Линклар

Шошилинч хабар
01 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:56

OzodTarmoq: Жарга етаклаётган жаҳолат


Туркистонда жадидчилик ҳаракати намояндалари. Иллюстратив сурат
Туркистонда жадидчилик ҳаракати намояндалари. Иллюстратив сурат

2016 йилгача импорт чекловлари, конвертациянинг йўқлиги, маҳаллийлаштириш дастурлари, автаркия орқали қанча пул топилганини ва нима учун монополия ёмон эканлигини тушуниш учун халқнинг беш йил умри кетди.

Шу беш йил давомида кўплаб иқтисодчилар, публицистлар ва журналистларнинг саъй-ҳаракатлари билан одамлар тушуниб етди. Ҳозир кўчада дуч келган болакай ҳам монополия нима экани ва нега у истеъмолчини янада қашшоқ қилишини билади.

Биз ўйиннинг янги босқичига ўтдик. Бу ёғи янада қийин бўлади. Бир давлатнинг бошқа давлат устидан сиёсий ва иқтисодий ҳукмронлиги қандай амалга оширилишини тушуниш учун ўз тарихимизни яхши билишимиз керак. Биринчи навбатда мустамлакачилик даври тарихини.

Тарихни билганлар Россия билан савдо-сотиқ қилган йирик савдогарлар ўлкамизнинг босиб олинишига қандай ҳисса қўшгани, 1865 йилда рамзий маънода Тошкент калитини топширгани, кейин эса шаҳарни Россия империясига қўшиб олишни сўраганини яхши эсласа керак. Жуда қизиқ ўхшашлик, шундай эмасми?

Ёки жадидларга қарши курашда уламоларнинг роли қандай бўлганини, энг муҳим паллада улар қайси томонда бўлганини унутмагандирсиз.

Ёки нега мамлакатимизда пахтани оммавий етиштириш 1865 йилда АҚШда қора танли қуллар пахта плантацияларидан озод қилингандан кейингина пайдо бўлганию Иваново мануфактуралари эса Америка пахтасига жуда муҳтож бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак. Туркистоннинг забт этилиши бевосита ресурс базаси билан боғлиқ эди. Ўшандан кейин бизга Америка чигитини олиб келишди ва етиштирилган пахта ўша Ивановодаги корхоналарга жўнатилди. Биз эса уни кўкларга кўтариб, гербимизда тасвирлаб юрибмиз...

Биз ҳатто “Қарғалар” қўшиғи “Ялла” гуруҳининг шўх рақсбоп қўшиғи эмас, балки 1915-1916 йилларда Уралдан ҳам нарироққа поездларда оғир меҳнатга – темир йўл қурилишига мажбуран олиб кетилган йигитларнинг ғамгин қўшиғи эканини ҳам унутиб қўйдик...Меҳнат муҳожирларининг таъсирчан прототипи.

Бизда сиёсатшунослик фан сифатида йўқ қилинди. Факультетлар, кафедралар ёпилди, мутахассислик олиб ташланди. Тарихни билмаслик ва сиёсатшуносликнинг фан сифатида йўқлиги хатоларни такрорлаш учун ажойиб замин яратади. Сўнгги 150 йилда бизни жаҳолат, содда-гўллигимиз, воқеликни баҳолашда юзакилик, таҳлил қила олмаслик ва сабаб-оқибатини кўра олмаслик мунтазам равишда ҳалок қилди.

Ҳозир ҳам, афтидан, жарга етаклаяпти...

Азиза Умарова, Smartgov Consulting раҳбари, блогер

(#Aziza Umar Kundaligi Телеграм-каналидан олинди)

OzodTarmoq рукнидаги муаллифларнинг нуқтаи назари таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди.

XS
SM
MD
LG