Линклар

Шошилинч хабар
08 октябр 2024, Тошкент вақти: 15:01

OzodDayjest: Каримов хатоларини қизи Гулноранинг пуллари ҳисобига тўғрилаш таклиф этилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Кетма-кет 3 нафар бош прокурорга жиноий иш очилгани эътирозлар уйғотди. Таниқли иқтисодчи Ю. Юсупов Г. Каримованинг Ўзбекистонга қайтарилгани иддао этилган пуллар тақдири билан қизиқди. Қуролли кучлар академиясига ўқишга киришда алдов аниқланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Кетма-кет 3 нафар бош прокурорга жиноий иш очилгани бу органга нисбатан эътирозлар уйғотди

Кейинги тўрт йил ичида уч нафар бош прокурорга жиноий иш очилгани, беш ой ичида 61 нафар прокуратура ходими тамагирликда айблангани ушбу идорага нисбатан ҳақли эътирозлар уйғотмоқда (“Даракчи”, 27 июнь). “Коррупцияга қарши курашни кимлар, қайси ташкилот вакиллари олиб боради? Прокуратурадагиларми? Қандай қилиб? Ахир, тўрт йилда уч нафар бош прокурор коррупцияда айбланиб, ишдан олинган ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган ва жорий йилнинг беш ойида прокуратура органларининг 61 нафар ходими тамагирликка йўл қўйган бўлса, энди буёғига нима бўлади?” деб ёзади газета. Қайд этилишича, фақат тизим ходимлари маошини ошириш билан бу борада ижобий натижага эришиб бўлмайди. Таъкидланишича, прокуратура ходимлари ҳар қандай жиноятга жазо муқаррар эканини нафақат билиши, балки амалда кўриши ҳам лозим.

Гулнора Каримованинг миллиардлари юзасидан расмий тушунтириш сўралди

Таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов Гулнора Каримова томонидан Ўзбекистонга қайтарилгани иддао қилинган 1,2 миллиард доллар маблағ бюджетга кирим қилинган-қилинмагани масаласига эътибор қаратиб, бу борада расмий тушунтириш сўради. “Давлат бюджетининг даромадлар тўғрисидаги қайси моддасига кўра бу каби киримлар амалга оширилмоқда? Негадир шу каби моддалар ва бюджетдаги тегишли суммаларни эслай олмадим”, деб ёзди Ю. Юсупов. Амалдаги солиқ сиёсатини танқидий баҳолаб келаётган мутахассис вазиятдан фойдаланиб масъулларни қўшилган қиймат солиғи миқдорини пасайтиришга ундаган. “Балки мана шу киримлар ҚҚСни 20 фоиздан 12 фоизга туширишга етар ва солиқ ислоҳотидаги асосий муаммони ҳал этишга ёрдам берар? Отасининг солиқ сиёсатида йўл қўйган хатоси қизининг пуллари эвазига тўғриланса, ёмон эмас-ку”, деб ёзган у.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримова номидан баёнот тарқатилди. Унда Г. Каримованинг мусодара қилинган 1,2 миллиард доллар маблағи Ўзбекистон фойдасига ишлаётгани маълум қилинган. Молия вазирлиги эса ушбу маълумотни рад этган.

Repost.uz нашри ҳисоб-китобига кўра, 1,2 миллиард доллар маблағга 36 та “Афросиёб” тезюрар поезди харид қилиш, 6 та “Humo arena” каби муз саройи, метрополитеннинг 10 янги йўналиши, аэропортнинг 5 та янги терминали ва бутун бошли Tashkent City’ни барпо қилиш мумкин.

Қуролли кучлар академиясига алдов йўли билан ўқишга кириш ҳолати аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари академиясига жиноий йўл билан ўқишга кириш ҳолати аниқланди (“Ҳуқуқ”, 27 июнь). Бу ҳақда Тошкент ҳарбий прокуратураси катта терговчиси Яҳёбек Самадов маълум қилган. Академияга ҳужжат топширган абитуриент йигит 2018 йилнинг 5 июль куни тест имтиҳонига ўзига ўхшайдиган танишини киритган. Абитуриент ва унинг таниши бир-бирига жуда ўхшагани сабаб текширувчилар бу найрангни сезмаган. Шу тариқа абитуриент академия курсантлари сафидан ўрин олган. Қайд этилишича, мазкур жиноят фош этилиб, ноқонуний ишга қўл урганларга тегишли жазо тайинланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Мутлақо бегона шахснинг имтиҳонга киришига йўл қўйган текширувчиларга қандай чора кўрилганига ҳам ойдинлик киритилмаган.

XS
SM
MD
LG