Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:43

OzodDayjest: Ўзбекистонда буйрак касалликлари кўпайиб бормоқда


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда йилдан йилга буйрак касалликлари билан оғриган беморлар сони ортиб бормоқда. Матбуотда дабдабали тўй-маросимлар танқиди кучайди. Британия музейи Ўзбекистонга Мирзо Улуғбек фойдаланган ноёб пиёла нусхасини беради.

_____________________________________________________________

Ўзбекистонда буйрак касалликлари кўпайиб бораётгани сабаби айтилди

Ўзбекистонда йилдан йилга буйрак касалликлари билан оғриган беморлар сони ортиб бормоқда. Бугунда кунда 3 минг 608 нафар бемор сунъий буйрак – гемодиализга муҳтож (“Жамият”, 8 март). Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мазкур ҳолатни ўрганиб чиққан. Депутат Зумрад Бекатовага кўра, республикадаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари таъмирталаб. Бухоро, Қашқадарё, Жиззах вилоятларида беморлар гемодиализ билан етарлича таъминланмоқда. Аммо қолган ҳудудларда гемодиализ аппаратлари етишмаслиги боис беморлар тўлиқ қамраб олинмаган. Олий Мажлис буйрак касалликларини эрта аниқлаш, профилактик кўрик ва патронаж хизмати сифатини оширишни тавсия қилган. Шунингдек, Қорақалпоғистон ва Хоразмда ичимлик суви тизимини яхшилаш лозимлиги айтилган.

Дабдаба ўзбек жамиятини дабдала қилмоқда

Дабдабали тўйлар йиллар давомида ўзбек жамияти тараққиётига катта тўсиқ бўлиб, оилаларни дабдала қилмоқда. Хавотирлиси, тўй-маъракалардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик вақт ўтган сари кучаймоқда (“XXI аср”, 16 март). “Пул топиб, ақл топмаган, маънавий савияси паст айрим кимсалар, айниқса, босар-тусарини билмаётган баъзи мансабдорлар бу борада аҳлоқ-одоб мезонларини унутиб, ўзларининг жамиятдаги мавқеини, бойлигини кўрсатиш илинжида камтарликни унутиб қўймоқда”, деган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси Шавкат Жавлонов. Ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг хонавайрон бўлиши, жамият маънавий муҳити бузилишига олиб келмоқда. Қайд этилишича, тўй ва маросимлар шахсий масала эмас, балки мамлакат тақдирига дахлдор ижтимоий масаладир.

Британия музейи Ўзбекистонга Мирзо Улуғбек сув ичган ноёб пиёла нусхасини тақдим этади

Британия музейи Мирзо Улуғбек фойдаланган нодир пиёланинг нусхасини Ўзбекистонга тайёрлаб беради. Бу ҳақда Британия музейи директори Ҳартвиг Фишер Лондонга борган ўзбек делегациясига маълум қилган (“Халқ сўзи”, 13 март). Музейда сақланаётган Мирзо Улуғбек сув ичган пиёла Ўзбекистон тарихига оид ўта ноёб экспонат саналади. Узунлиги 15 сантиметр бўлган пиёла юзига “Улуғбек Кўрагон” деб ёзилган. Пиёла яшил рангли нефрит тошдан ўта моҳирлик ишланган. Унинг банди аждар шаклида бўлиб, оғзи пиёла учини тишлаган, оёқлари ерга тегиб туради. Пиёлага “Карами Ҳаққа ниҳоят йўқдур” (Аллоҳ таоло карамининг чеки йўқ) деган ёзув битилган. XV асрда нефрит Мовароуннаҳрда ноёб тош саналган. Нефритга солинган заҳар ўз таъсир кучини йўқотган. Шу боис ундан ҳукмдор бехавотир фойдаланиши мумкин бўлган.

XS
SM
MD
LG