Линклар

Шошилинч хабар
08 июл 2020, Тошкент вақти: 13:29

OzodDayjest: Бухоролик аёл ўзини пайғамбар деб эълон қилди


Бухоро (иллюстратив сурат).

Жўйнавлик аёл ўзига ваҳий келаётганини иддао қилди. Самарқандда ит янги туғилган чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолди. Жиззахда эрига аччиқ қилган аёл унинг қорнига пичоқ тиқиб олди.

________________________________________________

Пайғамбарлик даъво қилган бухоролик аёлга бир йил озодликни чеклаш жазоси тайин қилинди


Бухоро вилояти Шофиркон тумани Жўйнав қишлоғида яшовчи аёл ўзини пайғамбар деб эълон қилди (“Ҳуқуқ”, 13 февраль). Исми ошкор этилмаган аёл ўзига ваҳий келаётгани ва ғайб хабарлари асосида “Туҳфа” деб аталган китоб тартиб қилаётганини иддао қилган. Қайд этилишича, сохта даъво билан чиққан аёл “Туҳфа” китобида Муҳаммад алайҳиссалом охирги пайғамбар экани ва Қуръони карим илоҳий китоб эканини рад этган. Аёл Бухоро давлат университетини битирган қизини ҳам ушбу ишга жалб этган. Маълум қилинишича, жамоат хавфсизлиги ва тартибига таҳдид соладиган материаллар тайёрлаш ва тарқатиш жиноятини содир этишда айбланган аёлга суд 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлаган. Жиноят ишига доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Самарқандда ит онаси томонидан ташлаб кетилган чақалоқ ҳаётини сақлаб қолди


Самарқандда ит янги туғилган чақалоқнинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастурига таяниб бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.

6 февраль куни 21 ёшли аёл қиз фарзандни дунёга келтириб, уни дарахтзорга ташлаб кетган.

Ит янги туғилган болани кўриб қолган ва тишлаганча ўз эгасига келтириб берган. Чақалоқ ўша заҳоти шифохонага олиб борилган.

Маҳаллий шифокорга кўра, бола олиб келинганида, у лойга беланган ҳолда бўлган, танасининг баъзи қисмлари эса тирналган.

“Боланинг вазни 3,1 килограмм. Соғлиғи ҳолати ўртача оғирликда”, дея таъкидлаган шифокор.

Қайд этилишича, қизчани қутқариб олган “қаҳрамон” ит ушбу хатти-ҳаракати билан бутун қишлоқни ҳайратга солган.

Хотиннинг эрига чой дамлаб бермагани қонли жиноятга сабаб бўлди


Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида бир чойнак чой сабаб қонли жиноят содир этилди (“Даракчи”, 13 февраль). Эр турмуш ўртоғидан чой дамлаб беришини сўрайди. Аёлнинг бунга жавобан қилган муносабатидан жаҳли чиққан оила бошлиғи хотинини ҳақорат қилиб, ўзи чой дамламоқчи бўлади. Ошхонага йўл олган эр хотинини итариб юборади. Аёл эса жаҳл устида ошхона пичоғини эри қорнига тиқиб олади. Шифокорлар эркакнинг ҳаётини сақлаб қолган. Жиноят ишлари бўйича Ғаллаорол тумани суди раиси Улуғбек Хидирбоевга кўра, айбланувчи Г.Р.га 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жабрдийда эр ажрашиш ҳақида ариза ёзган ва аёлига оғирроқ жазо берилиши кераклигини айтган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG