоят ҳокими Зафар Рўзиев марказга келиб ҳақиқий аҳволни кўрди. Нега бундай қилдинг деб, бирлашма раҳбарини роса адабини берибди. Лекин ғишт қолипдан кўчган. Касалхона кўчиб келди, поликлиника ҳам кўчди. Ҳамма ёқ тўс-тўполон, ит эгасини танимайди, касаллар сарсон. Врачларга кабинет етишмайди, аппаратларимиз ярми ўрнатилмаган, кўпчилик ишсиз қолишдан хавотирда”, дейди шифокорлардан бири.
Мулозимлар жавобдан қочмоқда
Озодлик Қашқадарё вилояти тиббиёт бирлашмаси раҳбари Дониёр Турсуновнинг мобил телефонига бир неча марта қўнғироқ қилди, лекин мулозим жавоб бермади.
Қашқадарё вилоят Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари Умида Газиева Озодликнинг саволини диққат билан эшитгач, мажлисда эканлиги ва ярим соатдан кейин қўнғироқ қилишимизни сўради. Бироқ ярим соатдан кейин ҳам, бир соатдан кейин ҳам у қўнғироқларга жавоб бермади.
Вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳоким Зафар Рўзиев билан боғланиш имконсизлиги, Озодлик саволларига ҳоким ўринбосари Долли Аллаев жавоб беришини айтди. Аммо, Долли Аллаевнинг иш телефони ҳам жавоб бермади.