Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2019, Тошкент вақти: 15:58

OzodDayjest: “Ўзбекистон почтаси” мансабдори 40 минг доллар пора билан ушланди


Иллюстратив сурат.

Мажбурий ижро бюросини прокуратура тизимидан чиқариш таклиф қилинди. Қўқонлик эркак рашк туфайли хотинининг машинасини портлатишга уринди. Самарқандда тадбиркордан 100 минг доллар пора талаб қилган амалдор қамалди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Зўравонча услубда ишлаётган МИБни прокуратура тизимидан чиқариш таклиф этилди

Эски зўравонча услубда ишлаётган Мажбурий ижро бюроси фаолияти кўп ҳолларда аҳолининг норозилигига сабаб бўлаётир (www.xabar.uz, 1 июль). “Мажбурий обуна керак эмас, дейилди ва у бекор қилинди. Мажбурий меҳнатнинг ҳам ҳар қандай кўринишига қарши курашяпмиз. Аммо демократик давлатда мажбурий ижронинг ҳозирги шаклда бўлиши мамлакат имижи ва обрўсига қандай таъсир кўрсатади?!” деб ёзади электрон нашр. Тизимни ислоҳ қилиш йўлидаги дастлабки қадам сифатида МИБни прокуратура таркибидан чиқариш ва суд қарорлари ижросига масъул яхлит идора ташкил этиш таклиф қилинган. Қайд этилишича, ана шунда МИБ фаолиятидан норози бўлган аҳоли прокуратурага бемалол арз қила олади. Ҳозир эса прокуратура ўз таркибидаги тузилманинг айб-хатосидан кўз юмиши мумкин. Айни пайтда, МИБ ҳузурида ташкил этилган махсус жамғарма фаолияти шаффоф ва очиқ эмаслиги, мазкур фондга қанча маблағ тушгани ҳалигача ошкор этилмагани танқид қилинган.

Почта мансабдори 100 минг доллар пора талаб қилди

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Самарқанд филиали директори Ш.У. пора билан қўлга олинди (“Даракчи”, 4 июль). Тадбиркор У.Ё. филиалга тегишли бинони “0” қийматда ижарага олишни сўраб, директорга мурожаат қилган. Почта мансабдори бунинг учун 100 минг доллар пора талаб қилган. Савдолашувдан кейин пора миқдори 80 минг долларга туширилган. Мансабдорнинг талаби ноқонуний эканини англаган тадбиркор бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. “Ўзбекистон почтаси” филиали директори поранинг ярмини олаётганда ушланган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди раисининг ўринбосари Ўткир Мамадалиевга кўра, почта мансабдори 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қўқонлик эркак хотинини чавақлаб, сўнг ўзи ҳам дори ичди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшаган 52 ёшли эркак иккинчи хотинини рашк туфайли чавақлади (“Ҳуқуқ”, 4 июль). Бу ҳақда вилоят прокуратураси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Азизбек Акрамов маълум қилган. Киракашлик билан шуғулланган эркак Қўқон буюм бозорида савдо қилувчи аёлни иккинчи хотин қилиб олган. Савдогар аёлнинг ишлари юришиб, машина харид қилган. Шундан кейин эркак ҳуда-беҳуда рашк қилиб, хотини билан жанжаллаша бошлаган. Рашк туфайли эркак аёлининг машинаси мой қопқоғини очиб қўйган, шу йўл билан уни портлатиб юборишни кўзлаган. Аммо мўъжиза туфайли портлашга қадар аёл машинасини устага кўрсатган. Жанжалларнинг бири эса қотиллик билан якунланган, эркак хотинини чавақлаган, сўнг ўз жонига қасд қилиш учун уйқу дори ичган. Аммо шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қолган. Асоссиз рашк туфайли аёли жонига қасд қилган эркак 13 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG