Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:14

OzodDayjest: Ҳоким ёрдамчиси Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, 8000 доллар пора олди


Хоразмда ҳокимлик расмийси пора билан ушланди. 25 ёшли аёл шифокорлар айби билан оналик бахтидан мосуво бўлди. Таълим вазирининг президент мактаблари ҳақидаги фикри танқидга учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Ҳоким ёрдамчиси Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 8000 доллар пора олди

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани ҳокими ёрдамчиси 8000 доллар пора олаётганида ушланди (“Ҳуқуқ”, 14 март). Ҳокимлик расмийси ушбу миқдордаги пулни икки нафар ватандошни ташқи меҳнат миграцияси агентлигидаги таниши орқали Жанубий Корея давлатига ишлашга юбориш ваъдаси билан олган. Қайд этилишича, аввалроқ Урганч тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ҳам тураржойга эгалик ҳуқуқини белгилаш эвазига 5 миллион сўм пора олгани аниқланган ва унга суд томонидан тегишли жазо берилган. Расмий маълумотларга кўра, прокуратура ҳузуридаги департамент 2018 йилда давлат идоралари вакилларининг тамагирлиги ва коррупция билан боғлиқ 94 та ҳолатни фош қилган.

Вазирнинг президент мактаблари ҳақидаги фикри танқидий баҳоланди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг президент мактаблари хусусидаги пости баҳсли муносабат уйғотди. Жумладан, “Ишонч” газетасида вазирга очиқ хат эълон қилинди. Вазир ижтимоий тармоқ орқали ота-оналарга “Фарзандингиз президент мактабларида ўқишини истасангиз, инглиз тилини ўргатишни бошланг”, деган чақириқ билан чиққан эди. Очиқ хат муаллифи эса президент мактаблари учун инглиз тилини билиш асосий шарт қилиб қўйилаётганини танқидий баҳолаган. “Биз она тилимиз, миллий-диний қадрият­ларимиз, урф-одатларимиз оёқости қилинган, хўрлик-ситамларни бошидан ўтказган халқмиз. Мус­тақиллигимизга 28 йил, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилганимизга 30 йилга яқин вақт бўлаётган эса-да, тилимиз ҳали-ҳамон биз истаган даражада ўз нуфузига эга бўлганича йўқ”, деб ёзади хат муаллифи. Қайд этилишича, инглиз тилини билиш истеъдод ва қобилиятни аниқлашнинг асосий барометри саналиши нотўғридир. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳам хорижий тилларни ўрганиш муҳим эканини тан олган ҳолда, ўзбек тилига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаганлар. Айрим фойдаланувчилар эса “президент мактаби” тарзида табақага ажратмай, барча ўрта таълим масканларини ривожлантириш лозимлигини урғулаган.

Тошкентлик аёл ҳам чақалоғидан, ҳам фарзанд кўриш имконидан маҳрум бўлди

Тошкент шаҳар перинатал маркази масъул ходимларининг айби билан 25 ёшли М.И. оналик бахтидан бир умрга ажралди (“Даракчи”, 14 март). Турмуш қурганидан 4 ой ўтиб, ҳомиладор бўлган аёл ой-куни яқинлашганида перинатал марказга олиб келинган. Кесарево усулида, жарроҳлик йўли билан туғдирилган чақалоқ нобуд бўлган. Бунинг устига, туғруқдан кейин акушерлик бўлимига ўтказилган беморга тиббий ёрдам кўрсатишда шифокорларга хатога йўл қўйган. Иккинчи бор ўтказилган жарроҳлик амалиётида келинчакнинг бачадони унинг рухсатисиз олиб ташланган ва аёл бутунлай фарзанд кўриш имконидан маҳрум этилган. Қайд этилишича, суд жараёнида Перинатал марказ бўлим мудири Д.Р. ҳам, шифокор Д.Р. ҳам айбини тан олмаган. Аммо уларнинг айби далиллар билан ўз исботини топган. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди судьяси Абдулла Абдулхаевга кўра, шифокорларга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Улар, шунингдек, бир йил муддатга соғлиқни сақлаш тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган. Суд Тошкент шаҳар перинатал маркази ходимлари аттестация орқали сараланиши лозимлигини ҳам белгилаган.

XS
SM
MD
LG