Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:52

Қаршида аҳоли норозилигидан сўнг ҳам ўнлаб одам вилоят ҳокими қабулига киролмади (ВИДЕО)


Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонаси.
Қашқадарё вилоят Халқ қабулхонаси.

Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг қабулига келган 100 яқин одам ҳокимнинг шахсан ўзи қабул қилмагач, ғалаён кўтарди.

Асосан аёллардан иборат бўлган шикоятчилар норозилик сифатида Халқ қабулхонаси олдидаги автомобиль йўлини тўсишга ҳаракат қилди.

Шундан сўнг ичкарига киритилган шикоятчиларни ҳокимлик вакиллари қабул қилмоқчи бўлди, аммо одамлар фақат ҳокимнинг ўзи қабул қилишини талаб қилди.

Одамларнинг норозилиги кучайиши ортидан Зойир Мирзаев икки соат кечикиб, соат 12 да фуқароларни қабул қилди.

Ҳар ойнинг сўнгги жумаси вилоят ҳокимининг қабул куни

Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси олдига йиғилган ўнлаб одам 29 январь куни эрталабдан, тартибда белгиланганидек, вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг шахсан ўзи қабул қилишини талаб қилди.

Effect.uz сайтининг Youtubeга қўйган видеосида одамларнинг қабул куни бўлишига қарамасдан, вилоят ҳокими Зойир Мирзаев келмаганидан норозилиги акс этган.

“Ҳокимнинг қабул куни бўлади, келинг, деб чақиришди. Мана, соат 12, 1 бўлди, ҳоким қабул қилмади. Болаликлар дейсизми, иккиқатлар, ногиронлар дейсизми, ҳаммаси келиб ўтирибди. Халқни одам демайди, бу Зойир Мирзаев. Қачонгача Қашқадарё халқи қийналади. Президентимиз озмунча гапириб кетдиларми?”

“Учта ногирон фарзандим бор, келиб, кутиб ўтирибман шу ерда”.

“Бир йилдан бери шу аҳвол, уй ололмаймиз, маҳалладан иш қилолмаймиз", дейди видеода аёллар.

Сўнгра ҳоким келмаганидан сабр косаси тўлган одамлар автомобиль йўлини тўса бошлайди. Машиналар тўхтовсиз сигнал чалади. Воқеага ички ишлар органи ходимлари аралашиб, одамларнинг қўлидан судраб, йўлни очади.

Халқ қабулхонаси мулозимлари кейин одамларни ичкарига таклиф қилади. У ерда ҳам одамлар фақат вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг шахсан ўзи қабул қилишини талаб қилади:

“Қаранг халқ ҳавасаки, ўйнагани келгани йўқ. Илтимос, ҳокимга телефон қилинг, қани келадими ёки келмайдими?”

“Мени темир дафтардан чиқариш учун парник қуриб берган. Қаердан тўлайман мен парникни пулини? Банк ҳар куни телефон қилиб қамайман, дейди.”

Бошқа одамлар ўз муаммоларини тўхтамай айта бошлайди. Икки нафар мулозим нима қилишини билмай ҳайрон туради. Улардан бири тинмай гапираётган одамларга қўлини пахса қилиб, тамом қабул бўлмайди, дейди.

Одамлар эса шикоятини айтишда давом этаверади:

“Биз йиллаб чопиб юрибмиз, уй бермайди. Пулимиз бор, лекин камбағалларга эмас, мошинаси бор гала бойларга уй беради. Чақиринг, чақиринг ҳокимни! Биз емаймиз ҳокимни, фақат дардимизни айтамиз!”

Мулозимлар, “биз сизларнинг муаммоларинг ҳал қилгани келганмиз”, дейиши билан одамлар яна бақира бошлади, “илтимос ҳоким билан қабул қилинглар!”

Видеонинг кейинги лавҳасида Зойир Мирзаевни кутишдан чарчаган аёллар вилоят ҳокимлигига боришни таклиф қилади, аммо унга ҳеч ким эргашмайди:

“Нима учун бизнинг болалар совуқда светсиз, газсиз ўтириши керак, буларнинг болалари эса чароғон иссиқ уйда ўтириши керак? Бу ҳоким ким учун, шу бинога ҳокимми, мана бу арчаларга ҳокимми?

Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси
Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси

Ҳоким уч соат қабул қилиб кетди, ўнлаб одам қабулга киролмай қолди

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, 29 январь соат 12.30да вилоят ҳокими Зойир Мирзаев етиб келиб фуқароларни қабул қилишни бошлаган, лекин уч соатдан сўнг, қабулни ўринбосарларига топшириб, чиқиб кетган.

Озодликка юборилган видеода Зойир Мирзаев орган ва Миллий Гвардия ходимлари қуршовида бинодан чиқиб кетаётгани, одамлар унга қараб талпинаётгани кўринади.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳамма шикоятчиларни ҳам қабул қилмасдан чиқиб кетаётган пайти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:31 0:00

Одамлар йиллаб ҳал бўлмаган муаммоси юзасидан ҳоким билан учрашмоқчи эди

Қарши шаҳар Қарлиқ бўғот МФЙда яшайдиган Нилуфар Назарованинг айтишича, унинг тўрт фарзандидан икки нафари биринчи гуруҳ ногирони, аммо камбағаллар учун қурилган арзон уйлардан ололмаётганидан шикоят қилиб вилоят ҳокими қабулига кирмоқчи бўлган:

“Фотима ва Зуҳра қизимга нотўғри прививка қилишганидан кейин ногирон бўлиб қолган. Имконияти чекланганлар учун қанчадан-қанча ижтимоий уйлар ажратилди. Бизларга шундай уйлардан бермаяпти, уйи борлар, бойлар олиб ётибди. 2015 йилдан бери арз қилмаган жойим қолмади. Бугун вилоят ҳокими қабули куни деб борган эдим, келмади. Аёллар тўполон қилиб кўчани тўсганидан кейин келди, лекин 10-15та одамни қабул қилиб кетворди. Менинг муаммом яна мен билан қолди”.

Қарши тумани, Сарой МФЙда яшайдиган Шаҳноза Алиева ҳам 29 январь куни вилоят ҳокими қабулига кира олмаган:

“Ер масаласида шу пайтгача бормаган жойим қолмади. Халқ қабулхонасига борсам жума куни ҳоким ўзи қабул қилади, келинг деди. Лекин ҳоким кеч келди. Одамлар йўлни ярим соат тўсиб қўйишганидан кейин келди, қирқта ҳам одамни қабул қилмай яна кетди. Бизнинг дардимизни ҳеч ким тингламаяпти”.

"Йўлни тўсишганидан хабарим йўқ"

Қашқадарё вилояти Халқ қабулхонаси мудири Фахриддин Жумаев Озодлик билан суҳбатда вилоят ҳокими қабулига келган шикоятчилар навбат сақламай? тартибни бузганини иддао қилди:

- Ҳеч қанақа тўполон бўлгани йўқ, одамлар чиқиб ўзлари видеога тушибди, ҳеч қанақа ортиқча гап бўлгани йўқ. Тасдиқланган график бўйича қабул 10 дан бошланади. Вилоят ҳокими билан бирга қабул қилдик. Ҳоким соат 12.00да келиб қабулни бошлади, унгача муовинлари келиб қабул қилаётган эди. Йўлни тўсишганидан хабарим йўқ, чунки хонадан чиқолганим йўқ. Ҳоким соат 15гача қабул қилди, қолганига сайёр қабуллар бор. Албатта, ҳар бир одамнинг муаммоси тингланади, имкон борича амалий ёрдам берилади. Лекин яна бир қатлам одамлар борки, қабул жараёнига келиб ана шундай тўполонларни чиқаради-да, ўзлари кетиб қолаверади. Одамлар ҳам сал маданиятга ўргансин, навбат, тартиб деган гаплар ҳам бор-да.

29 январь куни кечга бориб, Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг бу воқеага муносабати ҳам маҳаллий нашрларда эълон қилинди:

“Ижтимоий тармоқларда “Қаршида кўплаб одамлар бош кўтарди. Уларга ҳоким керак” номи остида видео тарқатилган. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Вилоят ҳокимлигининг тегишли режасига кўра, Зойир Мирзаев қабули ҳар ойнинг охирги жума куни соат 10:00дан 13:00гача этиб белгиланган. Шунингдек, доимий равишда туман ва шаҳар марказлари ҳамда чегара қишлоқларда сайёр қабуллар ҳам ўтказилиши белгиланган. Мисол учун, яқинда Косон тумани марказида, ўтган ҳафта эса Қамаши туманининг чегара қишлоқларида қабуллар ташкил этилди. Режага кўра, бугун ҳам вилоят ҳокими қабули бўлиб ўтди. Видеода акс этган ҳолат аслида ташқарида қабулга киришга навбатсиз ва карантин қоидаларига амал қилмаган ҳолда киришга уринган фуқаролар ўртасида келиб чиққан. Видеомурожаат билан чиққан фуқаролар ҳам навбати билан қабулга киришган”.

Ҳуқуқ фаоллари марҳум президент Ислом Каримов даврида аҳоли шикоятлари ҳокимият идоралари томонидан жавобсиз қолдириб келинганини шикоят қилишган. Мирзиёев ҳокимиятга келгач, президент виртуал қабулхонаси- портал ва халқ қабулхоналари ташкил этилган. Президентнинг ўзи ҳукумат мажлисларида барча бўғиндаги раҳбарларни "тепадан пастга тушиб", халқ билан мулоқот қилишга ундаб келади. Аммо бу каби мулоқотлар ҳамма вақт ҳам самарали бўлмаётгани ўзбекистонликларнинг ижтимоий тармоқлар ва Озодликка йўллаётган шикоятларидан маълум.

Масаланинг бошқа бир жиҳати - мамлакатдаги бошқарув усули ва жойларда издан чиққан ижтимоий инфрутузилма. Хусусан, бу йилги энергетика инқирози маҳаллий ҳокимликларнинг айрим муаммолар қаршисида ожиз қолаётганини кўрсатган. 19 январь куни Хоразмнинг Урганч туманида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан шикоят қилиб чиққан аҳоли билан мулоқотда вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов газ муаммосини ҳал қилолмаслигини тан олган.

XS
SM
MD
LG