Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:49

“МХХданман” деб одамларни чув туширган фирибгар, 24 фашистни асир олган аскар, эчки сути билан саратонни енгган актёр


Тошкентда ўзини МХХ ходими деб таништириб фирибгарлик қилган фуқаро қамалди. Қашқадарёда вояга етмаган бола ов милтиғида қўшнисини отиб қўйди. Таниқли актёр Зикир Муҳаммаджонов эчки сути ичиб саратон хасталигини енгган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Тошкентда ўзини МХХ ходими деб таништириб, фирибгарлик қилган фуқаро қамалди

Тошкентда ўзини Миллий хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништириб, фирибгарлик жиноятларини содир этган фуқаро ушланди (“Ҳуқуқ”, 5 май). Қўлга олинган шахс МХХ ходимларининг хизмат кийимига ўхшаш уст-бошда, қўлида рация алоқа воситаси, пневматик пистолет олиб юришга мўлжалланган мослама билан юриб, одамларни давлат органи ходими эканига ишонтирган. Шу тариқа исми ошкор этилмаган фирибгар автосалондан “Каптива” машинаси олиб бериш ваъдаси билан бир фуқародан 13 минг доллар, Тошкент шаҳрига доимий прописка қўйиб бериш ваъдаси билан бошқа бир фуқародан 1000 доллар ва 135 минг сўм олган. Фирибгарликда айбланган фуқаро жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди томонидан олти ярим йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Ўзбектелеком” вакили айрим сайтларнинг очилмаслигига муносабат билдирди

“Ўзбектелеком” компанияси Бизнесни ривожлантириш маркази филиали директори Беҳзод Арслонов интернетдаги айрим сайтларнинг очилмаслигига муносабат билдирди (“Оила даврасида”, 5 май). Мухбирнинг “Интернетда баъзан дунёқарашни кенгайтирадиган сайтларнинг ҳаммаси ҳам очилмайди. Бунда бирон чеклов борми?” деган саволига филиал директори Б. Арслонов “Ўзбектелеком” интернет тармоғида алоҳида сегментларнинг ишлаши ва ундан фойдаланиш бўйича жавобгар эмас”, деб жавоб берган. Шунингдек, “Ўзбектелеком” вакили 2016 йил давомида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидаги 40 та объектда Wi-Fi зоналар ташкил этилишини маълум қилган.

Милиция ходимини уриб юборган хусусий шифохона раҳбарига жиноий иш очилди

15 апрель куни Тошкент вилояти Қибрай тумани “Усмонобод” блок-постида “Малибу” машинасида кетаётган Тошкентдаги “Госпиталь-Доктор-Д” жамияти раҳбари Хуршид Эргашев тўхтатилган (“Постда”, 30 апрель). Аммо Х. Эргашев йўл патрул хизмати инспектори талабига бўйсунишни эп кўрмаган, боз устига, инспекторни уриб юбориб, транспорт воситасининг капот қисмида бир неча метрга судраб, ҳаракатни давом эттирган. Натижада йўл патрул хизмати ходими жароҳатланган. Хабарга кўра, ушбу ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан жиноий иш очилиб, тергов олиб борилмоқда.

Қашқадарёда вояга етмаган бола ов милтиғида қўшнисини отиб қўйди

Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Чилжувит қишлоғида яшовчи фуқаро Муродовнинг ўғли уйда яшириб қўйилган ов милтиғини топиб олиб, у билан қўшни болани отиб қўйди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри хабар беради. Оқибатда бола нобуд бўлган. Мазкур ҳолатга доир бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган. Чироқчи тумани прокурори Одил Паяновга кўра, 2015 йилда қуролга ноқонуний эгалик қилгани учун 10 нафар шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

Таниқли актёр Зикир Муҳаммаджонов эчки сути ичиб, саратон хасталигини енгган

Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли актёр Зикир Муҳаммаджонов ёшлигида саратонга чалинган ва ушбу хасталикни енгиб ҳаётга қайтган (“Даракчи”, 5 май). Табиб тоғасининг тавсияси билан актёр касалликдан халос бўлиш учун бутун умр эчки сути ичган. Қолаверса, у хонадонига ташриф буюрган Раж Капур, Хема Малини, Михаил Ульянов, Никита Михалков каби ўз даврининг машҳур ижодкорларини ҳам ўзи боққан эчки сути билан меҳмон қилган. Қолаверса, актёр уйидан иши – Ўзбек миллий академик драма театрига қадар 10-12 километр пиёда юрган.

Телебошловчилар тил қоидаларидан кўра бўяниш қоидаларига эътиборли

Аксар журналистларнинг нутқий маҳорати кўнгилдагидек эмас, деб ҳисоблайди филология фанлари доктори Низомиддин Маҳмудов (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, 29 апрель). “Кўпгина тележурналистлар, телебошловчилар чинакам таъсирли, ифодали нутқ қоидаларидан кўра ташқи безаклар, кийиниш ва бўяниш қоидаларини мукаммалроқ биладигандай таассурот туғдиради. Радиобошловчиларнинг аксарияти ҳам маданий ва мазали нутқ малакаси бу ёқда қолиб, сунъий овоз товлантириш билан оворадай туюлади”, дейди тилшунос олим. Қайд этилишича, миллат ҳамиятининг бош устуни бўлган тилнинг ҳурматини ростлик билан жойига қўйишда ҳамма фаол бўлиши керак.

Самарқандлик аскар 1945 йил Берлинда бир ўзи 24 фашистни асир олган

Турли медаль ва орденлар соҳиби, Каттақўрғон шаҳридан Рашид ота Очилов 1941 йили 19 ёшида Иккинчи жаҳон урушига кириб, Москвадан Берлинга қадар йўлни босиб ўтган. “Даракчи” нашри маълумотларига кўра, Р. Очилов Берлин яқинидаги жангда кўприк тагида беркиниб ётган 24 нафар душман аскарини асир олган. Бунинг учун унвон берилаётганда эса у раҳбариятдан унвон ўрнига онасини кўриб келишга рухсат сўраган. Шу тариқа Р. Очилов 17 марта жангга кириб, 4 бор яралаган.

“Kiss me” даъвати ёзилган футболка кийган қизнинг кўчага чиқишига акаси рухсат бермади

Тошкентлик мактаб ўқувчиси “Kiss me” (Ўп мени) деган ёзувли футболка кийиб, кўчага чиқмоқчи бўлганида акаси бунга қаршилик билдирди (“Истеъмолчи”, 4 май). Қайд этилишича, ўқувчи қиз тушунмаган ҳолда шундай футболкани сотиб олган. “Бугун кўча-кўй, майдонлар, истироҳат боғлари, жамоат транспорти, хуллас, турли жойларда айрим ёш йигит-қизларнинг кўксига хориж сўзлари ёзилган либосларда бемалол юришганига кўзингиз тушади. Ваҳоланки, бу “бемалол”лик тил биладиганларнинг лаб буришию истеҳзоли табассумига сабаб бўляпти. Чунки ёрқин ранглардаги, бир қарашда кишини ўзига жалб этадиган ушбу кийимларга “I am alone” (Мен ёлғизман), “Сall me (Менга қўнғироқ қил), “I want you, you want me” (Мен сени хоҳлайман, сен мени-чи) сингари сўзлар ёзилган”, дейилади мақолада.

XS
SM
MD
LG