Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:09

OzodDayjest: Депутат “Artel” ширкати монополия борасида расман “криша”ли бўлганини иддао қилди


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Депутат Кушербаев “Artel” ширкати монополия сари интилишда расман сиёсий суянчиққа эга бўлди, деган фикрда. Ҳукумат парламентга бюджетномани тақдим этишни пайсалга солмоқда. Прокуратура эркакларга ҳам ҳомиладорлик нафақаси тўланганини аниқлади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

“Artel” монополияси ҳақида гапирган депутат “кундошларча муносабат”да айбланди


Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли “Artel” ширкати монополия сари интилишда расман сиёсий суянчиққа эга бўлди (www.kun.uz, 14 октябрь). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилган.

“Artel” монополист эмаслигига ишонгимиз келади, ҳақиқатан де юре у монополист эмас ва бунга интилмаяпти, бироқ де факто интиляпти. Буни импорт маҳсулотларига қўйилаётган турли тўсиқ ва оширилган божлар мисолида кўрса ҳам бўлади… Куни кеча “Artel” “Миллий тикланиш” партиясини танлаганини англадим, партия эмас, “Artel” танлади ва монополия сари интилишда расман сиёсий “криша”га эга бўлди. Энди лоббизм билан расман шуғулланиш ва қонунчилик орқали де юре монопол бўлишга ҳаракат қилиш имконияти пайдо бўлди”, дейди Р. Кушербаев.

Депутатга кўра, монополия шароитида бир инсон ёки бир гуруҳ шахсларнинг бойиши, яхши яшаши учун бошқалар қурбон қилинади. Монополия эркинликни чеклайди, рақобатни ўлдиради, ривожланишни ортга қайтаради, у жамиятни иқтисодий қулликка етаклайди.

Р. Кушербаевнинг мазкур баёнотига “Миллий тикланиш” партияси муносабат билдириб, уни “кундошона муносабат” ва “сиёсий жазава”да айблади.

Ҳукумат бу йил ҳам парламентга бюджетномани вақтида тақдим этмади


Вазирлар Маҳкакамаси бу йил ҳам парламентга бюджетномани вақтида тақдим этмади, деб хабар берди Телеграмдаги Davletov.uz канали. “Бюджет кодексига кўра, ҳукумат 15 октябрга қадар парламентга 2020 йилнинг бюджетини тақдим қилиши керак эди. Ҳукумат бюджетномага қўшиб, “Фуқаролар учун бюджет” ахборот нашрини ҳам тақдим қилиши керак”, дея эслатади канал.

Қайд этилишича, бу йилдан Ўзбекистонда давлат бюджети қонун сифатида қабул қилинадиган бўлди. Қонун жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилиниши керак. Молия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган қонун лойиҳаси эса қуп-қуруқ, унда на бир рақам бор, на бир илова. “Эълон қилдингми – эълон қилдинг” қабилида иш тутилган.

“Дарвоқе, ўтган йили ҳам депутатлар ҳукуматга бюджетнома билан боғлиқ қонунни кечиктириб тақдим қилгани учун дашном берган эди. Давлат бюджети халқнинг пули. Унинг тақсимоти очиқ-ошкора, шаффоф бўлиши керак. Коррупцияга қарши курашишнинг илк талаби ҳам шу ўзи”, деб ёзади Davletov.uz канали.

Жиззахда эркакларга ҳомиладорлик нафақаси тўлангани фош этилди


Бош прокуратура бюджет ташкилотларида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаш борасида юзлаб қонунбузарликларни аниқлади (“Ҳуқуқ”, 17 октябрь). Мамлакат бўйлаб бюджет ташкилотлари ҳомиладор бўлмаган ва ҳомиладорлик таътилига чиқмаган аёлларга сохта маълумотлар асосида 3,1 миллиард сўм ноқонуний нафақа тўлаган. Қайд этилишича, ҳатто эркакларга сохта маълумотлар асосида ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси берилган. Масалан, Жиззах вилояти тери-таносил касалликлари иқтисодчиси 2,1 миллион сўм ҳомиладорлик нафақаси олган. Ўрганишлар якунида прокуратура бу каби ҳолатлар тизимли тус олган, деган хулосага келган. Текширувлар жараёнида 61 киши интизомий, 141 киши маъмурий жавобгарликка тортилган. Қўпол қонун бузилишлари юзасидан жиноят ишлари ҳам қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG