Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:58

Президент янги йил билан қутлади - табрикнинг бошланиши русча бўлди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 31 декабр оқшомида мамлакат телеканаллари орқали ўзбекистонликларни рус ва ўзбек тилида янги йил билан табриклади.

Табрик матни президент расмий сайтида эълон қилинди.

Президент ўз табригини рус тилида бошлагани ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг норозилигини келтириб чиқарди.

Президент 2022 йилда "машаққатли ва жасоратли меҳнатимиз билан тараққиёт йўлида муҳим марраларга" эришганини таъкидлар экан, "инсон қадрини улуғлаш, халқимизни рози қилиш борасида янги қадамлар" қўйганини таъкидлади:

"Шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз ҳар томонлама обод бўлмоқда. Янги иш ўринлари ташкил этилиб, аҳоли даромадлари ва ҳаёт даражаси ошмоқда. Ёшларимиз халқаро майдонларда истеъдод ва маҳоратини намоён этиб, Ватанимизни дунёга танитмоқда. Халқ овози бўлган маҳалланинг ҳаётимиздаги ўрни ва таъсири кучаймоқда. Энг муҳими, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва динлараро тотувлик ҳукм сурмоқда. Ўзбекистонимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрў-эътибори юксалмоқда" деди президент.

Шавкат Мирзиёев янги йилда "инсонни қадрлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган ишларни юқори босқичга кўтариш"га ваъда берар экан, сифатли таълим, ёрдамга муҳтож инсонлар учун муносиб шароит яратиш, илм-фан, тиббиёт, маданият ва санъат соҳалари вакилларини, ўқитувчи ва мураббийларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилишини айтади.

Президент табриги маҳаллий телеканалларда янги йил киришидан олдин аввал рус тилида, сўнгра ўзбек тилида кўрсатилди.

Кўрсатувдан сўнг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўзбек тили давлат тили бўлган мамлакатда президент табриги нега аввал рус тилида берилганига ўз ҳайратларини изҳор қила бошлади.

Muhammad Matjon
Muhammad Matjon

"Навоий ҳайкали қиблага қаратилиб, давлат тилини ривожлантириш департаменти ёпилиб кетди, ўзбек тилини мавқейини кучайтирувчи қонун йўқолиб қолди, янги йил табриги боболаримни қатағон қилган, ватанимни талаган, миллатимни пахта қулига айлантирганлар тилида бошланди", деб ёзди Муҳаммад Матжон.

Журналист ва ёзувчи Каримберди Тўрамурод ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида қисқагина қилиб "Отработаем!" деб ёзиб қўйди.

Бахтиёр Калон
Бахтиёр Калон

Фейсбук фойдаланувчиси Бахтиёр Калон:

"Узук бирла муҳирлаб эрк тоқатимни,

Хориж тилда ошкор қилдим садоқатимни" деб ёзди.

Ўзбекистондаги ижтимоий фаол блогерлардан бири Фаррух Самарқандий бу ҳолатга ўзига хос тарзда бундай муносабат билдирди:

Фейсбук фойдаланувчиси Носиржон Нўъмон Қозоғистон президентининг янги йил табригига эътибор қаратди:

Носиржон Нўъмон
Носиржон Нўъмон

Аммо айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари президент Мирзиёев табригининг ўзбек ва рус тилидагисининг ўрни атайин, саботаж келтириб чиқариш мақсадида алмаштириб қўйилганига ҳам эътибор қаратмоқда.

Хусусан, Фейсбук фойдаланувчиси Дилнур Каримов бу ҳақда бундай деб ёзади:

"Табрик. Ўзбек тилидагиси алоҳида съёмка қилинади. Биттада яхши чиқмаслиги турган гап. Яхши чиққунича қайта съёмка қилаверишади. Сўнгра рус тилидаги табрик ҳам шу йўсинда алоҳида оволинади.

Кейин исходный материал монтаж қилинади. Бу ерда монтажчи кадрлар кетма-кетлигини қандай танлашига боғлиқ.

Шунга кўра монтажда рус тилидаги кадрлар қасддан биринчи бўлиб қўйилган. Шуни ўрнига ўзбек тилидаги табрикни биринчи қўйиб кейин русчани уласа ҳам бўлади. Компьютерда жойини алмаштириб қўйиш 2 секундли иш ва ўзбек тилида бошланадиган қилиб тайёрлашса ҳеч ким уришиб бермасди. Фақат ўзбек тилида табрикни улашишса ҳам биров пинагини бузмасди.

Кўряпмизки, жамиятда резонанс келтириш учун атрофдаги кимдир буни атай қилганга ўхшаб кўринди манга. Президент ўзи рус тилида бошлашни афзал билдими, ёки мутлақо бундан хабари бўлмаганми, буни айта олмаймиз.

Шу табрик ролигига жавобгар шахсларнинг масхаромуз ишига ўхшаяпди. Бунчалик наглый миллатимиз, тилимиз устидан кулиш - саботаж бўлса керак. Яна валлоҳу ъалам".

Президент Шавкат Мирзиёев 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаган мурожаатида "миллий ўзлик тимсоли, маънавият асоси бўлган она тилига эътибор янада кучайтирилиши ҳақида гапирган эди:

“Албатта, чет тилини билиш — замон талаби. Аммо она тилини билишга мажбур қилиш керак”.

Президент 21 октябр, Ўзбек тили байрами муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригида “ўзбек тилини ривожлантириш бўйича белгилаб олган вазифаларимизни изчил давом эттиришимиз лозим”, деган эди.

Аммо маҳаллий нашрлар Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоеванинг твитига таяниб 2019 йилда ташкил этилган Давлат тилини ривожлантириш департаменти фаолияти тугатилганлиги ҳақида хабар берган эди.

Форум

XS
SM
MD
LG