Тошкент пропискаси авторитар тизим асорати деб баҳоланди. Марказий давлат идораларини вилоятларга кўчириш таклиф этилди. Кўприкдан ўзини ташлаб жонига қасд қилмоқчи бўлган аёл ҳақида янги тафсилотлар маълум бўлди.
_____________________________________________________________
Адлия вазирлиги нашри Тошкентдаги прописка тартибини “авторитар характердаги тизим” ўлароқ баҳолади
“Кўп йиллардан бери халқимиз Тошкент шаҳрида доимий эркин истиқомат қилишдан маҳрум этилган”, деб ёзади Адлия вазирлиги нашри (“Инсон ва қонун”, 23 июль). Нашр пойтахтдаги доимий прописка тартибини авторитар характердаги тизим, деб атаган. Қайд этилишича, мамлакат аҳолисининг пойтахтга интилиши ҳозиргидек давом этса, Тошкентда аҳоли сони кескин ошади, ҳудудлар ўртасида нархда катта фарқлар юзага келади, инфляция кучаяди ва аҳолининг бошқарувга нисбатан норозилиги ортади. Газетага кўра, бундай ҳолатнинг олдини олиш учун вазирлик ва давлат муассасаларини ҳудудлар бўйича уйғун тақсимлаш ва олий таълим муассасаларини вилоятларига кўчириш мақсадга мувофиқдир. Эҳтимолий вариант сифатида автосаноат муассасалари ва олий ўқув юртларини Фарғона водийсига, шоу бизнес ва медиа саноатини Самарқандга, соғлиқни сақлаш ташкилотларини Бухорога кўчириш таклиф этилган.
Ўзбекистон аҳолисига иш ўрни яратиш учун астрономик миқдорда сармоя кераклиги айтилди
Ўзбекистон аҳолиси ҳар йили ўртача 540 минг кишига ортмоқда, бундай шароитда эса меҳнатга лаёқатли аҳолига мамлакат ичида иш топиб бериш имконсиз (“Оила даврасида”, 25 июль). Журналист Карим Баҳриевга кўра, бунча аҳолига иш ўрни яратиш учун астрономик миқдорда сармоя керак ва ҳар қадамда завод, фабрика қуриш талаб этилади. Шу боис мамлакатдаги меҳнат лаёқатли кишиларни хорижга юбориш мақсадга мувофиқдир.
Қайд этилишича, айни пайтда ўзбекистонлик 14,6 миллион иқтисодий фаол аҳолининг ҳар тўртинчиси меҳнат муҳожиридир. 4-6 миллион атрофидаги мигрантларнинг 80 фоизи Россияда ишлайди. К. Баҳриевга кўра, 1916 йилда туркистонликлар Россияга мардикор сифатида мажбуран олиб кетилган бўлса, бугун меҳнат мигранти сифатида бормоқда. Муаллиф улар доим давлат ҳимоясида бўлиши лозимлигини эслатган.
Жонига қасд қилган аёл маст бўлгани ҳақидаги гап туҳмат бўлиб чиқди
Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ деҳқон бозори ёнидаги кўприк устидан ўзини ташлаб жонига қасд қилмоқчи бўлган аёл ҳақида янги тафсилотлар маълум бўлди (“Даракчи”, 25 июль). Воқеа 9 июль куни 21:40 ларда рўй берган. Миллий гвардия ва патруль-пост хизматчилари ўзини кўприкдан ташламоқчи бўлган аёлни қутқариб қолган. Бектемир тумани 4-ички ишлар бўлими бошлиғи Бекзод Авазхоновга кўра, жонига қасд қилмоқчи бўлган аёл 1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Турмуш ўртоғи билан жанжаллар сабаб ҳаётини нуқта қўймоқчи бўлган. Шунингдек, ИИБ вакили аёлнинг маст бўлгани ва тиббий кўрикдан кейин руҳий касалликлар шифохонасига юборилганини маълум қилган. Аммо аёл яшаган маҳалла раиси унинг маст бўлмагани ва руҳий касалликлар рўйхатида турмаганини таъкидлаган.
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова йил бошидан буён 600 га яқин аёл ўз жонига қасд қилганини маълум қилган.