Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:26

OzodDayjest: Ўзбек-тожик чегарасидаги заставага ҳужум талқини шубҳа уйғотди


Тожик расмийларининг чегара заставасига ҳужум бўйича баёни турли саволлар уйғотмоқда. Фарғонада 35 миллиард сўм терим пули вақтида тўланмагани аниқланди. Ўзбекистонлик адвокат прокуратура ва ДХХдаги ислоҳотларни шунчаки расмиятчилик, деб атади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбек-тожик чегарасидаги заставага ҳужум “шубҳали” деб баҳоланди


Davletov.uz канали 6 ноябрга ўтар кечаси 20 нафар қуролланган шахслардан иборат гуруҳ томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги заставага уюштирилган ҳужумни “шубҳали” деб баҳолади.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати ҳужум қилган шахслар “Ислом давлати” террор гуруҳи жангарилари бўлиб, улар Афғонистон ҳудудидан махсус топшириқ билан ўтганини маълум қилган. Қуролли жиноий гуруҳнинг 15 нафар аъзоси йўқ қилингани, беш нафари қўлга олингани хабар қилинган.

“Узоқ вақт Россия оммавий ахборот воситалари маълум миқдордаги террористлар Суриядан Афғонистонга улоқтирилгани ҳақида роса ёзди. Террористлар ҳам шунча аҳоли пункти қолиб, Ўзбекистон чегараси яқинидаги заставага ҳужум қилибди. Нима эмиш: “энг қулай жой эмиш”. Ҳозир ҳам асосан Россия оммавий ахборот воситалари ёзаяпти”, дея воқеликка теранроқ баҳо беришга ишора қилди Davletov.uz канал. Блогер ушбу ҳодиса Тошкентда МДҲ махсус хизматлари раҳбарлари учрашуви арафаси рўй берганига ҳам эътибор қаратган.

Фарғонада 35 миллиард сўм терим пули вақтида тўланмаган


Фарғона вилояти прокуратураси ҳудудда теримчиларга яратилган шароитларни ўрганиб, 230 дан зиёд камчилик аниқлади, деб хабар беради вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Фарҳоджон Исмоилов (“Ҳуқуқ”, 7 ноябрь). Жумладан, Бешариқ, Бағдод, Бувайда, Данғара, Ёзёвон, Қува, Олтиариқ, Риштон, Тошлоқ, Ўзбекистон, Фурқат ва Фарғона туманларида жами 35 миллиард 800 миллион сўм терим пули ўз вақтида тўланмаган. Қайд этилишича, прокуратура аралашуви билан терим пули тўлаб берилган.

Адвокат прокуратурани кўзбўямачиликда айблади


Адвокат Аллан Пашковский ҳуқуқ-тартибот тизимидаги ислоҳотларни танқидий баҳолади (www.kun.uz, 5 ноябрь).

“Прокуратура органлари бугунги кунда тез-тез (деярли доимо) ўзининг назоратчилик функциясини (хусусан ДХХ тергов бўлинмаларида дастлабки терговнинг қонунийлигини) бажармаяпти, балки шунчаки кўзбўямачилик қиляпти ва фуқароларнинг қонуний манфаат ва ҳуқуқларини ҳимоя қилмаяпти. Терговдагиларга нисбатан қийноқлар қўлланишини тўлақонли текширмаяпти”, дейди у.

Адвокатга кўра, ҳимоячини танлаш бўйича мавжуд тартибга риоя қилмаслик, тергов остидаги шахсларга ноқонуний таъсир қилиш ва уларни битим асосида иш олиб бораётган адвокатдан воз кечтириш, айбланувчиларни қўрқитиш, айбланувчи қариндошларига таҳдид қилиш, жиноий жавобгарликнинг юридик оқибатлари ҳақида ёлғон маълумот бериш, битим асосида иш юритаётган адвокатга туҳмат қилиш каби ҳолатлар ҳар қадамда кузатилмоқда.

“Прокуратура ва давлат хавфсизлик хизматидаги ислоҳотлар ҳозирча шунчаки расмиятчилик ва амалда татбиқ этилмаяпти… Амалда ҳаммаси аввалгидек, баъзида эса аввагидан ҳам ёмон давом этяпти”, деб ҳисоблайди адвокат Аллан Пашковский.

XS
SM
MD
LG