Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

OzodDayjest: Жиззахда қийноққа солинган гумонланувчи камерада жонига қасд қилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Яшнобод суди айбсиз ватандошларни қийноққа солган миршабларни қамоққа йўллади. Отасини жазодан қутқариш учун 20 минг доллар пора берган прокурор қўлга олинди. Рио олимпиадаси совриндори Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксга ўтмоқда.

_____________________________________________________________

Айбсиз ватандошни қийноққа солиб ўз жонига қасд қилишгача олиб борган ички ишлар ходимлари озодликдан маҳрум этилди

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди айбсиз ватандошларни қийноққа солган ва қонунга зид равишда ҳибсда сақлаган ички ишлар ходимларини 4 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этди (“Ҳуқуқ”, 14 декабрь). Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди судьяси Қаҳрамон Мирсафаев маълум қилади. Исми ошкор этилмаган ички ишлар ходимлари Жиззах вилояти ИИБга қарашли реабилитация этиш марказига Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи ватандошни олиб келиб, қонунга зид равишда 16 кун ҳибсда ушлаб турган ва содир этмаган ўғрилик жиноятини бўйнига қўйишга уринган. Ички ишлар ходимлари иккинчи гумонланувчини ҳам қонунга зид равишда реабилитация марказига жойлаштириб, содир этмаган жиноятига иқрорнома олиш учун унга жисмоний қийноқ ва руҳий тазйиқ ўтказишган. Азоблар жонидан ўтиб кетган йигит камерада ўз жонига қасд қилади. Ватандошларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларини оёқости қилган ИИБ вакилларига жиноий иш очилгани ва улар озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинган. Ушбу ҳолатга доир бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.

Отасини қамоқдан чиқариш учун йигирма минг доллар пора беришга уринган прокурор қўлга олинди

Ўзбекистондаги шаҳарлардан бирида судларда жиноят ишлари бўйича прокурор ваколатини таъминлаш бўлими прокурори лавозимида хизмат қилган шахс порахўрлик ва коррупцияда айбланди (“Ҳуррият”, 13 декабрь). Исми ошкор этилмаган прокурорнинг дон маҳсулотлари корхонаси раҳбари лавозимида ишлаб келган отаси ва унинг ўринбосари катта миқдордаги маблағни ўзлаштиришда айбланиб, қамоққа олинган. Прокурор эса отаси ва унинг ўринбосарини пора йўли билан жазодан қутқариб қолишга уринган. У порани чўнтагидан эмас, отасининг ўринбосари яқинларидан олишга қарор қилади ва улардан 20 минг доллар ундиради. Шу тариқа у терговчи билан гаплашиб ишни ёптиришга ваъда берган. Аммо прокурорнинг Тошкентга қатнашлари ҳам натижа бермаган – унинг отаси ҳам, яқинлари 20 минг доллар пора берган шериги ҳам озодликдан маҳрум этилган. Шундан кейин 20 минг доллар берган шахснинг яқинлари прокурорнинг қилмиши хусусида ҳуқуқ идораларига хабар беради. Қонунни поймол қилган қонун ҳимоячиси қамоққа олингани хабар қилинган. Бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Рио олимпиадаси совриндори Шаҳрам Ғиёсов АҚШга йўл олди

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Рио олимпиадаси кумуш медали совриндори, жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳрам Ғиёсов профессионал боксга ўтганини маълум қилди (“Оила даврасида”, 14 декабрь). Шаҳрам профессионал рингда янги марраларни забт этиш учун АҚШга йўл олган ва яқин кунларда промоутер компанияларидан бири билан профессионал шартнома имзолайди. Аммо қайси компания билан ишлаши ҳозирча аниқ эмас. Эслатиб ўтамиз, Осиё бокс конфедерацияси куни кеча Шаҳрам Ғиёсовнинг 2017 йилда қитъанинг энг яхши боксчиси, деб эълон қилди.

XS
SM
MD
LG