Линклар

Шошилинч хабар
29 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:27

Поп бозорида савдо қилаëтган она-болани бозордан чиқариш учун ИИБ отряди ташланди (ВИДЕО)


Наманган вилояти Поп тумани марказидаги бозорда савдо қилаëтган икки аëл ИИБ ходимлари томонидан зўравонлик билан олиб кетилди
Наманган вилояти Поп тумани марказидаги бозорда савдо қилаëтган икки аëл ИИБ ходимлари томонидан зўравонлик билан олиб кетилди

Наманган вилоятининг Поп тумани марказидаги бозор ҳудудида савдо қилаëтган она-қизни бозордан ҳайдаш учун бутун бошли ИИБ отряди ташланди ва бу рейдга шахсан туман ИИБ раҳбари ўринбосари бошчилик қилди.

1 декабрь куни юзлаб одам кўз ўнгида содир бўлган бу воқеанинг Озодликка юборилган видеотасвирида¸ афтидан¸ тегишли ҳужжатлари йўқлиги боис ИИБ зўравонлигига нишон бўлган она ва қизнинг эҳтиросли гаплари¸ воқеага томошабин бўлиб турган оломоннинг эса¸ афтидан, ИИБ ходимларига қарата “шармандалар” дегани эшитилади.

Поп туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Умид Эшонов 3 декабрь куни Озодликнинг бозордаги воқеа ҳақидаги саволини эшитиб¸ телефонини бутунлай ўчириб қўйди.

Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан гапирган тошкентлик адвокат бу видеодаги ҳодиса ИИБ ходимларига “мансаб ваколатидан четга чиқиш” айби бўйича жиноят иши очишга асос бўлишини билдирди.

Она-қизга қарши 10 га яқин ИИБ ходими ташланди

Озодликка юборилган видеодаги воқеа¸ уни юборган наманганлик тадбиркорнинг айтишича¸ 1 декабрь куни Поп тумани марказидаги эски бозор ҳудудида бўлган.

Унда рация кўтариб олган ИИБ дала формасидаги мансабдор ва яшил формадаги ўнга яқин ИИБ ходимининг икки аëлни пештахта устидаги нарсаларни йиғиштиришга мажбурлаëтгани¸ асабий ҳолатдаги аëлларнинг эса уларни қарғаëтгани кўрилади.

Наманган вилояти Поп туман марказидаги бозорда савдо қилаëтган она-қизни бозордан ҳайдаш учун бутун бошли ИИБ отряди ташланди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:19 0:00

Озодликдаги видеотасвир ИИБ ходимларининг куч ишлатиб¸ аëлларни машинага итариб тиқаëтгани билан тугайди.

1 декабрь куни Поп ИИБси замначальниги Умид Эшонов бозорга келиб¸ қуруқ мева ва сабзавот сотиб турган Тожихон опани ҳайдашга тушди. Тўполон шундан чиқди. Ўзининг ëнидаги мелисалар етмагандек¸ рация билан иккита Дамас чақиртирди ва она-қизни босиб олиб кетишди. Эски бозорда ëймачиларга кун беришмайди”¸ - дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Гувоҳларга кўра¸ Тожихон исмли аëл ва унинг 20 яшар қизи эски бозор бузилишга тушгунича ош пишириб сотиш билан шуғулланган. Бу бозор ëпиладиган бўлганидан кейин улар қуруқ ва ҳўл мева сотишга ўтган.

“Аëлнинг эри йўқ¸ ўзи оила боқади. Уялмай, сўлақмондай эркаклар шу икки ҳимоясиз аëлга ташланди. Видеода ҳам қўлларини қайиргани кўринади. Қизининг айтишича¸ уларни Дамасга босиб олиб кетишганда ҳамма ëғини пийпалаб ташлашган. Бутун бозорнинг кўз олдида шунақа ваҳшийликдан тап тортишмади. Буларнинг тепасида замначальник Умиднинг ўзи турди”¸ - дейди яна бир воқеа гувоҳи.

Айтилишича¸ она-қизлар ИИБ га олиб кетилиб¸ у ерда сўроқ қилинганидан сўнг қўйиб юборилган. Уларга нисбатан ички ишлар бўлимида ноқонуний хатти-ҳаракат содир этилган-этилмагани¸ уларнинг қандайдир жазога тортилган-тортилмагани ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ - ИИБ зўравонлигига учраган она-қиз билан боғланишга ҳозирча муваффақ бўлинмади.

Озодлик гаплашган поплик савдогарлар маҳаллий раҳбарларни туман марказидаги эски бозорда савдо қилувчиларни янгисига кўчириш¸ уларнинг савдосига тўсқинлик қилиш учун ИИБ орқали “қўрқитиш ва босим” қилиб келаëтганликда айблади.

Озодлик Поп бозорида рўй берган воқеанинг расмий тафсилотларини суриштириш мақсадида Поп туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Умид Эшонов билан боғланди.

Озодлик саволини эшитган мулозим аввалига суҳбат¸ унинг ортидан эса¸ мобил телефонини бутунлай ўчириб қўйди.

Шу боис Озодлик видеода акс этган рейдни ИИБ мулозимлари қайси асосда амалга оширганига оид расмий изоҳ олиш имконига эга бўлмади.

Видеони кўрган ҳуқуқшунос шарҳи

Озодлик видеодаги воқеага ҳуқуқий изоҳ беришни сўраб ўзбекистонлик адвокатга мурожаат қилди. Видео билан танишиб чиққан адвокат¸ шахси очиқланмаслигини сўраб¸ бу жараëнда бир неча қонун бузилиш ҳолатлари содир этилганини билдирди.

Менимча¸видеодаги тўполондан олдин ИИБ ходимлари кўчада савдогарлик қилаётган аёллардан "нарсаларингни йиғиштир"¸ деб талаб қилишган бўлиши керак. Нарсаларни йиғиштирмасдан, ИИБ ходимларини ҳақорат қилганлиги учун, ўша аёлларни ИИБга материал қилиш учун олиб кетишган. Уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ИИБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) деб айблаб, 15 суткага қамашга ҳужжат қилишган бўлишлари мумкин. Агар шундай қилишган бўлса¸ бу нотўғри ҳаракат бўлади. Чунки бу ерда улар безорилик қилишгани йук, фақат ҳақорат қилишмоқда¸ бу ҳақоратга эса ИИБ ходимларининг ноқонуний талаблари сабаб бўлган”¸- деди ҳуқуқшунос.

Озодликка видеода акс этган ҳаракатлар асосида шарҳ берган тажрибали адвокат¸ Поп бозоридаги воқеанинг видеодаги тасвири давомида кузатилган қонун бузилишларни ИИБ ходимларининг ўзи содир этганини айтади.

Биринчидан¸ ИИБ ходимлари савдо билан шуғулланаётган аёлларга "нарсангни йиғиштир" дейишга ҳаққи йўқ. Мазкур ҳолат бир гуруҳ ИИБ ходимларининг тадбиркорлик билан шуғулланишга тўсқинлик қилиш¸ деб баҳоланиб, Жиноят Кодескнинг 192-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатишга сабаб бўлади.

Иккинчидан¸ тадбиркорларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига асосан солиқ идоралари томонидан мониторинг ва ҳужжатли текширувлар ўтказилиб, агар ҳужжатсиз ишлаётган бўлса, ўшандагина ҳужжат тузилади ва қонуний чора кўриш учун судга юборилади. Лекин бу видеода мен биронта солиқ ходимини кўрганим йўқ. Шу сабабли ИИБ ходимлари ўзбошимчалик билан савдогарларга таҳдид қилишган деб баҳоланиб, Жиноят Кодексининг 206-моддаси 2-қисми билан уларни мансаб ваколатидан четга чиқиш жиноятида айблашга асос бўлади”.

Ички ишлар тизими ходимлари томонидан содир этиб келинаëтган ноқонуний хатти-ҳаракатлар¸ хусусан¸ уларнинг жиноятда ëки қонун бузишда гумонланган хотин-қизларга нисбатан шафқатсизлиги кўпдан жамоатчилик эътирозига сабаб бўлиб келмоқда.

2018 йил июлида Озодлик Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ИИБ ходимлари томонидан бозорда ўғрилик қилганликда гумонланиб, бўлимга олиб келинган аëлларнинг бу ерда қип-яланғоч қилиб таҳқирлангани акс этган видеони эълон қилган эди.

Ўзбекистонликларни жунбушга солган воқеа ортидан ички ишлар тизимининг қатор мулозимлари ишдан кетган¸ аëлларни ечинтирилганларга эса¸ қамоқ жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG