Линклар

Шошилинч хабар
01 апрел 2020, Тошкент вақти: 15:11

OzodDayjest: Судьяга гапи ўтмаган ҳоким ўзи ва ҳамкасбларини қарғага ўхшатди


Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов.

Судьялар олий кенгаши Ғузор туман ҳокимининг судьяга босим ўтказиш ҳолатларига йўл қўйганини аниқлаш юзасидан текширув бошлади. Депутат UzAuto Motors муаммосини ҳал қилиш учун автозаводни хусусийлаштиришни таклиф қилди. Ёлғиз кампирнинг уйига эга бўлиш учун қотил ёллаган самарқандлик аёл 6 йилга қамалди.

______________________________________________________________

Ҳоким судьяга босим ўтказгани ҳолати бўйича текширув бошланди


Ижтимоий тармоқда фуқаролик ишлари бўйича Ғузор туманлараро судининг раиси Саттор Ақанов ва Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов ўртасидаги мулоқот аудиоёзуви тарқалди (www.daryo.uz, 14 март). Телефон орқали суҳбатда ҳоким судьядан унинг қабулига келиши лозимлигини талаб қилади. Бунга жавобан суд раиси “Сизнинг қабулингизга бормайман, кечириб қўясиз!” дейди.

Ғузор тумани ҳокими Саъдулла Бобоқулов ушбу ҳолатни изоҳлар экан, судьяга ҳоким эмас, халқ депутатлари туман кенгаши раҳбари сифатида қўнғироқ қилгани, аммо судья унга ҳурматсизлик қилганини айтган.

Саъдулла Бобоқулов ҳокимларни қарғага ўхшатган ва туманни бошқариш қийинлашиб кетаётганидан ёзғирган.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Конституциянинг 106-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгиланган. Шунингдек, 112-моддада судьялар мустақил экани, фақат қонунга бўйсуниши таъкидланган.

Сўнгги хабарларга кўра, Судьялар олий кенгаши Ғузор ҳокими томонидан суд ишларини ҳал этишга аралашиш, судьяга нисбатан қонунга хилоф равишда босим ўтказиш ҳолатларига йўл қўйилганини аниқлаш юзасидан текширув бошлаган.

Депутат Ғаниев монополист автозавод устидан “ҳукм ўқиди”


Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев монопол мавқедаги UzAuto Motors ширкати муаммосини қандай ҳал этиш борасида таклиф берди.

“Заводни ёпиб юбориш ёки импорт автомобиллар учун акциз солиғини бекор қилиш осон ечим дейиш мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, корхонага давлат томонидан юз миллионлаб доллар инвестиция қилинган. Бу дегани агар завод эртага банкрот бўлса, давлат, яъни халқ шунча пулга куяди... Менимча, биринчи навбатда ҳукумат томонидан корхонани келаси 2 йил ичида хусусийлаштириш бўйича қатъий чоралар кўрилиши лозим, корхонадаги давлат улушидан узул-кесил қутулишимиз керак. Бунда давлат улушининг камида 75 фоизини инвесторга, ҳатто 20-30 фоиз зарарга бўлса ҳам, қолган қисмини эса корхона ишчиларига сотиш тўғри бўлади”, деди депутат.

Д. Ғаниев, шунингдек, келаси 3 йил ичида импорт қилинадиган янги автомобиллар учун акциз солиғини 10 фоизча тушириш лозимлигини таъкидлаган. Қайд этилишича, ана шунда автомобиль бозорида соғлом рақобат шаклланади ва фуқароларга танлаш имкони туғилади.

Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors ширкати томонидан автомобиллар нархи 21 фоизга оширилгани жамоатчиликда кучли норозилик уйғотди. Аммо парламентдан президентга қадар – юқори минбарлардан айтилган кескин танқидларга қарамай, автомобиллар нархи қимматлигича қолаверди.

Самарқандлик аёл ёлғиз кампирнинг уйини қўлга киритиш учун қотил ёллади


Самарқанд шаҳри Беруний кўчасида яшовчи аёл ёлғиз кампирнинг уйига эга чиқиш мақсадида қотил ёллади (“Ҳуқуқ”, 19 март). Исми ошкор этилмаган аёл қўшни кампирнинг уйига кўп йиллардан бери кўз тикиб келган. Шу мақсадда ундан ҳол-аҳвол сўраб турган, бозор-ўчар қилиб берган. Шу тариқа ёлғиз кампирнинг ишончини қозонган ва кекса аёл вафотидан кейин квартирасини қўшнисига ўтказиш ҳақида васиятнома ёзиб берган. Васиятнома ёзилганидан бир неча йил ўтса-да, кампир тирик экани аёлни жиноятга етаклаган. Аёл танишининг фарзандини 1100 доллар эвазига қотилликка ёллаган. Қотилликка ёлланган йигит ҳолат ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар берган ва жиноятнинг олди олинган.

Суд ҳукми билан кекса аёлнинг жонига қасд қилган судланувчи 6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кекса аёл эса васиятномани дарҳол бекор қилган.

Шарҳларни кўринг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG