Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:08

"Уятмен", "Ўйнаш ҳоким" ва бошқалар. Янги давр ҳодисасига оид викторина


OzodMaktub рукнида ўзбекистонлик блогер Тили Бийрон Индамасовдан (ҳар ҳолда имзо шундай) 17 октябрь куни Озодликка келган матнни қуйида эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

Матн таҳрирсиз, имлоси ва стилистикаси сақланган ҳолда берилмоқда.

***

Ислом Каримовнинг Муз даври тугаб, музлар эрий, кунлар исий бошлагач, ўз инларида ун чиқармай чорак аср жон сақлаган ўзбек мулозимлари инларидан бирин-кетин бош чиққара бошлади, баъзилари нафақат бош чиқара, ҳатто бўй кўрсата бошлади, тилларининг тугунлари ечилиб, тиллай бошладилар.

Иссиққина инлардан аввалига имомлар, сўнг давлат ва жамоат арбоблари чиқди. Оз фурсатда улардан баъзилари тилли-жағли эканини кўрсатишга улгурди - Янги Замон Нотиқларига айланди.

Нотиқлар ирод этган нутқлардаги айрим хос унсурлар халқ оралаб қанот қоқиб учди. Қанот қоқиб учдию ўз эгасига қайтди - эгаларига брэнд бўлиб ёпишди.

Қуйида ўша брэндлардан баъзиларини келтираманки, улар кимларга тегишли эканлигини топишга уриниб, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисалардан қай даражада хабардор эканлигингизни текшириб кўринг. Яъни брэндни ўқийсизу унинг ёнига исм-фамилияни "ёзасиз":

"Гинеколог имом - ..."

"Дангаса имом - ..."

"Ҳорроми ҳоким - ..."

"Думбул ҳоким - ..."

"Любая бизнес хороша ҳоким -..."

"Уятмэн - ..."

"Тунги Шумахер - ..."

"Қовурилган муовин - ..."

“Маънавий сенатор - ..."

"Ариққабосар вазир - ..."

"Ўйнаш ҳоким - ..."

Бу руйхат янги ва янги хилма-хил, лекин келтирганларимиздай беўхшов эмас, балки "ўхшов" брэндлар билан тўлиб борса ажабмас.

Ҳар ҳолда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Alter Ego Ютюб каналига берган интервьюси "ажабмас" дейишга изн бергудай.

Алламжонов Каримов даврида кўзга кўринмас мулозимлар фаолияти фақат бир шахс ҳукмида бўлганини айтиб, жорий вазият тубдан ўзгарганига ишонтиришга уринди.

Комилжон ака ҳозирда жамоатчилик танқиди ўқидан яраланаётган давлат мулозимлари учун “тарбиявий жараён” бораётганини айтган ва вақт ўтиши билан улар ўз устида ишлай бошлашига умид билдирган.

Ўтган қисқа давр мобайнида журналистлар ва блогерлар томонидан "гриль-ўчоққа илиб қўйилиб, обдон қовурилган мулозимларнинг баъзилари жаримага тортилди, Президентдан танбеҳ эшитиб, кечирим сўради. Бир нечаси ишдан ҳайдалди. Ҳатто қамалди ҳам!

Хўш, бундай тарбия усулидан Ўзбекистонда ҳаёт енгиллаб қолдими? Ҳа, девориш мушкулов!

Аммо воқеаларни кузатаётганлар учун ҳаёт завқлироқ бўлиб қолгани рост. Прикольнийроқ дейшармиди?

Тили Бийрон Индамасов

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Бу рукнда берилган материаллар муаллифлари қарашлари Озодлик қарашларига мос келмаслиги мумкин.​

Алоқадор

XS
SM
MD
LG