Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:22

OzodTarmoq: Искандарнинг шохи бор ёхуд қийшиқ башаралар саҳна юзини кўрмоқда


Ўзбекистон Бош прокуратураси логоси - иллюстратив сурат
Ўзбекистон Бош прокуратураси логоси - иллюстратив сурат

18 декабрь куни Сенатнинг ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритилиши ҳақида пайдо бўлган хабарларни рад этган. Норбоеванинг айтишича, конституцияга ўзгартиришлар масаласи кун тартибида йўқ.

"Мабодо киритилган тақдирда ҳам халқимиз билан бамаслаҳат иш тутилади. Конституция жуда ҳам муҳим қомусимиз. Ўзбекистонда ҳеч қайси қонун ҳужжати "сирли" қабул қилинмайди. Ҳамма нарса очиқ-ошкора қабул қилиняпти, кўриб чиқиляпти", - дея Сенат раисининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz нашри.

Мамлакатнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятини амалга оширадиган Сенатнинг ялпи мажлиси қонун назорати учун масъул Бош прокуратура тизимидаги можаро манзарасида ўтмоқда. Олий Мажлиснинг Сенат ва Қонунчилик палатаси ҳозирга қадар Бухоро шаҳар прокурори ва Бош прокурор ҳамда ўтмишда Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев орасидаги коррупция можаросига муносабат билдирмаган. Аввалроқ Президент Халқ қабулхонаси иддаолар текширилиши ҳақида баёнот берган эди.

Ўзбекистонлик журналист Умид Сориев Argument_uz Телеграм каналида эълон қилган мақоласида бу ва бошқа можаролар ҳамда Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳақида мушоҳада юритади. Мақола муаллифнинг розилиги ва жузъий қисқартириш билан эълон қилинмоқда.

Блог муаллифларининг фикри Озодлик нуқтаи назарини акс эттирмайди.

Искандарнинг шохи бор

ёхуд қийшиқ башаралар саҳна юзини кўрмоқда

(Таҳлил)

Қадимда подшоларга маза бўлган экан-да. Искандариям, бошқалариям дейман-да. Дейлик, битта-яримтаси "Искандарнинг шохи бор" деб най чалиб юборса ё пинҳона хирургик йўл билан ўша шохни олиб ташлаган, ё "Э, сеними" деб ўша норози бўлиб, қудуққа қичқирганнинг бошини олган қўйган, тамом-вассалом.

Ҳозир Ўзбекистонда бўлаётган ижтимоий портлашлар, норозилик, исён шу даражага етдики, жамиятнику, қўяверинг, ижтимоий тармоқларни портлатиб йўқ қилиб юбормаса, деб қўрқасан киши. Айтгандай, АЙБДОРИ ТОПИЛМАЁТГАН САРДОБА СУВ ОМБОРИ МАМЛАКАТДАГИ КУН САЙИН КУЧАЯЁТГАН ВАҲИМАДАН ЁРИЛИБ КЕТМАДИМИКИН?

Наманганда бир аёл МИБ ва ички ишлар ходимлари кўз ўнгида ўзига ўт қўйди. Андижонда бир аёл прокуратура олдида ўзига ўт қўйди. Сирдарёнинг Ширин шаҳрида бир аёл икки гулдек гўдаги билан ўзини сувга ташламоқчи бўлганида экология ходимлари қутқариб қолишди. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги олдида ишсиз, юпун аёл "Тупурдим, Ўзбекистонга" деб ҳайқирди. Ҳар куни юракларни зир титратувчи бир-биридан мудҳиш хабарлар...

Буларнинг барчаси жамиятда юзага келган кескин тарангликни, қонунларнинг ишламаслиги, моддий бойликларнинг бир пайтлар шоир Жўқи "Нафсинг ўхшар наҳангга, офарин иштаҳангга" деганидек, очофат аждарҳолар томонидан ютиб юборилаётганини, миллионлаб одамлар ишсизликка, юпунликка, очликка гирифтор этилаётгани етмагандек, бола-чақаси билан қишда газсиз, светсиз совуқ қотишга маҳкум этилаётганини кўрсатмоқда.

О, биродаримей. Яқинда бундан ҳам қизиғи бўлди. Сену биз қалъага ўхшатган, ташқаридан қўриқланадиган, ҳар қандай шикоят ёриб киролмайдиган прокуратуранинг авра-астари очилди. Бухоро шахар прокурори Жасур Фозилов республика бош прокурори ўғрилар ҳомийси, бош порахўр, деганидан "Менга қилса юз жафо бир марта фарёд айламам" деб юрган уятчан халқимиз ҳижолатда қолди.

Қарашларида доимо "Қаматиб юбораман" деган дағдаға зуҳр этиб турадиган, уйлари қасрмонанд, одамларни, корхона-ю ташкилот раҳбарларини зир титратиб турадиган бу тизим одамларида ҳам дард бўларканми?

Тавбангдан кетай. Жасур Фозилов бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг нафақат Бухородаги, балки Тошкент вилоятининг Пскент туманидаги жиноятларидан ҳам хабардор экан.

Энди кимга дод дейсан? 30 йил давомида 50 минг сўм олган-порахўр, бир халта дон олган-давлат жиноятчиси аталди. Гоҳ даламизни, гоҳ уйимизни бузишди, ҳатто арзимаган иш ҳақимизга ҳам чанг солишди. Халққа келганда қонунлар ишламади. Қонунларни истаганича ўзларига мослаб олишди. Конституция деганимиз ўнямоқ бўлиб кетди...

Ички ишлар жарима касалига йўлиққанига анча бўлди. Ҳайдовчи ва йўл патруль хизмати ходимлари можароси кунора ижтимоий тармоқларни жунбушга солмоқда. Ҳатто жаримашунос командирларнинг топшириқлари ҳам оммага ошкор қилинмоқда.

Ибтидоий одам шўрлик кўп савол бермаса, бермагандир. Қорни тўқ, усти бут бўлса кифоя қилгандир. Бугунги автократик режим эса порахўрлик, коррупция, зўравонлик, қонунсизлик туфайли чок-чокидан сўкилмоқда. Гоголнинг "Ревизор" комедиясидаги сингари қийшиқ башаралар саҳна юзини кўрмоқда.

Умид СОРИЕВ,
журналист

XS
SM
MD
LG