Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:09

OzodDayjest: Президент Мирзиёевдан Сенат маъқуллаган қонунни имзоламаслик сўралди


Соғлиқни сақлаш вазирлиги аёллар суицидига панжа орасидан қараётгани танқид қилинди. Ўзбекистон президентидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқини жиддий равишда бузадиган қонунни имзоламаслик сўралмоқда. The Diplomat Ўзбекистон COVID-19 га қарши Хитой вакцинасини синовдан ўтказгани ҳолда Россияникидан харид қилганига эътибор қаратди. Жорий ҳафта ўзбек ва хориж матбуоти шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

__________________________________________________________

Танзила Норбоева: “Биз суицидга қарши курашмаяпмиз, фақат оқибатлар билан ишлаяпмиз”

Ўзбекистонда аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ортиб бормоқда ва соғлиқни сақлаш вазирлиги унинг сабаблари эмас, оқибатлари билан шуғулланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси – Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раҳбари Танзила Норбоева комиссиянинг навбатдаги йиғилишида гапирди (www.qalampir.uz, 22 декабрь).

Икки йил аввал президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш вазирлигига аёллар орасидаги ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг сабабларини бартараф қилиш масаласида топшириқ берди, бироқ вазирлик бугунгача бу топшириқ ижроси билан шуғулланмаган.

“Бунинг ўз стандартлари бўлиши керак. У стандартларни ҳаммага айтиб, унга қарши қаттиқ кураш олиб боришимиз шарт. Лекин бизда шу кураш йўқ. Мутлақо йўқ! Биз фақат суицид оқибатлари билан ишлаяпмиз. Кимдир ўз жонига қасд қилганидан кейин бориб, уни нега бундай қилмоқчи бўлганини сўраймиз. Ўлмай қолган бўлса, унга ёрдам берамиз, оламдан ўтганларининг оила аъзоларини тинчлантиришга ҳаракат қиламиз. Биз фақат шу билан ишлаяпмиз, холос” деган Т.Норбоева.

Аввалроқ Ўзбекистонда ҳар йили 700 дан ортиқ эркак ва 600 га яқин аёл ўз жонига қасд қилиши, суицид бўйича йилига ҳар 100 минг кишига 5,2 та ҳолат тўғри келиши маълум қилинганди.

Сенат фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқини чекловчи қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенатининг 19 декабрь кунги ялпи мажлисида маъқулланган қонунга биноан суднинг қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган қарорларига нисбатан фуқароларнинг кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқи бекор қилинди. Ушбу қонун фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқини жиддий равишда бузади, деб ҳисоблайди Телеграмдаги “Huquqshunos kundaligi” канали.

“Мисол учун, Эшмат содир этмаган жинояти учун суднинг ҳукмига кўра 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бироқ у суднинг ҳукмига нисбатан қонундан белгиланган 10 кунлик муддатда апелляция шикояти бера олмади. Ҳукм қонуний кучга кирди. Эшмат қамалди. Энди у суднинг қонуний кучга кирган қарорига нисбатан шикоят бера олмайди. Шу ерда ҳаммаси тугайди”, деб ёзади Телеграм канал.

Қайд этилишича, кассация тартибида шикоят (протест) қилиш ҳуқуқининг бекор қилиниши Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда Конституция талабларига зиддир.

“Ҳурматли Шавкат Миромонович, Олий суд томонидан ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва Сенат томонидан маъқулланиб, имзолаш учун сизга юборилаётган, фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқини қўпол тарзда бекор қилиш мақсадини кўзлаган мазкур қонунни имзоламанг. Улар сизни алдашмоқда”, дея президентга мурожаат қилди “Huquqshunos kundaligi” канали.

“Фуқароларнинг судларга шикоят қилиш ҳуқуқига оид муддатлар чекланаётган бир пайтда шу ислоҳотлар кераклиги, давр талаби эканлиги, буни тўғри тушунишларини сўраб гапирилса ҳам майли эди, чидаса бўларди. Лекин энг алам қиладигани “биз бу билан халққа ёрдам қиляпмиз, муддатни узайтиряпмиз, сизлар тушунмаяпсизлар” дейишаётгани бўляпти. Худдики халқ содда ва гўл, нима деса ишониб кетаверади деб ўйлашармикан ёки?” дея мутасаддиларни саволга тутди бошқа бир ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев.

The Diplomat: Ўзбекистон коронавирусга қарши Хитой вакцинасини синовдан ўтказгани ҳолда, негадир Россияникини харид қилди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши Хитой вакцинасини клиник синови давом этаётган бир пайтда мамлакат Россия вакцинасини сотиб олгани ҳақида хабарлар чиқди (“The Diplomat”, 21 декабрь). АҚШда илмий изланиш олиб бораётган таҳлилчи Умида Ҳошимова буни тушунарсиз ҳолат, деб атаган. Чунки мамлакат расмийлари коронавирусга қарши вакцина фақат клиник синовлардан кейингина харид қилинишини таъкидлаган эди.

Ўзбекистонда Хитойнинг “Anhui Zhifei Longcom” ширкати ишлаб чиқарган вакцина синовдан ўтиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда танқидларга сабаб бўлди. Кўп сонли фойдаланувчилар аҳоли “тажриба қуёни” бўлиб қолишидан хавотир билдирди. Бунга жавобан Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ўз оила аъзолари ҳам Хитой вакцинаси билан эмланганини айтиб, аҳолини хотиржамликка чақирди.

Бу орада Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров “Спутник V” вакцинаси намуналарини Тошкентга шахсан етказиб берди. 19 декабрь куни эса Bloomberg Тошкент Москва билан 70 млн дозада вакцина харид қилиш бўйича шартнома имзолаганини хабар қилди. “The Diplomat” нашрига кўра, ҳали клиник текширувдан ўтмаган Россия вакцинасининг бу қадар катта миқдорда сотиб олиниши кутилмаган қадам. Қайд этилишича, Ўзбекистон масъуллари бу борада аниқ изоҳ бериши лозим.

Аввалроқ айрим таҳлилчилар “Спутник V” вакцинаси харидига рўйхушлик бермаган МДҲ давлатлари расмий Москва босимига учраши эҳтимоли ҳақида гапирган эди.

XS
SM
MD
LG