Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:46

OzodDayjest: Япониялик олим Ўзбекистон ривожига жамиятдаги патримониализм тўсқинлик қилаётганини урғулади


Япониялик олим таниқли олим Фрэнсис Фукуяма
Япониялик олим таниқли олим Фрэнсис Фукуяма

Кипарис дарахти хариди бўйича танловда бир тадбиркорга тегишли уч корхона иштирок этгани эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жаҳонга машҳур олим Фрэнсис Фукуяма Ўзбекистон тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммога эътибор қаратди. Юлдуз Усмонова президент сайловида кимга овоз бериши ҳақида гапирди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Фрэнсис Фукуяма: Фуқаролар элита билан шахсий муносабатсиз ҳам униб-ўсадиган тизим яратилиши керак

Жаҳонга машҳур файласуф ва сиёсатшунос, Стэнфорд университети профессори Фрэнсис Фукуяма “Hoshimov iqtisodiyoti” лойиҳасининг меҳмони бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши омиллари ҳақида фикр билдирди (www.gazeta.uz, 12 август).

“Ўзбекистон иқтисодий ўсиши бўйича айрим қўшниларига қараганда унчалик ёмон натижага эришмади. Аммо, менимча, ўсиш барқарор эмас, чунки у нисбатан кам сонли хомашё товарларига асосланган. Ўйлашимча, жамиятнинг узоқ муддатли иқтисодий ўсиши кўп ҳолларда аҳолининг инсон капиталининг ривожланишига боғлиқ. Бу асосан таълимга ва кўникмалар орттиришга боғлиқ. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Узоқ Шарқ, Европа ва Яқин Шарқ ўртасидаги ўзаро боғловчи вазифасидан ҳам фойдаланиш керак”, деган олим.

Фукуяма Марказий Осиё мамлакатларида инклюзив институтлар шаклланишига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган омилларга ҳам тўхталди.

“Марказий Осиёда катта тўсиқлардан бири патримониализм (patrimonialism) тушунчасидир. Бунда давлат маълум даражада барқарорликка эга бўлади, аммо бу барқарорлик давлат раҳбарининг оиласи ва дўстлари билан шахсий муносабатлари атрофида қурилади. Ушбу турдаги жамиятда “crony capitalism” (фақат таниш-билишлар учун бўлган капитализм) иқтисодий тизими ривожланади”, деган у.

Профессор Фукуяма мамлакат ривожланиши учун патримониал тизимни орқада қолдириб, барча учун инклюзив, яъни фуқаролар президент ёки кучли элита билан шахсий муносабатларсиз ҳам давлатга алоқадор бўла оладиган тизимни яратиш кераклигини таъкидлаган.

Олим демократия равнақи учун зарур шароит ҳақида фикр билдирар экан, бу борада танқидий фикрлашни шакллантирадиган таълим муҳим эканини урғулаган.

“Пошшойимиз чарчаб қолмасин” – Юлдуз Усмонова Шавкат Мирзиёев ҳақига дуо қилди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова жонли эфирда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, жорий йил 24 октябрь куни ўтадиган президентлик сайловида кимга овоз бериши ҳақида ҳам гапириб ўтди, деб хабар берди Daryo.uz нашри.

“Пружинани босиб-босиб қўйиб юборсанг, у узоққа отилиб кетади. Мана ҳозир тобора ривожланяпмиз, балки Ўзбекистон учун яшаб ўтган кунларимиз керак бўлгандир. Ҳозир бизда шунақа ўсиш кетяпти, ҳамма жой чиройли, одамлар эркин, улар нима ўйлашидан, қандай фикр билдиришдан қўрқмаяпти. Бу жуда яхши. Ҳақиқатан ҳам, ҳаммаси яхши. Агар пахта қўя олганимда, қалинидан қўярдим”, деган хонанда.

Ю.Усмонова президент Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирар экан, бошқаларни ҳам уни дуо қилишга чақирган.

“Пошшойимизга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Дуоларимда шу одам. Шу одам мана шу кетишда уёқ-буёққа бурилмай, мана шундай кетаверсинлар. Демократиямиз шундай кетаверсин. Мен шундай қўрқаман бузилиб қолмасин йўлимиз, машинамиз тормоз олиб, тутаб қолмасин, деб. Ҳозир яхши кетяпмиз. Шунинг учун мана шу сайловда мен шу одам биланман. Жуда яхши одам. Кўз тегмасин! Юртимизга, эркинлигимизга кўз тегмасин, дуо қилинглар. У одамни ҳам дуо қилинглар – пошшойимизни, чарчаб қолмасин. Назар чарчатади”, деган у.

Ю.Усмонова 2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Ярим миллиард сўмлик давлат хариди танлови бир тадбиркорга тегишли уч корхона иштирокида ўтди

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Бурчмулла ўрмон хўжалиги кипарис дарахти хариди бўйича танлов ўтказди. Унда учта иштирокчи қатнашди – учала корхона ҳам айни бир шахсга тегишли (www.kun.uz, 9 август).

Танлов натижаларига кўра, “МТМ Таъминот” МЧЖ 2,5-3 метрлик кипарис дарахтининг ҳар бирини 270 минг сўмдан, жами 1640та кўчат харид қилиш учун шартнома тузилган. Шартнома қиймати – 442,8 млн сўм. Танловда, шунингдек, “Мунис Келажак Иқбол” ХК ва “Мега Барака Соф” МЧЖ ҳам ўз таклифи билан қатнашган. Маълум бўлишича, юқоридаги учала корхона ҳам бир кишига – Эгамбердиев Равшан Валиевичга тегишли.

Бурчмулла ўрмон хўжалиги 2021 йил май ойида ўтказган бошқа бир танловда хўжалик раҳбарининг ўғлига тегишли корхона ғолиб чиққан.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов аукцион ёки тендерда аффилланган шахслар (расмий равишда бириктирилган шахслар жамоаси) битта лотда қатнашиши тақиқланишини айтган.

Аввалроқ республика бўйича бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 141 млрд сўмлик 458та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилгани хабар қилинган эди.

XS
SM
MD
LG