Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:27

OzodDayjest: Метро қурилиши сабабли 785 туп дарахт бошқа жойга кўчирилаётгани эътироз уйғотди


Сергели – Қўйлиқ ерусти метроси бекатларидан бирининг эскизи
Сергели – Қўйлиқ ерусти метроси бекатларидан бирининг эскизи

Сенат кўприк ва йўл ўтказгичларнинг ҳолатини қониқарсиз деб баҳолади. Ўзбекистонда “30 йил давомида кун тартибидан четда турган масала” очиқланди. Қурилиш важидан дарахтларнинг ёзда кўчирилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда. Жорий ҳафта ўзбек матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Сенат: Ўзбекистондаги 40 фоиз кўприк ва йўл ўтказгичлар яроқсиз ҳолда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида кўприк ва йўл ўтказгичларнинг ҳолати қониқарсиз деб баҳоланди (“Халқ сўзи”, 29 май).

Республика автомобиль йўлларида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, бугунги кунда 15 мингга яқин кўприк мавжуд бўлиб, шундан 40 фоиз кўприк ва йўл ўтказгичлар яроқсиз, қониқарсиз ва таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Бундан ташқари, автомобиль йўлларида жойлашган ва эгаси аниқланмаган кўприкларни сақловчиларга топшириш ишлари амалга оширилиши ўрганилганида, 3477 дона кўприк ўз эгаларига берилмагани аниқланди. Эгасиз ва яроқсиз ҳолдаги кўприклар эса фуқароларнинг хавфсиз ҳаракатланишига салбий таъсир кўрсатмоқда, уларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бундан аввалроқ маҳаллий нашрлар Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида 6,5 миллиард сўмга қуриб битказилган кўприк ҳеч қанча вақт хизмат кўрсатмай қулаб тушгани ҳақида хабар берган эди.

Таҳлилчилар кўприк ва йўл қурилишида маблағларни талон-торож қилиш кўп кузатилишига эътибор қаратади. Бундан ташқари, дарё ва сойларнинг ўзанларидан тош, қум ва шағалнинг назоратсиз ва ноқонуний равишда қазиб олиниши ҳам кўприкларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлмоқда.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекциясига кўра, сув ўзанларидан тош, қум ва шағалнинг ноқонуний равишда қазиб олиниши оқибатида Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Андижон вилоятларида барпо қилинган 26 та кўприкнинг таянчи хавфли ҳолатга келиб қолган. Ҳукумат ҳужжатига кўра, дарёлардаги кўприклардан – ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 кмгача бўлган масофада қум ва тошлар қазиб олиш учун карьер барпо этиш тақиқланади.

“Яшасин вазирлик! Камбағалликни қисқартириш мана бундай бўлади!..”

Ўзбекистон аҳолисининг минимал истеъмол харажатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, киши бошига бир ойда 440 минг сўм этиб белгиланди. Қайд этилишича, мазкур ҳисоб Ўзбекистон иқтисодий блоки, Жаҳон банки ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширилган.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кам даромадли аҳолининг жами харажатлари учун ойига киши бошига 440 минг сўм керак бўлади. Бу миқдор камбағаллик чегарасини аниқлашда муҳим ҳисобланади. Ҳозирга қадар камбағаллик чегараси реал кўрсаткичларга асосланмаган эди. Эндиликда шу қиймат орқали камбағалликка қарши курашишда бу чегарадан фойдаланамиз. МИХ аҳолига моддий-ижтимоий ёрдам беришда, пенсия ва нафақалари тайинлашда яхши самара беради”, деган Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов.

Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилган. Шу асосда оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 килокалория) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар ҳисобланган.

“Экспертларнинг фикрига кўра, Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатларининг миқдорини белгилаш – 30 йил давомида кун тартибидан четда турган масала. Бу бўйича бир қарорга келиниши иқтисодий сектор учун мураккаб ва масъулиятли қадамдир”, деб ёзади Qalampir.uz нашри.

“Ана, холос! Кутганмидингиз?.. Агар минимал истеъмол харажатларининг миқдори киши бошига 440 минг сўм этиб белгиланадиган бўлса, Ўзбекистонда камбағал одам қолмаслиги аниқ. Яшасин, вазирлик ишлаяпти! Камбағалликни қисқартириш мана бундай бўлади!..” дея ҳолатни бироз юмор билан изоҳлаган “Оила даврасида” газетаси.

“Экологми шулар?” – Қурилиш сабаб 785 туп дарахт бошқа жойга кўчирилаётгани эътирозларга сабаб бўлмоқда

Сергели – Қўйлиқ ерусти метроси қурилиши сабаб ҳудуддаги 785 туп дарахт бошқа жойга кўчирилади. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилган.

Қайд этилишича, мазкур ҳудудда жойлашган ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кўчиришга, кўчириш имкони бўлмаганда, истисно тариқасида кесишга рухсат берилган. Кесиладиган ҳар бир дарахт учун компенсация сифатида 10 туп кўчат экиш ва уларни икки йил давомида парваришлаш мажбурияти юкланади.

Айни пайтда дарахтларнинг ёзда кўчирилиши эътирозларга сабаб бўлмоқда.

“40-45 даража иссиқда йиллар давомида илдиз отган жойдан бошқа ерга кўчирилган дарахт амал ушлайдими? Ёзда дарахт кўчириш – уни ўлдириш, яъни кесиш дегани-ку! Лекин бу – бузиш-қуриш ва ўзлаштириш бизнеси билан чатишиб кетган ва уларнинг дастёрига айланган экологларни қизиқтирадими? Экологми шулар? Буларнинг ҳам уйига, ётоғига, бўғзига ва ўпкасига заҳар-заққум чанг кириб боряптими?” дея мутасаддиларни саволга тутган блогер Отабек Бакиров.

Жорий ҳафтада эълон қилинган Ўзбекистон атроф табиий муҳити ифлосланиши мониторингига кўра, Тошкентда чанг миқдори 2,7 марта ортган.

“Дарахтларни кесиб, муттасил қурилишларни амалга оширишда давом этар эканмиз, ҳавонинг ифлосланиш кўрсаткичи бундан-да ёмонлашиб бораверади. Тасаввур қиляпсизми, сиз ўтган бир ҳафтанинг ўзида ўртача уч баравар кўпроқ чанг ва бошқа заҳарли моддаларни ютмоқдасиз. Дидсиз архитектурада бинолар қуриб пуллаётганлар эса ҳозирча фақат кўраётган фойдасини ўйлашдан нарига ўтмаяпти”, деб ёзган блогер Нозим Сафари.

XS
SM
MD
LG