Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:13

Андижон ва Фарғона ҳокимлари давлат хизматчиларини "президент кўрсин"га аҳоли томини бўяшга мажбурламоқда (ВИДЕО)


Бир томони қизилга бўялган томлар, Риштон тумани, Фарғона йўли.
Бир томони қизилга бўялган томлар, Риштон тумани, Фарғона йўли.

Андижон вилояти, Асака тумани ҳокими 25 июль куни ўтказган мажлисда президент келишига кўча бўйидаги уйларни чиройли қилиб кўрсатиш учун, уларни таъмирлаш давлат муассасалари зиммасига юклатилди.

Озодликка юборилган мажлис аудиоёзувидан ҳоким экани айтилган шахс Асакадан Марҳамат туманигача йўл бўйидаги уйларни безашни ҳар бир ташкилотга бўлиб берар экан¸бунинг давлат сиёсати эканлигини қайта-қайта таъкидлайди.

Айни куни Озодликка Фарғонадан юборилган видеоларда¸ яна президент келади¸ деган тахмин ортидан давлат идоралари ходимларининг¸ ўз иши қолиб¸ жазирама иссиқда одамлар уйи томларини арзон сувбўëққа бўяшга мажбурлангани акс этган.

Асака тумани ҳокими Эркинжон Якубов (расмий сайтга кўра ëзилди - таҳр.) 25 июль куни эрталаб шаҳар ва тумандаги барча ташкилотлар раҳбарлари иштирокида мажлис ўтказиб, унда президент келишига “зарбдор ўн кунлик” эълон қилди.

Озодликка мажлис тугаши билан юборилган аудиоëзувда ана шу ўн кунликда қилинадиган ишлар режаси буюрилди.

Ëзувдан туман ҳокими экани тушуниладиган амалдор сентябрь ойида президентнинг Андижон вилоятига келиш эҳтимоли борлигини айта туриб¸ давлат идоралари раҳбарларига Асакадан Марҳамат туманигача бўлган йўлнинг икки томонини чиройли қилиб қўйишни буюради.

Мажлисда шахсан қатнашган иштирокчиларидан бири Озодликка ҳоким ва унинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосарининг оғзаки буйруғига ҳеч ким эътироз билдирмаганини айтади.

“Ҳоким ўринбосари ҳар бир такшилот раҳбарига сенга мана бу ердан бу ергача, бу ошхонадан мана бу уйгача деб ўнта-ўнтадан бўлиб берди. Тумандаги бирор бир ташкилот вазифасиз қолмади. Аҳоли уйларини кўча томонини сувайсан, оқлайсан, томларини бўяйсан¸ деган топшириқ бўлди. Ҳеч ким эътироз билдирмади, ҳамма хўп-хўп” деб қабул қилди”.

Озодлик гаплашган асакалик мулозимлар¸ ҳокимнинг бундай буйруғини матбуотга айтиш ишдан ҳайдалишига сабаб бўлишидан чўчиб¸ исми сир қолишини сўради.

Давлат муассасаларидан бири мутасаддиси, президент “мен учун кўзбўямачилик қилманглар” деб турган бир пайтда берилаëтган бундай буйруқлар мажбурий меҳнатга етаклаëтганини айтади.

“Мана қаранг, бизнинг ташкилотга ҳам камида ўнта аҳоли уйининг кўча томонини чиройли қилиб қўйиш топширилди. Бу учун мен ўн кун ишчиларимни мажбурий меҳнатга жалб қилишга, бу уйлар ремонти учун камида икки миллион сўм топишга мажбурман. Хўш¸ нима қиламиз, албатта¸ капитал ремонт бўлмайди. Ҳамма иш қўл учида бўлади. Деворлар номига суваб қўйилади, томларнинг кўча томони ҳам энг арзон краска билан бўяб қўйилади. Бу кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас”.

Озодликка юборилган аудиоёзувда туман ҳокими Эркин Якубов эканига ишонилаётган шахс, президент келиши учун йўлларни тартибга келтириб қўйишни вилоят ҳокими буюрганини айтади:

- Вилоят ҳокими менга “одам юзасидан яхши гапираяпман, укажон, мана президент у ерга борди, бу ерга борди, президент келиши тезлашиб кетаяпти, Марҳаматга бораман дебди. Шунинг учун мана бу йўлларни тўғирлаб қўйинг”¸ деб яхши гапирди. Мен яхши гапнинг гадосиман, ўйлайманки¸сизлар ҳам. Мен айтаяпман, ҳамма уйни қилма, каллани ишлатиб, сиёсат қилдириб, яхши гапириб қилдириш керак.

Туман ҳокими¸ президентнинг кўзини қувнатиш учун арчаларни “ёшартириш”ни ҳам топширади ва Меҳнат кодексига зид равишда одамларни ëзнинг жазирамасида 14 соат ишлатишни буюради:

- Маҳалла жамғармаси, ўзи қилади деганларга сиёсат қилиб, одамларингизни бўлиб-бўлиб чиқариб қўясиз. Алижон, манови учига довур краска қиласан, занглаган ери қолмайди. Ловуллатиб светларимизни ёқишимиз керак. Ободон, арчаларни ёшартириб тайёрлаб қўйиш керак. Эрталаб 7 дан кечқурун соат 8-9 гача иш. Ўн кун ичида тайёрлаб қўйишимиз керак.

Озодлик туман ҳокими Эркин Якубов ва унинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари билан боғланишга ҳаракат қилди. Аммо кун давомида на ҳоким¸ на унинг ўринбосари қўнғироқларга жавоб бермади.

Ўзини ҳоким ўринбосари Дурбек деб таништирган мулозим, 25 июль куни ҳоким ўтказган мажлисдан хабари йўқлигини ва ҳоким билан боғланиш имконсиз эканини айтди.

"Касбимиз бўлмаса ҳам¸ электр токи остида том бўяяпмиз"

Озодлик 25 июль куни Асака туман раҳбарларининг уйлар томини давлат муассасаларини ходимларини "мажбурий меҳнат"га чиқариш орқали "президент кўрсин"га бўяш буйруғини ўрганаëтган маҳал таҳририятга Фарғонадан шунга уйқаш видео юборилди.

Унда Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида бюджет ташкилотлари ишчиларининг¸ президентнинг эҳтимолий ташрифи учун¸ уйлар шиферини қизилга бўяшга мажбурлангани кўрилади.

Кун иссиғида кимнингдир томини бўяшга мажбурланган ишчи¸ ўз туманида бораëтган кенг кўламли мажбурий меҳнатга¸ хусусан¸ ўзи қилаëтган ишга¸ изоҳ ҳам беради.

“Мана бугун иккинчи кун, Учкўприк тумани бюджет ташкилоти ишчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинаяпти. Ўзбекэнерго, Ўзтрансгаз, Водийгазтаъминот, солиқ бўлимлари ходимлари том бўяшга чиқарилган. Сиз кўриб турган қизил томлар давлат ишчилари томонидан ремонт қилинаяпти. Энг ачинарлиси, бу ерда техника хавфсизлиги йўқ, энг ёмони бир метр тепамизда 220 волтли яланғоч электр симлари осилиб турибди. Бу мажбурий меҳнатдан бош тортган одамлардан ариза олинаяпти, ишдан ҳайдаляпти. Мана шу томда ўз қадримга хафа бўлиб шу видеони олдим, афсуски ислоҳотлар бўлмаяпти, инсон ҳуқуқлари поймол бўляпти”.

Фарғона вилояти Учкўприк туманида президент келишига кўзбўямачилик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:14 0:00

Мажбурий ҳашарчи Озодликка юборган иккинчи видеосида бўялаётган томларнинг¸ шунчаки кўзбўямачилик учун¸ сифатсиз бўёқ билан бўялаётганини ҳам тушунтиради.

Фарғона вилояти Учкўприк туманида президент келишига кўзбўямачилик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:59 0:00

“Энг ёмони бу хўжакўрсинликлар кимлар учун қилинаяпти ва бу бўёқлар неча кун туради. Бу бўёқлар 10 килоси 18 минг сўм турадиган эмулсия бўлади. Бу 40 даража иссиқда бу бўёқлар икки кун ўз рангида туради ёки турмайди. Ана у томонда аввал бир-икки кун олдин бўялган томларни кўраяпман, аллақачон рангини йўқотиб, оқаришни бошлаган. Газ ташкилотлари ходимлари мажбур бўлиб ишлаяпмиз”.

"Президент айтаверади, ҳокимлар қилаверади..."

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида қилган чиқишида, ўз ташрифи учун олдиндан тайёрланган кўзбўямачилик ишларини танқид қилиб шундай деган эди:

“Мен тайёргарлик қилмасин деб атрофимдаги каттаконларга ҳам топшириқ бераман, лекин кўп жойларда кўзбўямачилик бўляпти. Очиқ гап, бу менда нафрат пайдо қиладиган нарса. Бир пайтлар ўзим шунга қаршилик қилган ишларга бугун кўзбўямачилик қилиш, одамларни, айниқса ижтимоий соҳа одамларини, мактаб, ўқувчиларни мажбурлаб ободонлаштиришга, тайёргарликка чиқриб қўйишларинг бу фақат менга эмас, балки сиёсатга хиёнат.

Мен деворнинг орқасида нима борлигини, қайси кўча супирилганини, қайси дарахт йиқилиб ётганини жуда яхши биламан. Мен юрадиган йўлдаги нарсаларни бўяб қўйганларинг билан одамлар раҳмат демайди. Сизлар ана шу ишларинг билан душманларингнинг тегирмонига сув қуяяпсизлар.

Барча раҳбарларни алоҳида огоҳлантирмоқчиман. Агар бундан буён ташриф олдидан бирорта ҳудудда врач, ўқитувчи, талабани ободонлаштришга жалб қилса, жазо жуда қаттиқ бўлади. Қонун олдида мен сизларни ҳаммаларингни жазолайман”.

XS
SM
MD
LG