Линклар

Шошилинч хабар
12 август 2020, Тошкент вақти: 19:46

Сурхондарëда Мирзиёев танқидидан сўнг олиб ташланган постлар қайта тикланди


Қайта иш бошлаган Қизириқ тумани пости

Президент Шавкат Мирзиёев танқидидан сўнг ўтган йил декабрь ойида олиб ташланган Сурхондарёдаги йўл-патруль постлари қайта тикланди.

Ҳайдовчиларнинг Озодликка билдиришича¸ бу постларда йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекторларининг яна машиналарни тўхтатиб текшириши аввалги шаклда давом этмоқда.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг Озодлик боғланган мулозими постларнинг пахта терими пайтида хавфсизликни ошириш ва пахта ҳосилининг талон-тарож бўлмаслиги мақсадида вақтинча қайта тикланганини билдирди.

Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшайдиган ҳайдовчи Қаҳрамон Очилдиевнинг Озодликка билдиришича¸ вилоятда ўтган йил ëпилган 15 постнинг ҳаммаси бир ҳафта олдин қайта ишга тушган.

“Мен ҳозиргина Термиздан қайтдим. Яна ҳамма нарса бир йил аввалгидек. Барча постлар қайта ишлаяпти. ГАИлар мошиналари билан турибди. Деновга етиб келгунимча уч жойда тўхтатиб, ҳужжат текширишди. Машина багажини очиб кўришди. Ҳайдовчиларнинг яна кайфиятлари бузилган. Президентимиз гапининг таъсири бир йилга ҳам бормади”, дейди Очилдиев.

Қумқўрғон туманида яшайдиган Фахриддин исмли ҳайдовчи ҳам вилоятдаги аввал олиб ташланган постларнинг барчаси қайта тикланганига гувоҳ бўлганини айтади.

- Кеча Узун туманига бориб келдим. Шўрчига, Деновга, Cариосиёнинг Тўполон деган жойига постларни қўйган экан. Шу учта тумандаги постларда ГАИлар машиналарни тўхтатиб текшираётганини кўрдим, дейди Фахриддин.

Жарқўрғон туманидан Қизириқ туманига машинасида келган ҳайдовчилардан бири Озодликка аввал бўшаб ётган пост яна ишлай бошлагани акс этган суратни юборди.

Қайта иш бошлаган Қизириқ тумани пости
Қайта иш бошлаган Қизириқ тумани пости

Бу сурхонликка кўра, олиб ташланган шлагбаумлар ҳам қайта тикланган.

“Мана, Шерободдаги 42-пост қайта очилибди. Термизга кирадиган пост, Шўрчининг марказидаги пост, Деновдаги Хайробод пости, Шерободдан Дарбандга чиқадиган пост, хуллас ҳаммаси қайта тикланганига ўзим гувоҳ бўлдим. Президентнинг буйруғини булар саботаж қилаётганидан Мирзиёевнинг хабари йўқ, шекилли”, дейди жарқўрғонлик ҳайдовчи.

Сурхондарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозими, вилоят бўйича постлар қайта тикланганини тасдиқлар экан, бунинг сабабини пахта мавсуми билан изоҳлади:

- Бу тадбир пахта йиғим-теримида талон-тарожликка йўл қўймаслик ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун вақтинча муддатга ташкил қилинган. Пахта йиғим-терими тугаши билан бу постлар яна олиб ташланади, деди мулозим.

Озодликнинг, “пахтани ким талон-тарож қилиши мумкин” деган саволига эса мулозим жавоб бермади.

Мирзиёев текшириш назорат пунктлари тугатилишини буюрди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:42 0:00

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатномасида, беҳисоб йўл-патрул постлари туризмни ривожлантиришга тўсиқ бўлаётгани ва оддий одамларни қийнаб юбораётгани ҳақида гапирган эди:

"Ҳозирги вақтда вилоятлар ўртасида йўл-патруль постларининг эскича жойлашуви ҳаракатланиш эркинлигини чеклаб, савдо-иқтисодий муносабатлар, ички ва ташқи туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзингиз ўйланг, бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида 60 дан зиёд бундай пост мавжуд. Энди тасаввур қилинг, оддий одам Хоразмдан Тошкентга машинасида бормоқчи бўлса, йўлда 17 та постдан ўтади. Фарғона водийсидан келаётган киши эса 8 та ана шундай постга дуч келади", деган эди Шавкат Мирзиёев .

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси мулозими 25 декабрь куни Озодликка берган интервьюсида вилоят бўйича 15 дан ортиқ постдан олтита пост қолганини айтган эди.

Шарҳларни кўринг (12)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG