Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 03:09

OzodDayjest: Ҳаж ваъдаси билан ватандошларни чув туширган турфирма раҳбари қўлга олинди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Фарғонада ҳажга юбориш ваъдаси билан ватандошларга фириб берган турфирма эгаси узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. “Маърифат” газетаси бош муҳаррири журналистлар ижро ҳокимиятига мухолифат мақомида туриши лозимлигини эслатди. Хонанда Муножот Йўлчиева миллий қўшиқларни замонавийлаштириш ғоясига қарши чиқди.

_____________________________________________________________

Фарғонада ҳажга юбораман дея ватандошларга фириб берган турфирма эгаси 8 йилга қамалди

Фарғона вилояти Бағдод туманида фаолият юритиб келган сайёҳлик фирмаси раҳбари одамларни ҳаж ва умра зиёратига юбораман дея чув туширгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 30 май). Исми ошкор этилмаган шахс 2015 йилдан буён сайёҳлик фаолияти билан шуғулланиб келган. 2018 йилдан бошлаб эса ҳаж ва умра зиёратига юбораман дея ватандошларнинг ишончига кирган ва улардан катта миқдорда пул олган. Шу тариқа сайёҳлик фирмаси раҳбари 10 нафар зиёратга талабгорнинг қарийб 300 миллион сўм пулини олган ва уларни турли важлар билан алдаб келган. Бағдод тумани прокурори Мирзобедил Назаровга кўра, фирибгар сайёҳлик фирмаси раҳбари 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шу билан бирга, унга жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлаш мажбурияти юкланган.

Журналистлар ижро ҳокимиятига мухолифат мақомида туриши лозимлиги эслатилди

Ўзбекистон журналистлари орасида бирлик, ҳамжиҳатлик йўқ, деб ҳисоблайди “Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов (“Ҳуррият”, 29 май). Қайд этилишича, ўтган йили бир неча ахборот сайти блокланганда, қолган сайтлар, босма нашрлар ва телерадиоканаллар лом-мим демади, “Бу қанақаси, сўз эркинлиги масаласи нима бўлади”, деб мутасаддиларни саволга тутмади. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов “XXI аср” газетаси ҳамда машҳур журналист Маҳмуд Саъдийни судга берганда ҳам газеталардан ўқувчиси бир неча баравар кўп бўлган машҳур сайтлар ва блогерлар “миқ” этмади. Таъкидланишича, аслида журналистлар тўртинчи ҳокимият ўлароқ ижро ҳокимиятига оппозиция мақомида туриши, шу каби вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб, хато қилган вазир, сенатор ё бошқа амалдорга кўзгу тутиши керак.

“Демак, ўзбек журналистикаси ҳали тўлиқ мустақил бўла олганича йўқ. Ҳатто давлатга қарашли бўлмаган, хусусий секторга тегишли ўша машҳур сайтлар ҳам қандайдир даражада, қандайдир механизмлар билан кимларгадир, нималаргадир қарамдай таассурот қолдиради”, дейди Халқ таълими вазирлиги газетаси бош муҳаррири Ҳ. Нишонов.

Хонанда Муножот Йўлчиева мақомни замонавийлаштириш ғоясини ёқламади

Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева мақом ва миллий қўшиқларни замонавийлаштириш борасидаги таклифларни танқидий баҳолади (“Оила даврасида”, 30 май). “Охирги пайтларда мақомларимиз, миллий қўшиқларимиз мусиқасини замонавийлаштириб, “сaver” усулида айтилса, ёшлар янада қизиқади, деган муносабатлар билдирилмоқда. Аммо булар ёш авлод қалбида миллий санъатимизга нисбатан муҳаббат, иштиёқни уйғотиш борасида ҳеч қандай самара бермайди ва бу бир баҳона, холос”, деган М. Йўлчиева. Хонанда, шунингдек, юртдошларнинг мусиқа борасидаги савиясини ошириш лозимлигини урғулаган. “Халқимизнинг ўзи ўзбекона ашулалардан кўра арабча, туркча, миянгизни тақиллатиб уриб турадиган дупур-дупур қўшиқларга ўйнашни яхши кўради... Бу айниқса, водий вилоятларида жуда анъанага айланибди. Мен Андижондаги тўйларга борсам, сиқилиб қоламан. Одамларимизнинг ўзи савиясини оширишга муҳтож”, деган М. Йўлчиева.

XS
SM
MD
LG