Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:58

OzodDayjest: “Бундай ҳокимлар бор экан, Ўзбекистонга ташқи душман керак эмас!”


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Блогер Отабек Бакиров ҳокимларнинг сайлов жараёнларини назорат остига олганини танқид қилди. Россиядаги ўзбекистонликлар ватанга 2019 йилнинг биринчи ярмида 2 млрд доллардан кўпроқ пул юборган. Ҳожибой Тожибоев “ўлдириб юборилгани” ҳақидаги миш-мишга муносабат билдирилди.

_____________________________________________________________

Блогер сайловни обрўсизлантирган ҳокимларни танқид қилди


22 декабрь куни Ўзбекистонда ўтган сайловда халқ қўллаётган аксар номзодлар ютқазди, деб ёзади блогер Отабек Бакиров Телеграмдаги шахсий саҳифасида. Муаллиф сайлов жараёнидаги асосий хатоларга эътибор қаратган.

“Биринчидан, яна эски давр талаблари бўйича шаклланган, амалда ғоявий банкрот ва сунъий тузилмаларга айланган чўнтак партияларга суянилди. Бу партияларнинг ҳеч бири, масалан, менинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий қарашларим ва қадриятларимни акс эттирмайди. Мен ўзимни улар билан ассоциацияланишни ҳам истамайман. Шу маънода ташаббускор гуруҳлардан номзод кўрсатиш каналига рухсат берилишини кутгандим. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади”, деб ёзади О. Бакиров.

Блогер ҳокимлар ва ҳокимликлар номзодларни саралашдан тайинлашгача бўлган барча жараёнларни тўлиқ назорат қилганига эътибор қаратган. “Ислоҳотларни узлуксиз дискредитация қилиб келаётган ҳокимлар бу сафар жуда катта умид берилган сайловларни ҳам етарлича обрўсизлантиришди. Бундай ҳокимлар билан Ўзбекистонга ташқи агрессор ҳам, душман ҳам керак эмас”, деб ёзади у.

Блогер, шунингдек, вилоят ва туман сайлов комиссиялари, сайлов участкалари таркибини шакллантириш қоидаларини бутунлай ўзгартириш лозимлигини урғулаган.

Ўзбекистонликлар ўз ватанига Россиядан ўртача қанча маблағ юбораётгани очиқланди


Россиядаги қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанига ўзбекистонликларга қараганда кўпроқ пул жўнатади (www.repost.uz, 24 декабрь). FinExpertiza маркази 2019 йилнинг уч чораги бўйича ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз ватанига ўртача 418 доллардан юбормоқда. Россиядан юборилаётган жўнатма миқдори Қирғизистонда 536, Тожикистонда эса 195 долларни ташкил этади. 9 ой якуни бўйича умумий ўртача кўрсаткич эса 422 долларга тўғри келган.

Россия Марказий банки маълумотларига кўра, 2019 йилнинг биринчи ярмида ушбу мамлакатдан Ўзбекистонга 2 миллиард доллардан зиёд пул юборилган. Ўзбекистон бир неча йилдан буён бу борада МДҲ давлатлари орасида биринчи ўринни эгаллаб келади.

Ҳожибой Тожибоев “ўлдириб юборилгани” ҳақидаги миш-мишга ойдинлик киритилди


Ҳожибой Тожибоевнинг ёрдамчиси, қизиқчи Отабек Ҳасанов марҳум сўз устасининг вафоти билан боғлиқ овозаларга ойдинлик киритди (www.daryo.uz, 23 декабрь). “Уларнинг вафоти ҳақида ҳар хил гап-сўзлар бўлди, “ўлдириб юборишган” деганлар ҳам бўлган, тавба қилдим. “Кўп гапириб юборгани учун йўқ қилиб юборишди”, дейишди. Аммо улар дарддан, касалликдан вафот этдилар”, дейди Отабек Ҳасанов.

Аввалроқ Ҳ. Тожибоевнинг қизи, актриса Интизор Тожибоева ҳам отаси ҳақида одамлар тарқатган миш-мишлардан жаҳли чиқиши ҳақида гапирган эди.

“Дадамни автоҳалокатга учраб ҳалок бўлган дейишлари ёки кимдир ўлдирган деган ёлғон, бўлмаган гапларни эшитиш оғир ботади. Эътибор берган бўлсангиз, сўнгги концертларида аҳволлари жуда оғир эди”, деган И. Тожибоева.

XS
SM
MD
LG