Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 05:55

OzodDayjest: Мутахассис ўзбек-хитой вакцинасининг самарадорлигига шубҳа билдирди


ОТМга киришда имтиёзлар кўплиги танқид қилинди. Ўзбекистонда фарзанд асраб олиш учун салкам 20 йил навбатда туриш керак. Ўзбекистонлик шифокор ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси ЖССТ рўйхатидан ўтмаганига эътибор қаратди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Ўзбекистонда ҳар йили 200 нафар бола фарзандликка берилмоқда, навбатда турганлар сони эса ўн баробар кўп

Ўзбекистонда фарзандликка олиш тартибига ўзгартириш киритилиши кутилмоқда (www.kun.uz, 21 июль). Бу борадаги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилиняпти.

Муҳокамалар жараёнида бугунги кунда фарзандликка олиш истагида навбатда турганларнинг сони фарзандликка берилаётганларга нисбатан анча юқори экани таъкидланган. Хусусан, фарзанд асраб олиш учун 2018-2019 йилларда 1,9 минг, 2020 йилда эса 1,5 минг нафар фуқаро васийлик ва ҳомийлик органларида навбатда турган. Фарзандликка берилаётганлар эса ҳар йили ўртача 200 нафарни ташкил этади.

Амалдаги қонунчиликка кўра қасддан содир этган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар вояга етмаганларни фарзандликка олиши тақиқланган. Мазкур норма ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турлари (иқтисодиёт, экология соҳасидаги жиноятлар ва ҳ.к.) учун ҳам татбиқ қилиниши инсон ҳуқуқларининг чекланишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган йили Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ҳам бола асраб олишдаги бюрократияни танқид қилган эди.

“Мамлакатда фарзанд асраб олишга бўлган талаб юқори. Чунки биз болажон халқмиз. Аммо ҳозирги ҳолатда фарзанд асраб олмоқчи бўлганлар ўртача 18 йил навбат кутишга тўғри келади. Республикада амалдаги фарзандликка олиш тартиби жуда мураккаб. Қоғозбозлик амалиётлари жуда ҳам кўп. Шаффофлик йўқ. Навбат қачон келишини билиб бўлмайди. Навбатнинг электрон тизими шакллантирилмаган. Бу эса мавжуд тартибни айланиб ўтишга, коррупцион муносабатларнинг шаклланишига, чақалоқ савдосининг кўпайишига олиб келади”, - деган эди Т. Норбоева.

Шифокор ўзбекистонликлар оммавий эмланаётган вакцинани чалажон жангчига ўхшатди

Шифокор ва публицист Муаззам Иброҳимова Ўзбекистон аҳолиси ковидга қарши оммавий равишда эмланаётган ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг самарадорлигини шубҳа остига олди.

Мутахассис Хитойнинг “Anhui Zhifei Longcom” ширкати ва Хитой Фанлар академияси Микробиология институти ҳамкорлигида шошилинч яратилган вакцина Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўйхатидан ўтмаганига эътибор қаратган.

М. Иброҳимовага кўра, ушбу вакцинани дунё бўйича фақат Ўзбекистон қўлламоқда. Ҳатто Хитойда ҳам мазкур эмдоридан фойдаланилаётгани йўқ. Шифокор ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг самарасини паст дея баҳолаган.

“Танамизга вакцина билан вируснинг айрим заррачаларигина юборилгани боис у вируснинг мураккаб феъл-атворини очиб бера олмайди ва бу вакцинанинг самарадорлигини чеклайди. Соддароқ тушунтирсам, ZF-UZ-VAC2001 ўзбек-хитой қўшма вакцинаси билан эмланганимиздан сўнг организмимизда қурол-яроғини аранг кўтариб турган чалажон жангчи пайдо бўлади... Уни мутлақо самарасиз дейиш фикридан йироқман, чунки чалажон аскар ҳам вирус билан курашишга ҳаракат қилади. Лекин ҳозир ундан самаралироқ вакциналарни ҳам олиб келиш имкониятимиз бўлатуриб нега ҳукумат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва хитойликларнинг ўзи ҳам тан олмаган вакцинани миллионлаб дозада олиб кираётгани кулгили эмасми?” деб ёзган шифокор М. Иброҳимова.

Аввалроқ Асаб ва руҳият илмий-тиббий маркази директори, профессор Зарифбой Ибодуллаев ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг яратилиш босқичлари ҳақида маълумотлар йўқлигини айтиб, мазкур вакцина қўлланишининг мақсадга мувофиқлигини шубҳа остига олган эди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги З. Ибодуллаевнинг эътирозлари ноўрин ва ҳақиқатга тўғри келмаслиги, у томонидан тарқатилган видеоматериаллар аҳолини чалғитаётганини билдирган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳозирга қадар Ўзбекистонга 8,5 миллион доза ўзбек-хитой вакцинаси келтирилган.

Университетга киришда ҳарбийлар ва ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига нега имтиёз берилиши керак?

Олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонида юқори балл олиб ҳам грантга эмас, шартнома асосида ўқишга кириш оғриқли ҳол. Чунки ажратилган грантларни аллақачон имтиёзлилар эгаллаб олган бўлади (“Маҳалла” газетаси, 17 июль).

Қайд этилишича, ўтган йили кириш имтиҳонида 16 та тоифага (“Зулфия”, “Мард ўғлон”, “Ниҳол” давлат мукофотлари соҳиблари, олис чўл туманлари ёшлари, ёш тасвирий санъат усталари, ёш филологлар, Ёшлар иттифоқи фаоллари, ҳарбий соҳа, ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари, “Темурбеклар мактаби” битирувчилари, имконияти чекланган ёшлар, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, “Тарбиячи” кўрик-танлови ғолиблари, халқаро олимпиадалар ғолиблари, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар ҳамда сўхлик мактаб битирувчилари) имтиёз қўлланган.

“Жорий йилда бошқа имтиёзлар ҳам қўшиляпти. Аммо ҳали тўлиқ маълумотлар тақдим этилганича йўқ. Аслида бундай ҳолатларда имтиёз тақдим этилиши нечоғли адолатли? Баъзи бир имтиёзлар борасида яна бир карра ўйлаб кўрилса, яхши бўларди. Мисол учун, ҳарбий соҳа ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига нега имтиёз берилиши керак? Ахир, бу фуқаро ўз хоҳишига кўра, шу соҳани танлаган ва давлат унинг меҳнатига яраша маош билан таъминлаб турган бўлса, фарзандига имтиёз бериш шартмикан?” дея савол қўяди “Маҳалла” газетаси.

Шарҳларни кўринг (3)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG