Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2019, Тошкент вақти: 22:47

OzodDayjest: Ҳарвард докторанти Ботир Қобилов Ўзбекистон Зимбабведан ҳам камбағал эканини ёдга солди


Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда партиявий тизим чуқур таназзулда эканидан хавотир билдирилди. Ҳарвард докторанти Ўзбекистон дунёдаги камбағал давлатлардан бири эканини эслатди. Олмалиқ комбинатига тегишли олтин конидаги ўғрилик фош этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда партиявий тизим чуқур таназзулда деб баҳоланди

Ўзбекистондаги партиявий тизим чуқур таназзулда эканидан хавотир билдирилди (www.minbar.uz, 10 июль). Қайд этилишича, партиялар ўзининг асосий – вакиллик вазифасини бажармаяпти. Жамиятнинг иқтисодий ва ижтимой структураси ўзгарган, лекин партиялар бу ўзгаришлар ортидан етолмагани сабабли замонавий талабларга жавоб беролмаяпти. Боз устига, ҳокимиятлар тақсимланиши тамойили ҳам ишламайди. Шу боис вакиллик институти реал ваколатларга эга эмас, барча муҳим қарорларни ижроия ҳокимият қабул қилади. “Ўзбекистонда мухолиф партия йўқ, давлат рўйхатидан ўтган ва парламентга кирган бешала партияга ҳам аҳоли ҳукуматнинг бир қисми сифатида қарайди”, деб ёзади электрон нашр.

Таъкидланишича, 2019 йил декабрида ўтиши кутилаётган парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловлари олдингиларидан принципиал фарқ қилмайди. Негаки, салмоқли ислоҳотлар учун вақт қолмади, қолаверса, ислоҳотлар учун сиёсий ирода ҳам сезилмаяпти. Аммо 2024 йилдаги электорал циклгача партиялар ўзини жиддий ислоҳ қилмаса, миллат ва ўз келажагига рахна солиши мумкин.

Қайд этилишича, ўзбек партиявий тизимини ислоҳ қилиш кўп жиҳатдан президент администрациясига боғлиқ. Шу боис президент маъмуриятининг партиялар устидан кураторлигини олиб ташлаш тавсия этилган.

Ҳарвард докторанти Ботир Қобилов Ўзбекистон Зимбабведан ҳам камбағал эканини ёдга солди

Ҳарвард бизнес мактаби докторанти, иқтисодчи Ботир Қобилов баланд парвоздан ерга тушиш ва Ўзбекистон дунёдаги энг камбағал мамлакатлардан бири эканини унутмаслик лозимлигини таъкидлади. “Ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) аҳоли жон бошига тўғри келадиган қиймати бўйича ҳисоблаганда, Ўзбекистон дунёдаги мамлакатларнинг 80 фоизидан кўра камбағалроқ. Биз буни обрўга путур етмасин деб инвесторлар, сайёҳлар ёки хорижий дўстларимизга айтишни хоҳламаслигимиз мумкин, аммо ёқса ҳам, ёқмаса ҳам, ушбу ҳақиқатни билиб қўйишимиз керак”, деб ёзди иқтисодчи Телеграмдаги саҳифасида.

Қайд этилишича, Африка қитъасининг деярли ярми Ўзбекистондан бойроқ; Ўзбекистон ЯИМ уруш ёки ҳарбий низолар содир бўлаётган барча мамлакатларнинг ўртача ЯИМдан камроқ; cобиқ СССРнинг фақат икки мамлакатигина (Қирғизистон ва Тожикистон) Ўзбекистондан камбағал. Ўзбекистон ҳатто Мўғулистон (2,7 баробар) ва Зимбабведан ҳам (1,5 баробар) камбағалроқ.

Иқтисодчи Ботир Қобилов ЯИМнинг пастлиги ҳақидаги рақамлар кўпчиликка ёқмаслиги, Тошкент марказида яшовчи аҳоли бундан ҳатто бехабар ҳам бўлиши мумкинлигини қайд этган.

Олмалиқдаги олтин конида ўғрилар ушланди

Олмалиқ кон-металлургия комбинатига тегишли Кўчбулоқ олтин конида ўғрилик жинояти фош этилди. Бу ҳақда Олмалиқ ихтисослаштирилган прокурори Нариман Измуллаев “Ҳуқуқ” нашри орқали маълум қилган. Бир неча кишидан иборат жиноий гуруҳ Кўчбулоқ олтин конига яширинча кирган ва олтин моддаси бор рудаларни йиғиб, машинага жойлаган. Олтин руда тўлдирилган қоплар билан улар узоққа бора олмаган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий гуруҳ аъзоларини қўлга туширган. Машинадан таркибида қимматбаҳо металл бўлган 232,5 миллион сўмлик 109 килограмм руда ва бошқа ашёвий далиллар топилгани хабар қилинган.

XS
SM
MD
LG