Линклар

Шошилинч хабар
25 сентябр 2018, Тошкент вақти: 14:46

OzodDayjest: Ажрашишларнинг асосий сабаби аниқланди


Қашқадарёда оилавий низо асосида мудҳиш қотиллик содир этилди. Ўзбекистонда ажрашишлар туфайли 22 минг бола тирик етиб бўлиб қолмоқда. Тошкент бозорларида помидор нархи кескин кўтарилди.

_____________________________________________________________

Мол аччиғида хотинини чавақлаган қашқадарёлик 17 йилга қамалди

Қашқадарё вилоятида оилавий низо асосида мудҳиш қотиллик содир этилди (“Ҳуқуқ”, 13 сентябрь). Бу ҳақда вилоят прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Жаҳонгир Рўзимуродов хабар беради. Шаҳрисабзлик эркак шаръий никоҳ асосида яшаб келган иккинчи хотинидан иккита фарзанд кўрган. Аммо эр-хотиннинг орасига совуқчилик тушиб, катта фарзандлари 14 ёшга тўлганида ажрашишган. Исми ошкор этилмаган эркак хотинига тегишли дўконни суд орқали ўз номига ўтказишга уринган. Аммо суд дўконни аёлнинг ўзида қолдирган. Шундан кейин эркак мол аччиғида хотинини ва пуштикамаридан бўлган 14 ёшли ўғлини пичоқлаган. Ўсмирнинг ҳаёти сақлаб қолинган, аёл эса вафот этган. Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича вилоят суди қотилликда айбланган эркакни 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

Ажрашишларнинг асосий сабаби – эр ва хотиннинг характери тўғри келмагани

Ўзбекистон бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида 11 минг 287 та оила судга ажрашиш ҳақида ариза берган (“Оила даврасида”, 13 сентябрь). Олий суд раиси ўринбосари, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоровга кўра, шу тариқа 22 минг бола тирик етим бўлиб қолмоқда. Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Гулнора Маъруфова ҳам оилавий ажримлар энг оғриқли муаммо бўлиб қолаётганини тан олган. Таҳлилларга кўра, мамлакат бўйича ажримларга асосан эр ва хотиннинг характери тўғри келмагани сабаб бўлаяпти. Бундан ташқари, фарзандсизлик, эр ёки хотиннинг хиёнати, никоҳланувчиларнинг оилага руҳан ва жисмонан тайёр эмаслиги ҳам ажримларга олиб келмоқда.

Бозорларда помидор нархи кескин кўтарилгани сабаби айтилди

Тошкент бозорларида помидорнинг бир килоси нархи 7 минг сўмдан 12 минг сўмгача чиқди (“Даракчи”, 13 сентябрь). Ҳолбуки, ёзнинг дастлабки ойларида унинг нархи анча арзон бўлган эди. Деҳқонларга кўра, чилла пайтидаги аномал иссиқ сабаб кўплаб помидорларнинг гули ва ҳосил тугунчалари тўкилган, барглари эса қуриб-қовжираб, ҳосил бермай нобуд бўлган. Бундан ташқари, сув танқислиги ва зараркунандалар кўпайгани ҳам помидорнинг қимматлашувига олиб келган. Одамлар орасида мазкур сабзавотнинг қимматлаб кетганига унинг хорижга экспорт қилинаётгани ҳам сабаб бўлмоқда, деган фикрлар мавжуд. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 8 ойида Ўзбекистондан Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби яқин хориж, Буюк Британия, АҚШ, Сингапур каби узоқ хориж давлатларига 45,8 минг тонна помидор экспорт қилинган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG