Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:36

OzodDayjest: Мирзиёев Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевни танқид қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда) билан
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапда) Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнгда) билан

Ўзбекистон президенти Тошкент ҳокимига танбеҳ берди. Дарслик чоп этиш борасида ҳам монополия юзага келмоқда. Шоир Жамол Камол айрим муассасаларда ҳамон қора рўйхат амалда эканини тахмин қилди. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

“Мен Тошкентда 4-5 йил ишлаганман, оғайни” – Президент Мирзиёев ҳоким Ортиқхўжаевга танбеҳ берди

Саноат ва логистика соҳаси бўйича инвестицион лойиҳалар тақдимотида президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг оғриқли ва кундан-кунга чуқурлашиб бораётган муаммоларидан бири – канализация ва ижтимоий инфратузилма объектларининг янги қурилаётган уй-жой фондига монанд ривожланмаётгани ҳақида тўхталди (www.daryo.uz, 1 февраль). Тақдимот асносида президент пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни шаҳар ичидаги қурилиш лойиҳалари учун танқид қилди.

“Мен Тошкентда 4-5 йил ишлаганман, оғайни. Бу ерга 120 миллиметрли кичкинагина канализация қўйганмиз (давлат раҳбари қувур диаметрини қўли билан кўрсатган – таҳр.). Сен эса у ерда 9 қаватли уй қурибсан. Биз канализация насосини қуришимиз керакми ёки йўқ? Трубаларни кучайтиришимиз керакми? Мактаблар-чи? Боғчалар-чи?” деган Шавкат Мирзиёев.

Бу ўринда қайси лойиҳа ҳақида гап кетгани айтилмаган. Аммо учрашув якунида президент лойиҳаларни сифатли амалга ошириш учун уларни экспертизадан ўтказиш, бу тизимни тармоқлар ва ҳудудлар кесимида ҳам татбиқ этишни топширган.

“Кимнинг пули бўлса, уй, бизнес-марказ қуряпти, лекин девелоперларнинг бирортаси канализация, электр энергияси таъминоти, мактаб, боғча, поликлиника ҳақида ўйламаяпти. Ҳаммаси мавжуд қувватларга уланяпти ва уларни зўриқтиришда давом этмоқда”, деб ёзган Телеграмдаги Davletov.uz канали ушбу хабарни изоҳлар экан.

Аввалроқ Тошкент ҳокими маҳаллий депутатларга мурожаатида 2020 йилда 125 та 8444 та хонадонга эга кўп қаватли уйлар қурилганини маълум қилар экан, пойтахтда қурилиш тўхтатиб қўйилса, нархлар кескин ошишини айтган эди.

“Akfa” ширкатлари гуруҳи соҳиби бўлган 46 ёшли Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил 26 апрелдан пойтахтга раҳбарлик қилиб келади.

Нашриётлар: Дарслик чоп этиш борасида ҳам монополия ўрнатилмоқда

Республика таълим маркази томонидан мактаб дарсликлари тендерсиз тайёрланаётгани бу борада ҳам монополия юзага келмоқда деган хавотирларни юзага келтирмоқда (“Ишонч” газетаси, 4 февраль). Масалан, янги жорий этилган “Тарбия” фани бўйича дарслик ҳеч қандай танловсиз, Таълим марказида тузилган муаллифлар гуруҳи томонидан яратилди. 6 миллион нусхада 7 тилдаги дарсликни чоп этиш учун фақат “Kolor Расk” нашриёти билан шартнома имзоланди.

Кейинчалик дарсликнинг маълум нусхалари “Ғафур Ғулом”, “Ўзбекистон” нашриётларида ҳам чоп этилган бўлса-да, мазкур нашриётларда китоблар Халқ таълими вазирлиги билан эмас, “Kolor Расk” нашриёти билан тузилган шартнома асосида босилди.

Ушбу нашриётлар вакилларига кўра, вазирликнинг танловсиз иш тутиши ва фақат “Kolor Расk” билан шартнома тузаётгани монополияга йўл очмоқда. Келгусида бу дарсликлар сифатига ҳам таъсир этмай қолмайди. Чунки ушбу жараёнларда Республика таълим маркази ҳам, дарслик тайёрловчи ҳам уни баҳоловчи ташкилот бўлиб қолмоқда.

Таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов ушбу ҳолатни изоҳлар экан, мамлакатда дарслик тайёрлаш бўйича муаллифлар мактаби йўқлигини қайд этган. Маълум қилинишича, “Тарбия” дарслигини тайёрлашда олдинги авлод дарслик муаллифлари билан биргаликда амалиётчи ўқитувчилар, назариётчилар, халқаро экспертлар ва шу соҳага қизиқувчи педагоглар жамоасидан иборат муаллифлар гуруҳи ишлаган. Марказ раҳбари дарслик чоп этиш нега фақат биргина “Kolor Расk” нашриётига топширилгани сабабини очиқламаган.

Таниқли шоир Жамол Камол ТВда номи кўрсатилмаётганидан ёзғирди

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол айрим муассасаларда ҳамон қора рўйхат амал қилаётганини тахмин қилди (“Ҳуррият” газетаси, 3 февраль).

“Баъзи бировлар ҳамон ўша “рўйхат”га амал қилаётганга ўхшайди ёки ўзлари қора рўйхат тузиб олишган. Буни мен ўз танамда ҳис этдим. Менинг таржимамда Шекспирнинг “Кориолан”, “Афиналик Тимон”, Бертольд Брехтнинг “Сичуанлик меҳрибон” асарлари телевизорда фильм-спектакль сифатида вақти-вақти билан намойиш этилади. Аммо таржимоннинг номи кўрсатилмайди, ўчирилган”, деган Ж.Камол.

Қайд этилишича, 23 апрель – Шекспир туғилган куни муносабат билан UzReport телеканали мухбири бир неча йил аввал инглиз ижодкорининг таржимони сифатида Жамол Камол билан бир ярим соатча суҳбат қилган. Суҳбат телевидение раҳбарларига маъқул бўлган, бироқ эфирга берилмаган.

“Маълум бўлишича, кимнингдир топшириғи билан бунга изн берилмаган. Айтинг, бу жаҳолат эмасми? Шекспир ҳақидаги суҳбатнинг кимга зиёни тегади? Билмадим. Аммо биламанки, бу гаплар ёшларга таъсир этмай қолмайди. Уларнинг қалбидаги журъат, жасоратни сўндиради”, деган кекса шоир.

83 ёшга қараб кетаётган атоқли шоир ва таржимон қитмирликларга қарамай ижодда давом этаётганини билдирган.

“Мен ўзимни эркин инсон деб биламан. Юқорида айтганим, айрим кимсалар томонидан амалга оширилаётган бахиллик, қитмирликларни ҳисобга олмаганда, йўлимда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Шу кунга етказганига шукр дейман”, деган у.

Эслатиб ўтамиз, шоир Жамол Камол 2019 йил ёзида Самарқанд¸ Урганч ва Наманган аэропортларининг Россия ширкатига берилаëтганидан норози бўлиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоиловга очиқ мактуб йўллаган эди.

XS
SM
MD
LG