Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:43

OzodDayjest: Коронавирус юзага келтирган инқироз шароитида Ўзбекистонга камида 5-6 млрд доллар лозим - иқтисодчи


Танзила Норбоева Сенат мажлисини ниқобсиз ўтказгани эътироз уйғотди. Иқтисодчи Ўзбекистонда коронавирус туфайли юзага келган инқироздан чиқиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди. “Ўзбекнефтгаз” ширкати халққа эмас, киборларга саховат кўрсатишда айбланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

______________________________________________________________

Мажлисда ниқоб тақмаган Норбоева: “Карантин даврида боқувчисиз инсонлар ва қариялар қаровсиз қолмаслиги лозим”


Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида Танзила Норбоева карантин даврида аҳолининг заиф қатламини ўз ҳолига ташлаб қўймаслик масаласига эътибор қаратди (www.daryo.uz, 25 март).

“Ҳозирги кунда карантин қоидаларига биноан барча аҳоли ўз уйида. Эътиборингизни бир аҳоли қатламига қаратмоқчиман, яъни якка-ёлғиз, боқувчисиз инсонлар, айниқса, қарияларни ёддан чиқармаслик керак. Уларнинг орасида турли хизмат кўрсатиш соҳаларида ишлаб, кундалик эҳтиёжлари учун ишлаб юрганлар бор. Ҳозир эса бу имкониятлари ҳам вақтинча тўхтатилган”, деган Сенат раиси Т. Норбоева.

Таъкидланишча, шу муносабат билан эҳтиёжманд инсонлар ва кексалар янада муҳтож бўлиб қолмаслигига аҳамият қаратиш, уларга озиқ-овқат, дори-дармон масалаларида ёрдам ташкил этиш лозим.

Сенат раиси аҳолини карантин даврида тўй қилмаслик, маъракаларни диний идора тавсиясига асосан ўтказишга чақирган.

Т. Норбоевани истисно этганда мажлисда қатнашган сенаторларнинг барчаси ниқоб таққан. Сенат раисининг ниқобсиз ўтиргани блогерлар ва жамоатчиликда эътироз уйғотган.

Иқтисодчи Ўзбекистонда коронавирус юзага келтирган инқироздан чиқиш учун қанча маблағ кераклигини очиқлади


Ўзбекистонда коронавирус юзага келтирган иқтисодий инқироз сабаб камида 5-6 млрд АҚШ доллари зарур, деб ҳисоблайди иқтисодий таҳлилчи Абдулла Абдуқодиров (www.anhor.uz, 19 март). Ушбу маблағнинг ярми тиббий ёрдамни тўғридан-тўғри субсидиялаш ҳамда кичик ва ўрта бизнес субъектлари корхоналарида бандликни қўллаб-қувватлашга, қолган қисми эса молия институтларини мустаҳкамлашга йўналтирилиши лозим.

Қайд этилишича, Жаҳон банкидан реструктуризация имконияти билан 30 йил муддатга камида 3-4 млрд доллар қарз олишга тўғри келади. Бундан ташқари, USAID, KOICA, TIKA каби донор институтларни жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, Молия вазирлиги аҳоли учун узоқ муддатли давлат заёмларини эмиссия қилиши мумкин. Вазият жуда мураккаблашса, мамлакатнинг олтин-валюта захираси ҳамда Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларига умид қилиш қолади, холос.

“Вақт бизга қарши ишламоқда. Биз зарур чораларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнини қанчалик кейинга қолдирсак, коронавирус таъсирининг оқибатларини бартараф этиш учун шунча кўп маблағ талаб қилинади”, дейди иқтисодий таҳлилчи А.Абдуқодиров.

Platforma.uz: “Ўзбекнефтгаз” бойларнинг ёғ босган тақир бошларини силамоқда


Ўзбекистонда 26 март кунидан АИ-92 маркали бензин нархи 6200 сўмдан 6000 сўмга камайтирилди. Кўплаб блогерлар аҳолининг катта қисми фойдаланадиган АИ-80 маркали бензин нархи туширилмаганига эътироз билдирган. Масалан, Телеграмдаги Platforma.uz канали АИ-92 маркали бензиндан мамлакат аҳолисининг нари борса 2-3 фоизигина фойдаланишини таъкидлаб, “Ўзбекнефтгаз” АЖни фақат бой қатлам манфаатини ҳимоя қилишда айблаган. “Бундан кўринадики, АЖ халққа эмас, киборларга саховат кўрсатмоқда, бойларнинг ёғ босган тақир бошларини силамоқда!” деб ёзади Platforma.uz канали.

Мутахассисларга кўра, жаҳон бозорида нефть нархи сувтекин бўлиб кетган бир пайтда ҳам “Ўзбекнефтгаз” АЖ бензин нархини туширишга шошилмаяпти.

“Солиштиринг: август 2019 йил: нефть – 65 доллар, қимматлаган бензин – 5500 сўм; март 2020 йил: нефть – 27 доллар, “арзонлаган” бензин – 5600 сўм. Кўряпсизми, монополист арзонлаштирдим, деганда ҳам нархни қимматлаштирган бўлади. Эслаб қолинг, Ўзбекистонда нефть нархи ошсаям, бензин нархи ошади, нефть нархи тушсаям, бензин нархи ошади”, деб ёзади блогер Отабек Бакиров.

XS
SM
MD
LG