Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:03

Тошкентда боғча пули қимматлади, қишлоқларда эса, арзонлади


Боғча тўловлари арзонлагач қишлоқ болалари ҳам боғчага қатнай бошлади
Боғча тўловлари арзонлагач қишлоқ болалари ҳам боғчага қатнай бошлади

Жорий йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги болалар боғчаларида тўлов нархи 24,3 фоизга қимматлади. Қишлоқ жойларида эса боғча пули 50 фоизга арзонлади.

Пойтахт боғчаларида нарх кескин кўтарилди

Президентнинг 29 декабрдаги ПҚ-3454-сонли қарорида бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун 2018 йилда ота-оналардан олинадиган тўлов миқдори шаҳар ва қишлоқ ҳудудлари учун алоҳида-алоҳида белгиланган.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ Тошкентда 5 кунлик иш ҳафтасида ота-оналарнинг 1 болага боғча тўлови учун харажатлари 22,6%га, 6-кунлик иш ҳафтасида 24,3%га оширилди.

Битта қизи Сергелидаги 589-болалар боғчаси тарбияланувчиси бўлган Гулихоннинг Озодликка айтишича, нархнинг бирдан оширилиши ота-оналарни қийнаб қўйган:

- Бирданига боғча пули ошиб кетди. Ҳар йили 10 минг -10 мингдан ошарди боғча пули. Бу гал 35 минг сўм оширилди. 155 минг сўм бўлиб кетди битта болага. Турмуш ўртоғим ишлайди. 600 минг сўм ойлик олади. Қандай тўлаймиз энди? Ҳамма нарсасига етказиб бера оламизми? Боғча опасининг туғилган куни бор. Туғилган кунига 15 мингдан йиғамиз. Инглиз тили машғулотига 15 мингдан йиғамиз. Ҳисобланг, қанча пул бўлиб кетади. Фонд пули бор 15 минг. Унга йиғамиз. Фонд пулини йўқотишсин ёки боғча пулини арзонроқ қилишсин,- дейди Гулихон.

Янги ташкил қилинган Мактабгача таълим вазирлиги ходими пойтахт боғчалари учун тўлов нархлари кўтарилганини Тошкент шаҳрида озиқ-овқат нархи мамлакатнинг бошқа жойларига нисбатан қимматлиги билан изоҳлади.

Қишлоқларда эса боғча пули кескин арзонлади

Айни пайтда 1 январдан бошлаб қишлоқларидаги болалар боғчаларида ота-оналар томонидан тўланадиган тўлов миқдори 33 фоизга камайтирилди. Шунингдек, туман марказларидаги боғчалар учун 5 фоизга, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлардаги боғчаларда 9 фоизга, вилоят марказларида эса боғча учун тўловлар 1 фоизга камайтирилди.

Жумладан, қишлоқларда ҳафтасига 5 кун, кунига 4-5 соатдан ишлайдиган боғчалар учун бир ойлик тўлов 13 минг сўм, вилоят марказларида бу нарх 18 мингдан 176 минг сўмгача бўлиши мумкин.

Шунингдек, Қорақалпоғистон, Хоразм вилояти, Навоий вилоятининг Томди, Учқудук, Конимех, Нурота туманлари ва Зарафшон шаҳри учун имтиёзлар тақдим этилди. Ушбу ҳудудлардаги болалар боғчалари учун тўлов нархи 2 баравар арзонлади.

Хоразмнинг Янгибозор туманида яшовчи Маржон уч фарзанднинг онаси. Маржон шу пайтгача боғча пули қимматлиги боис болаларини боғчага бермаганини ва нарх 50 фоизга арзонлагач бир ўғлини боғчага берганини айтди:

- Маҳалламизда “Нафосат” болалар боғчаси бор. Тўрт ёшли ўғлимни шу ерга бердим. Пули арзонлади, 20 минг сўмга туширдилар бир ойлик пулини. Аввал бир кунига 2,5 минг сўмдан эди. Шунинг учун болаларимни боғчага бермасдим. Ҳозир арзонлатгани учун боламни бердим, - дейди Маржон.

Мактабгача таълим вазирлигининг Озодлик суҳбатлашган ходими қишлоқ ҳудудларидаги боғчалар учун тадбиркорлар ҳомийлиги йўлга қўйилиши сабаб тўлов нархларининг арзонлаштирганини айтди. Шунингдек, вазирлик ходими қишлоқ боғчаларида тўлов нархларини арзонлатиш орқали чекка ҳудудлардаги болаларни ҳам боғчаларга жалб қилиш режаланганини таъкидлади.

Мирзиёев декабрь ойида ўтказган видеоселекторларидан бирида боғчаларга ҳомийлик қилиш вазифаси фермер ва тадбиркорларга юклатилишини таъкидлаган эди.

Ўтган йили Мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилиниб, унга Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи директори, сенатор Агриппина Васильевна Шин раҳбар этиб тайинланди.

Янги вазирлик ушбу соҳада бир қатор ўзгаришларни амалга оширмоқда, Жумладан, жорий йилдан яслилар фаолияти бутунлай тугатилиб, давлат боғчалари болаларни фақат 3 ёшдан қабул қилади.

30 сентябрда президент "Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ушбу фармонга кўра, мамлакатдаги боғчалар фаолиятини яхшилаш режаланиб, нафақат давлат бюджетидан молиялаштирадиган боғчалар балки хусусий боғчалар фаолиятини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. Бугунги кунда мамлакатда хусусий боғчалар сони бармоқ билан саноқли. Жумладан, Сурхондарё вилоятида атиги 3 та хусусий болалар боғчаси бор.

XS
SM
MD
LG