Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:15

2020 сарҳисоби: Пандемия ва меҳнат миграцияси


2020 йилда Қозоғистон чегарасида ойлаб қолиб кетган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари
2020 йилда Қозоғистон чегарасида ойлаб қолиб кетган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари

2020 йил Россияда меҳнат қилаётган миллионлаб муҳожирлар учун ўта машаққатли йил бўлди. Озодлик Радиосининг Москвадаги бюроси мухбирлари йил давомида Россияда яшаб, меҳнат қилаётган муҳожирлар ҳаёти ва фаолиятига оид видеолавҳалар, аудиоинтервьюлар ва мақолаларни бериб борди.

Россия расмийларининг “миграция оқимини камайтириш”га қаратилган чақириқлари кўпайгани ва “мигрантлар сонини қисқартириш”га қаратилган тартиб-қоидалар тинимсиз жорий этиб келинганига қарамасдан, 2020 йилда мигрантлар сонини фақат пандемия чекловларигина қисқартира олди.

2020 йил ўзбек муҳожирлари учун қандай йил бўлди? Уларни йил давомида нима хавотирга солди ва нималар қувонтирди? Озодлик йил давомида бўлиб ўтган энг муҳим воқеа-ҳодисаларга яна бир бор тўхталди.

Иш ташлаш ва норозиликлар

Ҳали коронавирус пандемияси бошланмасидан ва чегаралар ёпилмасидан аввал Россия ҳукумати 2020 йилни хорижлик ишчилар учун миграция тартибларини кучайтириш ва улар оқимини камайтиришга қаратилган чекловлар билан бошлади.

Россия Меҳнат вазирлиги 2020 йилдан меҳнат муҳожирлари ишлашига рухсат бериладиган соҳаларни янада камайтиришни режалаштирди. Режага кўра, Россияда хорижлик ишчилар аптекаларда, озиқ-овқат ва саноат моллари дўконларида ҳамда бошқа савдо объектларида сотувчи лавозимида ишлаши кескин чекланиши кўзда тутилди. Россия Меҳнат вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, мамлакат бўйлаб яна қатор соҳаларга хорижликларни жалб қилиш тақиқланади.

Масалан, алкогол ва тамаки маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконларда мигрантлар сони сотувчилар умумий миқдорининг 15 фоизидан ошмаслиги, йўловчи ташувчи автобус ва енгил машиналарда ва юк ташувчи автотранспортда мигрантлар умумий ишчилар сонининг 26 фоизидан ошмаслиги лозим қилиб белгиланиши мумкин.

Ҳукумат мигрантларга ҳеч қандай чекловсиз фақат қурилишда ишлашга рухсат берган.

Айни дамда Петербургнинг “Лахта Центр”и қурилишида бир гуруҳ меҳнат муҳожирларининг 13 ойлик иш ҳақи берилмагани устидан норозилик намойиши акс этган видеолар тарқалди. Шу йилнинг 1 февраль куни ижтимоий тармоқларда Санкт-Петербургнинг “Лахта Центр” марказида 200 га яқин ишчи ҳақ талаб қилиб, иш берувчи офиси олдида оммавий норозилик уюштирди.

Амур газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам ойлик маош тўланмагани важидан оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришган, корхона бош офисини вайрон қилганди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тартибсизликларни уюштирганликда айбланган ишчилар ҳибс этилган эди.

Йил охирига келиб эса, Москва муҳожирлар сони қарийб икки баробарга қисқариб кетгани боис турли соҳалар, хусусан, қурилиш ва коммунал хизматлар соҳасида ишчи кучи муаммосига дуч келди.

Ёнғинлар ва бахтсиз ҳодисалар

Йил давомида Россиядан Қозоғистонга бориб қайтаётган ўзбекистонликларнинг аварияга учраши, автобусларда ёниши ва йўлда қолиб кетиши тўғрисида қатор лавҳалар берилди.

Шунингдек, иш жойида нобуд бўлган ватандошлар, улар жасадларини Ўзбекистонга қайтариш билан боғлиқ муаммолар тўғрисида хабар қилинди.

Москва вилояти Раменское тумани Дурниха қишлоғида 5 май куни юз берган ёнғинда олти нафар ўзбек муҳожири куйиб ўлганди.

Озодлик ҳодиса жойига етиб бориб, ўлганлардан уч нафари аёл ва уч нафари эркак киши бўлгани, улар шу атрофдаги фермада ишлаб келган ўзбекистонликлар эканини аниқлади. Мигрантлар ўлимига электр ўтқизгичдаги носозликлар сабаб бўлгани маълум бўлди.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев кенгашнинг 2020 йил 3 августда ўтган йиғилишида пандемия ортидан юзага келган оммавий ишсизлик оқибатида меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар сони кўпайганига эътибор қаратди.

Медведевга кўра, бугунги кунда Россияга бошқа давлатлардан келган муҳожирларнинг 40 фоизи ишсиз қолган.

Россия Ички ишлар вазирлиги 25 июль куни мигрантларни “экстремизм”, “жиддий қонунбузарликлар”, жамоат тартибини бузиш ва рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишларини ўтказишда асоссиз айблаган эди. Дмитрий Медведевнинг бу сўзлари ортидан қатор миллатчи нашриёт ва ОАВларда мигрантофобия руҳидаги мақола-репортажлар кўпайди.

Пандемия, ишсизлик ва ўзаро ёрдам

Бу орада авж олган пандемия барча мамлакатларни чегараларни ёпишга ундади, жумладан Россияга кириш-чиқиш, ҳаракатланиш чекланди.

Ишсиз ва ночор аҳволда қолган муҳожирларнинг бир қисми Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга кетишга уринди. Чегараларда минглаб одамлар тўплана бошлади. Биз Россиядан олиб чиқиб кетишни талаб қилаётган ўзбекистонликлар тўғрисида кўплаб лавҳаларни бериб бордик, улар билан доимо алоқада бўлдик.

Жумладан, Внуково аэропортида қолган муҳожирлар вокзалда тунашга мажбур бўлган эди.

Россияда пандемия авжига чиққан 1 июнь куни касалланган муҳожирлардан интервью олиш пайтида Озодликнинг Москвадаги мухбири Умидбек Бобоматов ва охирги йилларда Озодлик учун видеолавҳаларни ҳозирлаётган режиссер, оператор ва монтажчи Улуғбек Йўлдош ҳам коронавирус билан касалланиб, ётиб қолгани маълум бўлди.

Бу орада Россиядан Ўзбекистонга бўлган пул ўтказмалари ҳажми кескин қисқарди. Ишсиз-маблағсиз қолган жуда кўп муҳожирлар ёрдамга муҳтож бўлди.

Петербург ва Москвадаги Ўзбекистон ваколатхонаси олдида авиачипта олиш илинжида бўлган ўзбек мигрантлари навбатлари пайдо бўлди. Чартер рейсларга илиниш ниятида кунлар давомида элчихона олдида турган ўзбеклар консулликдан саволларига жавоб беришни сўради.

Россияда қолган муҳожирларга ёрдам пунктлари тузилди. Озиқ-овқат етказиб бериш билан шуғулланувчи кўнгиллилар гуруҳлари ташкил этилди.

Ўтиб бораётган йилда Ўзбекистон элчихонаси ва айниқса, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги айрим ходимларининг Озодлик кўтарган мавзуларга эътибор қаратгани ва имкон қадар ўзбек ватандошларига кўмак беришга уринганини ҳам таъкидлаш жоиз.

Озодлик Радиоси таҳририяти ватанига қайтиш истагида бўлган ўзбек талабалари, маош ололмаётган ишчилар, кетолмай қолган йўловчилар ва маблағсиз қолган касал ва ногиронларнинг Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Мирзиёевга йўллаган кўплаб мурожаатларини узатишга уринди.

Йил охирига келиб, Россия аэропортларида қолиб кетган ўзбек муҳожирлари масаласи қайтадан кўтарилиб қолди: бу гал муаммо Россияга кирмоқчи бўлган, аммо карантин чекловлари туфайли киритилмаган ўзбек мигрантлари билан боғлиқ бўлди.

Миграция тартибларининг енгиллаштирилиши

Йил охирида Россия ҳукумати пандемия чекловларини бироз юмшатди.

Шу ўринда ўз юртига кетолмай қолган ишчи мусофирларга ҳам миграция қайдига туриш, патент тўловлари муддати ва бошқа тартиблар енгиллаштирилди. Талабаларга патентсиз ишлашга рухсат берилди.

2020 йил давомида биз жуда кўплаб одамларнинг мурожаатлари ва ёрдам сўраб қилган илтимосларини эфирга узатдик. Ёрдам сўраганларнинг кўпчилиги болали аёллар эди. Озодлик мухлислари йиққан маблағлар эвазига мушкул аҳволда қолган кўплаб ўзбекистонликлар уйларига қайтиш имконига эга бўлди.

11 яшар шаҳрисабзлик Исломбек Москва туманларидан биридаги ахлатхонада эрталабдан кечгача турли чиқиндилар йиғарди. Топган арзимас пули билан у ёлғиз онаси ва опасини боқарди. Озодлик берган лавҳасидан кейин бу оила тақдирига бефарқ бўлмаган муҳожирлар кўмагида Исломбек онаси ва опаси ҳамроҳлигида 2020 йилнинг 21 июнь куни Москвадан Ўзбекистонга учиб кетди.

Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида туғилган 23 яшар Нигина Хидирова эса 15 ёшида Россияга келиб қолган.

Минглаб ўзбекистонлик муҳожир аёллар қаторида Россияда коронавирус карантини пайтида қийин аҳволда қолган Нигина консуллик ходимлари ва Озодлик кўмагида фарзанди билан бирга ўз юртига қайтиб кетди.

Даволаниш учун Россияга келиб, карантин туфайли Санкт-Петербургда қолиб кетган 47 яшар Дурдона Наимова ҳам ўз юртдошлари кўмагида шу йилнинг сентябрида уйига қайтди.

5 яшар Петербургнинг Пушкиносида 3 қаватдан тушиб кетган Алибекка кўплаб мамлакатлардан ёрдам келди. 3 йил ўтиб у охирги жарроҳлик операциясидан эсон-омон ўтиб олгани хабарини олдик.

Москвадаги Озодлик таҳририяти мухбирлари, меҳнат муҳожирлари муаммолари билан бирга Россияда яшаб ижод қилаётган қатор санъат усталари, кино ва шоу-бизнес вакиллари, бизнесменлар, спортчилар ва блогерлар эксклюзив интервьюларини бериб борди, улар ҳаёти ва ижодига бағишлаб лавҳалар узатди.

2021 йилда биз Россиядаги муҳожирлар ҳаёти ва уларни қизиқтирадиган масалаларни кўтаришда давом этамиз.

Россия билан боғлиқ хабар-лавҳалар учун Озодлик сайти, YouTube каналимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизни кузатиб боринг!

XS
SM
MD
LG