Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:11

OzodDayjest: Кушербоев фуқаролар қабулига эътиборсиз қараётган Олий суд вакилларини танқид қилди


Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев
Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев

Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Олий суд вакилларининг фуқаролар учун қабул эшикларини ёпиб қўйганига норозилик билдирди. Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги иқтидорли болалар мактаби ўқувчилари пойтахт четидаги ташландиқ бинога йўлланди. Самарқанд вилоятидаги абгор аҳволга келган йўл 30 йил мобайнида бирон марта ҳам таъмирланмагани айтилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Депутат Кушербоев: “Олий суд вакиллари, сизлар ойдан тушганмисизлар?”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев Олий суд вакилларининг фуқаролар учун қабул эшикларини ёпиб қўйганини кескин танқид қилди (“Ҳуррият” газетаси, 20 январь).

Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида спикер Н. Исмоилов олий маҳкама фуқароларни қабул қилмаётганига эътироз билдирганда Олий суд раиси ўринбосари И. Муслимов қабул масаласида муаммо бўлмаслиги ҳақида ваъда берган. Аммо вилоятлардан умид билан келган аризачилар ҳали ҳам Олий суд эшиги тагида кун бўйи сарғайиб вақту ишончини йўқотяпти.

“Олий суд, сиз парламентни, 34 миллионлик халқ вакилларини ҳам алдадингиз. Биз сиздан биргина нарса – ўз халқингиз, фуқароларни қабул қилишни, эшитишни сўрадик, холос... Сиз ойдан тушганмисиз ё халқдан устун олий ирқданмисиз?” дея кескин савол қўйган Р. Кушербоев.

Депутат суд давлат идорасига эмас, аввало фуқароларнинг манфаатларига хизмат қилиши лозимлигини урғулаган.

“Бизни популизм ва асоссизликда айблаб, идорама-идора шикоят қилиш ва фалонча фуқарони қабул қилиб ташладик деган статистика билан “реакция” қилиб, ўзингизни оқлашдан аввал фуқароларни қабул қилишни бошланг. Майли, шунда биз популист ва ёлғончи бўлишга розимиз, фақат сиз фуқароларни қабул қилинг ва эшитинг!” дея талаб қўйди 2020 йилда “Йил одами” деб топилган депутат.

Иқтидорли болалар вайронада ўқишга мажбур бўлмоқда

Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги иқтидорли болалар мактаби ўқувчилари пойтахт марказидаги ўқув биносидан маҳрум этилиб, шаҳар четидаги ташландиқ вайронага юборилди (www.podrobno.uz, 19 январь). Қайд этилишича, маданият вазири лицей биносини янги ташкил этилган Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институтига олиб берган.

Мусиқа муаллимлари йил давомида бинода тозалаш ишларини қилишга мажбур бўлган. Халқ таълим вазирлиги тизимидаги ўқитувчилар маоши оширилаётган бир пайтда лицей педагоглари иш ҳақи қисқартирилган.

Иқтидорли болалар таҳсил оладиган лицейга ажратилган бинода на сув, на иссиқлик таъминоти мавжуд. Деворлар моғорлаб-захлаб кетган. Ўқувчиларнинг ота-оналари жамоатчиликдан ушбу очиқ адолатсизликка эътибор қаратишни сўрамоқда.

“Мусиқа санъат равнақ топиши, болалар ўз иқтидорини намоён этиши учун рисоладагидек бино беринглар! Болалар маданият ва санъат ҳали мамлакат учун керак эканини ҳис этсинлар”, деган ота-оналар.

Чорак асрда таъмирланмаган йўлни аҳолининг ўзи ямаяпти. Аммо бу токайгача?

Самарқанд вилояти Нуробод тумани Ўртабўз қишлоғини туман маркази билан боғловчи автомобиль йўли СССР даврида қурилган. Анча йиллардан аввал абгор аҳволга келган йўл 30 йил мобайнида бирон марта ҳам таъмирланмаган (www.kun.uz, 16 январь).

“Инсон сабрининг чегараси бор дейилгандай, ўртабўзликларнинг сабри шу кунларгача етди. Туман ҳокимлигига, туман йўллардан фойдаланиш корхонасига ва яна бошқа бир қатор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилавериб чарчаган қишлоқ аҳли охири шу кунларда ҳашарга чиқди ҳамда йўлни қўлбола усулда таъмирлашга киришди”, деб ёзган нашр.

Энг қизиғи, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасининг сайтида ушбу йўл қониқарли ҳолатда дея нотўғри маълумот берилган.

“(Одамлар) оиласи учун, бола-чақаси учун сарфлаши лозим бўлган пулдан йўл таъмири учун ажратяпти. Аммо бу ҳолат қачонгача давом этади? Қачонгача турли давлат ташкилотлари бажариши керак бўлган ишларни халқ ҳашар йўли билан бажаради?” дея савол қўйган Kun.uz нашри.

XS
SM
MD
LG