Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:12

OzodDayjest: Янги парламент президент Мирзиёев учун қай жиҳатдан хатарли экани айтилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Сиёсий таҳлилчи К. Раббимов янги сайланган парламентни Мирзиёев учун хавфли, деган фикрда. Бош вазирга видеомурожаат йўллаган оқсоқол дўппосланди. Самарқандлик аёл МИБ ходимини ёқиб юборишга ҳаракат қилди.

_____________________________________________________________

Сиёсий таҳлилчи: Янги парламент президент Мирзиёев учун хатардир


Ўзбекистоннинг янги сайланган парламенти президент Шавкат Мирзиёев учун хавфлидир, деб ҳисоблайди сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов (www.sof.uz,​ 20 январь). “Жорий парламент фақат бош вазир ва Вазирлар Маҳкамаси учун жуда қулай. Сабаби, бу парламент ҳукуматни танқид қилмайди, унга босим шакллантирмайди, ҳокимият тармоқларини самарали ишлаши учун қўшимча сиёсий зўриқиш муҳитини шакллантирмайди. Яъни парламент жамият учун легитимлик маркази, жамиятдаги муаммоларни аниқловчи ва ҳал қилувчи энг олий минбар бўлмайди. Натижада, Ўзбекистонда 27 йил давомида йиғилган колоссал ижтимоий-сиёсий зўриқишлар босими яна президент гарданига юкланади. Ва кейинги йилларда ижтимоий танқидларнинг, норозиликларнинг марказий объекти яна фақат президент бўлади”, дейди К. Раббимов.

Сиёсий таҳлилчига кўра, сайлов орқали парламентга малакали ва мустақил зеҳниятли шахсларни тўплаш имконияти бой берилди.

“Аслида, мустақил парламентдан қўрқиш учун бугун ҳеч қандай сиёсий асослар йўқ эди. Ҳозирги Ўзбекистон сиёсий маданиятида ҳокимиятни ашаддий танқид қилиш зеҳнияти мутлақ мавжуд эмас. Энг танқидий руҳдаги малакали шахсларнинг парламентга йиғилиши эса президент мавқеини заифлаштириш, вазиятни чайқаш салоҳиятига эга эмасди”, деб ёзади К. Раббимов.

Қайд этилишича, янги Ўзбекистонда эски тафаккурдаги парламентнинг ташкил этилиши президент учун ҳам, мамлакат учун жиддий йўқотиш ҳисобланади.

Бош вазирга видеомурожаат йўллаган отахон калтакланди


Бош вазир Абдулла Ариповга видеомурожаат йўллаган Ўктам Ҳамроев дўппосланди (www.qalampir.uz, 23 январь). Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода отахон ўзига тегишли бўлган машина олдида бир гуруҳ аёллар томонидан калтакланаётгани акс этган. Ушбу ҳолатни суратга олган эркак оқсоқолни тинимсиз ҳақоратлаб, аёлларни уни дўппослашга чақиради.

Бир муддат аввал Ўктам Ҳамроев телефон орқали бош вазир Абдулла Ариповга видеомурожаат йўллаган ва Самарқанд вилояти Каттарқўрғон шаҳрини кесиб ўтувчи Нарпай канали бўйида уюлиб ётган ахлатлар муаммосини кўтарган. Отахон ўз мурожаатида мазкур муаммога бефарқ қараётган Каттақўрғон шаҳри ҳокими ва прокурорини танқид қилган.

“Каттақўрғон шаҳар ҳокимимиз ва уни қўллаб-қувватловчи раҳбарлар бор. Унга ҳеч ким гапиролмайди. Қачонки, биз кабилар мурожаат қилса, жиноятчига айлантиради”, дея ҳудуд раҳбарларига ўз эътирозини билдирган оқсоқол.

Ҳозирча Ўктам Ҳамроев кимлар томонидан ва нима сабабдан калтаклангани ҳақида батафсил маълумот йўқ.

Самарқандлик аёл МИБ ходимини ёқиб юборишга уринди


Самарқанд шаҳри “Тинчлик” маҳалласида яшовчи аёл Д. Р. МИБ ходимларига қаршилик қилиб, уларга бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлди (www.daryo.uz, 22 январь). МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси М.Бекмуҳаммедов 12 нафар давлат ижрочиси ёрдамида Самарқанд шаҳар судининг 2019 йил 12 сентябрдаги ижро ҳужжатига асосан жавобгар Д. Р.ни хонадонидан мажбурий чиқариш учун борган. Д. Р. эса давлат ижрочиларига ёнаётган сочиқ отган. У бу билан чегараланмай, елим идишда бензинни олиб чиқиб, ҳар томонга, шу жумладан, ёниб турган сочиққа ҳам сепган. Мазкур ҳолатда бирор-бир МИБ ходими ёки фуқаролар тан жароҳати олмаган. Турли жойлардаги ёнғин ўчоқлари ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан бартараф этилган. Самарқанд шаҳри прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, МИБ ташкил этилгандан буён 4 нафар ходим ўз вазифасини бажариш вақтида вафот этган, 200 дан ортиқ ходимларга турли даражада тан жароҳати етказилган.

XS
SM
MD
LG