Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:33

OzodDayjest: Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зўрлаганлар судланмоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Наманганлик маҳкум масъулларнинг айби билан бир неча йил қамоқда қолиб кетди. Марғилондаги меҳрибонлик уйининг ҳимоясиз тарбияланувчиларига нисбатан бузуқ ҳаракатлар содир этган ва жисмоний қийноқ қўллаган шахсларга қарши суд давом этмоқда. Шарманда бўлмаслик учун 6 кунлик чақалоғини сотаётган аёл қўлга олинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Озодликка чиқиши лозим бўлган маҳкум масъулларнинг айби билан бир неча йил қамоқда қолиб кетди

2012 йили жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди ҳукми билан бир неча йилга озодликдан маҳрум этилган П.Шожалилов амнистия актига кўра анча аввал озод этилиши керак эди (“Ҳуқуқ”, 17 май). Аммо масъулларнинг айби билан яна бир неча йил панжара ортида қолиб кетди. Маҳкумнинг яқинлари Наманган вилоят ИИБ раҳбариятига амнистия акти нега қўлланмаётгани хусусида ариза ёзган. Аммо ИИБ “П.Шожалиловга нисбатан 1998 йилда амнистия акти қўлланган” деган мазмунда жавоб берган. Орадан бир неча йил ўтган. П.Шожалиловнинг яқинлари бу гал прокуратурага мурожаат қилган. Ўрганишлар асносида ИИБ масъуллари хато қилгани аниқланган. П.Шожалилов 1998 йилда жиноят қилмаган, табиийки, унга амнистия қарори ҳам қўлланмаган. 1998 йилдаги амнистия акти эса у билан исм-шарифи бир бўлган бошқа ватандошга қўллангани маълум бўлди. Шу тариқа маҳкум бир неча йил кечикиб озодликка чиққан. Унга нисбатан товон пули берилганми-йўқми, бу борада хато қилган масъуллар жазоланганми-йўқми, бу масалаларга ойдинлик киритилмаган.

Марғилондаги меҳрибонлик уйининг ҳимоясиз тарбияланувчиларини зўрлаган шахсларга қарши суд давом этмоқда

Марғилон шаҳридаги 1-сонли меҳрибонлик уйининг ҳимоясиз тарбияланувчиларини зўрлаган, уларга нисбатан бузуқ ҳаракатлар содир этган ва жисмоний қийноқ қўллаган шахсларга қарши суд жараёни давом этмоқда. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси Муроджон Мирзажонов “Даракчи” нашрига маълум қилган. Меҳрибонлик уйи директори К.Якубов, унинг ўринбосари С.Усмонов, бош ҳисобчи А.Саидкамолова, бир неча тарбиячи ҳамда бошқа масъул ходимлар айбланувчи сифатида жавоб бермоқда. Тергов жараёнида уларга Жиноят кодексининг 115 (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш), 110 (вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш), 128 (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), 129 (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) моддаларида кўзда тутилган айбловлар қўйилган. Меҳрибон уйи масъуллари ахлоқий жиноятлардан ташқари ҳукумат ва халқаро ташкилотлар ажратган хайрия маблағларини ўзлаштиришда ҳам айбланмоқда.

Олти кунлик чақалоғини “шармандаликдан қўрқиб” 1000 долларга сотаётган аёл қўлга олинди

21 ёшли бухоролик Зарина Жўрақулова 6 кунлик чақалоғини онаси билан тил бириктириб 1000 долларга сотаётган пайтда Тошкентда қўлга олинган. Олий суд матбуот хизматининг матбуотга маълум қилишича, ушбу жиноий иш Олмазор туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи З.Жўрақуловага кўра, ота-онаси 2011 йилда ажрашган, шу сабаб 2014 йилда онаси билан Тошкентга келиб ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. Тошкентда у қашқадарёлик бир йигит билан яшаб, ҳомиладор бўлиб қолган. Уйланаман деб ваъда берган йигит эса қочиб кетган. З.Жўрақулова шармандаликдан қўрқиб, чақалоқ туғилиши билан уни 1000 долларга сотишга уринган. Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьяси Мусо Юсуповнинг маълум қилишича, она-бола чақалоқфурушларга Жиноят кодексининг 135-моддасига мувофиқ 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Кейин эса ЖКнинг 72-моддасига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жазоси 2 йил синов муддатига алмаштирилган. Чақалоқ эса Тошкент шаҳридаги болалар уйига топширилган.

XS
SM
MD
LG