Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:38

Президентнинг кутилмаган ташрифидан қўрққан мулозимлар “қолоқ маҳалла”ларни обод қилишни бошлади


Андижон шаҳридаги “Соғлом турмуш” маҳалласидаги ҳашар пайти олинган сурат.
Андижон шаҳридаги “Соғлом турмуш” маҳалласидаги ҳашар пайти олинган сурат.

Мирзиёевнинг Фарғонадаги “Шодиёна” маҳалласига 5 февраль кунги кутилмаган ташрифидан сўнг бутун мамлакат бўйлаб “қолоқ маҳалла”ларда ободонлаштириш тадбирлари бошланди.

Президент “Шодиёна” маҳалласидаги аҳволни танқид қилиши ортидан Фарғона шаҳар ҳокими, прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва солиқ инспекцияси раҳбарлари ишдан бўшатилганди.

Мулозимлар Фарғонадаги раҳбарлар вазиятига тушмаслик мақсадида “қолоқ маҳалла”ларни зудлик билан обод қилишга киришган.

Озодликка келаётган мурожаатларга кўра, ҳашар кўринишида бўлаётган бу жараёнда тадбиркорлар ва идора-ташкилотлар ҳомийликка мажбурланмоқда.

Андижон

Андижон шаҳридаги “Соғлом турмуш” маҳалласида бўлаётган ҳашарда шаҳардаги барча маҳаллаларнинг фаоллари иштирок этмоқда. Бу ҳақда ҳашарчилардан бири Озодликка маълум қилди.

“Шаҳардаги барча МФЙ ходимлари “Соғлом турмуш” маҳалласида ҳашар ўтказяпти. Мажбурий меҳнат бўляпти. Кўзбўямачилик қилиш кимга керак?”, дея нолиди андижонлик ҳашарчи.

Ҳашарчи воқеа жойидан Озодликка йўллаган суратлардан жамланган қуйидаги фотогалереяда кўчаларни тозалаб-супираётган, уйларнинг дарвоза-эшикларини бўяётган одамлар акс этган.

Бухоро

Андижондаги каби ҳашар сўнгги 10 кун ичида мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кузатилмоқда.

Жумладан, Бухоро вилояти Жондор туманидаги “Довуд” маҳалласида ҳам 15 февраль куни ҳашар ўтказилган.

Озодликка бу ҳақда хабар берган жондорлик манбага кўра, тумандаги жами 5та маҳаллада бир пайтнинг ўзида ободонлаштириш бошланган.

“Жондордаги “Довуд”, “Мурғак”, Ойтуғди”, “Алели” ва “Сомончук” маҳаллалари туманимиздаги қолоқ маҳаллалар ҳисобланади. Ҳозирда шу 5 маҳалланинг ҳаммасида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда”.

Сирдарё

Сирдарё вилояти, Сирдарё туманидаги “Навоий” маҳалласида ўтказилган ҳашарда кўчаларга шағал ётқизилгани хабар қилинди.

“Маҳалламиздаги “Дониёр” кўчаси қишда лой, ёзда чанг эди. Ҳашар пайти 23 та юк машинасида шағал олиб келиб, кўчага тўкишди”, деди ҳашарда иштирок этганлардан бири.

Қашқадарё

Қашқадарё вилоят Косон туманидаги “Ширинтепа” маҳалласида ҳам шу каби ҳашар ўтказилди.

Воқеа жойидан Озодликка йўлланган суратли хабарда ҳашар кўзбўямачилик учун ўтказилаётгани ёзилган.

“Ширинтепа” маҳалласидаги ҳашар
“Ширинтепа” маҳалласидаги ҳашар

Самарқанд

Самарқанд вилоят, Тойлоқ туманидаги Найман маҳалласида эълон қилинган 1 ойлик ҳашарда уйлар фасади янгиланиб, кўчаларга шағал ётқизилмоқда.

Ҳашар давомида айрим уйларнинг томлари шифер қилинмоқда.

Тошкент

Бу каби ҳашарлар пойтахтда ҳам ўтказилмоқда. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Телеграмда эълон қилинган хабарларига кўра, Янгиҳаёт туманидаги “Чоштепа” маҳалласининг 20 йилдан буён таъмирталаб аҳволда ётган кўчаларига асфальт ётқизилмоқда. Шунингдек, Яшнобод туманидаги “Илтифот”, Мирзо Улуғбек туманидаги “Мунавварқори” ва “Азамат” маҳаллалари, Юнусобод туманидаги "Aстробод" ҳамда "Нурмакон" маҳаллаларида ҳам ободонлаштириш ишлари ўтказилмоқда.

“Қолоқ маҳалла”лар

МФЙ ходимларидан олинган маълумотларга кўра, шу кунларда ҳашар ўтказилаётган маҳаллаларнинг деярли барчаси ижтимоий-иқтисодий қолоқ маҳаллалар ҳисобланади.

“Президентимиз барча раҳбарларга маҳаллалардаги аниқ ҳолатни ўрганишни топширди. Шунинг учун қолоқ маҳаллалардаги вазиятлар ўрганилиб, камчиликларни бартараф қилиш борасида йўл хариталари тузилди. Тўртта сектор раҳбарлари маҳаллабай учрашувлар ўтказиб, халқ дардини ўрганмоқда”,- деди Жондор туманидаги “Довуд” МФЙ фаолларидан бири.

Тойлоқ туманидаги "Найман" маҳалласи ҳам "қолоқ маҳалла" ҳисобланади.
Тойлоқ туманидаги "Найман" маҳалласи ҳам "қолоқ маҳалла" ҳисобланади.

Тойлоқ туман ҳокимлигига яқин манбанинг айтишича, президентнинг Фарғонадаги маҳаллага кутилмаганда боргани мамлакатдаги барча раҳбарларни саросимага солиб қўйган ва зудлик билан "қолоқ маҳалла"ларни обод қилиш бошланган:

"Ўзи президентимиз қуйи қатламни ўрганишни топширганидан кейин иқтисодий-ижтимоий ортда қолган маҳаллаларни ўрганиш бошланганди. Лекин Фарғонадаги воқеа кўпчиликни пайтавасига қурт туширди. Президентимиз кутилмаганда келиб қолишидан ҳамма раҳбарлар қўрқиб қолди. Шунга ҳамма жойда бирданига ҳашарлар бошланиб кетди. Лекин бунинг ортидан маҳаллалар обод бўляпти".

Мажбурийлик!?

Озодликнинг ҳашарчилар билан суҳбатларидан маълум бўлишича, маҳаллаларни ободонлаштириш дастури доирасида тадбиркорларни ҳомийликка мажбурлаш ҳолатлари бўляпти.

Жумладан, 11 февраль куни Озодликка Қашқадарё вилоят Косон туманидаги “Ширинтепа” маҳалласида ободонлаштириш баҳона тадбиркорлар, корхона ва ташкилотларга норасмий солиқ солингани ҳақидаги хабар келди.

Шу куни (11 февраль) Самарқанд вилоят, Тойлоқ туманидаги “Найман” маҳалласидан Озодликка боғланган ҳашарчиларга кўра, тумандаги барча идора ва ташкилотлар ушбу маҳаллани ободонлаштиришга мажбуран жалб қилинган. Тадбиркорлар эса ҳомийликка мажбурланганидан шикоят қилганди.

Озодликда ёритилгач...

15 февраль куни “Найман” маҳалласидан олинган маълумотга кўра, бюджетчилар ҳашарга мажбурлангани ҳақидаги Озодлик мақоласидан сўнг ишчи-ходимлар ҳашарга чиқарилмаган.

“Озодликда мақола чиққанининг эртасигаёқ бюджет идоралари ходимлари ўрнига ҳарбийларни олиб келишди. “Найман”га 4 та автобусда ҳарбийларни олиб келиб, 4-сектор штаби яъни аввалги маиший хизмат кўрсатиш коллежига жойлаштиришди. Ҳарбийлар шу ерда ётиб, ҳашарга чиқишяпти. Ургут туманидаги ҳашарга ҳам 4та автобусда ҳарбийларни олиб боришди. Кейин пожарний ходимлари ҳам ҳашарга олиб келинди”,- деди Тойлоқдаги идоралардан бирининг мулозими.

Президентнинг кутилмаган ташрифи

Президент Шавкат Мирзиёев 5 февраль куни Фарғона вилоятига қилган икки кунлик сафари давомида “Шодиёна” маҳалласига кутилмаган ташриф билан борди. Президент маҳалла аҳли билан учрашиб, маҳалладаги муаммолар борасида сўраган.

Воқеа жойидан олинган видеоларда президентнинг режаланмаган ташрифидан довдираб қолган маҳаллий раҳбарларнинг югуриб юргани акс этган.

Президентнинг Фарғонага ташрифини кузатган Kun.uz нашрига кўра, Мирзиёев “Шодиёна” маҳалласига қилган кутилмаган ташрифидан кейин 4та секторнинг фаолиятидан қониқмаганини айтиб, Фарғона шаҳри ҳокими Ҳамид Ҳабибидинов, шаҳар прокурори Атҳам Маматалиев, ички ишлар бўлими бошлиғи Шавкат Дадахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Воҳиджон Бобобековларни ишдан олган.

XS
SM
MD
LG