Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:28

Андижонлик боғча опа: "Далада ажриқ юлаётганимизни ҳоким вертолётдан кузатди"(ВИДЕО)


Мажбурий меҳнатга вертолëтлар жалб қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:19 0:00

Андижон вилоят, Хўжаобод туманидаги Бешқарам ва Бешқовоқ маҳаллаларидаги болалар боғчалари ëрдамчи тарбиячилари фермер хўжаликларига қарашли экин далаларини тош ва ажриқдан тозалашга олиб чиқилганликлари, вилоят ҳокими вертолётда уларни кузатганини айтишди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган боғча тарбиячилари туман ҳокимлиги мулозими уларга вилоят ҳокими даладаги ишни вертолётда шахсан кузатишини айтган ва оқ халатда чиқмасликни тайинлаган.

- "Вертолëт учади, шу ерда иш қиласизлар," деди. "Оқ халатимизни кийиб олайлик," десак, "сизларни маҳалла ишчиларидек кўришсин, ташкилотдан эканингизни билмасин",- деб жавоб қайтарди. Қачонгача текин мардикорлик қиламиз?" - деди Хўжаобод тумани Бешқарам маҳалласидаги 1- сонли мактабгача таълим муассасанинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходимаси.

ХЎЖАОБОД – “Биз ердамчи тарбиячиларни текин мардикорлик қилдиришди”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:31 0:00

Тумандаги бошқа боғча ходимлари ҳам далаларни ажриқдан тозалашга олиб чиқилганликларини айтишди.

- Дам олиш кунлари боғча опаларни ҳам олиб чиқяпти. Эрталабдан кун ботгунича даладамиз. Сўрашса “маҳалла ишчисимиз”, деб айтингизлар дейишди ҳокимликдагилар. Ўтган дам олиш куни биз далаларни ажриқдан тозаладик, ҳоким бува вертолётда кузатди, - деди Хўжаобод тумани "Бешқавоқ" маҳалласидаги боғча тарбиячиларидан бири.

Озодлик бу борада изоҳ сўраб Хўжаобод тумани ҳокимлигига боғланди.

Ҳокимликнинг таълим масалаларига масъул мулозими мактаб, боғча ва тиббиёт муассасаларининг техник ходимлари дала ишига олиб чиқилаётганини тасдиқлади.

Лекин, ҳокимлик мулозимига кўра, мактаб ўқитувчилари, боғча тарбиячилари, шифокорларнинг касбий фаолиятида узилиш бўлаётгани йўқ.

- Таълим, тиббиёт ходимлари жамоатчилик ишларига олиб чиқилмаяпти. Меҳнат вазирлиги томонидан таъсис этилган жамоат ишларига жалб этилиши мумкин бўлганлар олиб чиқиляпти, ободонлаштириш, ариқ чопиш бошқа ишларга. Лекин, тарбиячи, ўқитувчи, доктор ҳаммаси вилоят ҳокими бошчилигида назоратга олинган, улар ўз касбий ишини қиляпти”, - деди Хўжаобод тумани ҳокимлиги мулозими.

Ҳокимлик мулозими, шунингдек, "вилоят ҳокими даладаги ишларни вертолётда кузатади", деган огоҳлантирув берилгани ҳақидаги гап-сўзлар мутлақо асоссиз ва мантиққа тўғри келмаслигини айтди.

“Билмадим буни ким айтди. Ҳокимда вертолёт йўқ-ку?! Бу гапда мантиқ бўлмаяптику? Ҳокимнинг служебний машинаси бор холос. Уларга вертолёт берилмаганку. Вертолётда келса ё бош вазир келади ё президент келиши мумкин. Вилоят ҳокимида ҳам вертолёт йўқ“, - деди Хўжаобод тумани ҳокимлиги мулозими.

Мажбурий меҳнат боис халқаро босимлар остида қолган Ўзбекистон ҳукумати бюджет ташкилотлари ходимлари бундан буён дала ишларига оммавий жалб этилмаслигини айтиб келади.

Шунга қарамай, айрим вилоятларда давлат бюджетидан молияланадиган корхоналар, жумладан шифохоналар, мактаб ўқитувчилари, боғча тарбиячилари дала ишларига олиб чиқилмоқда.

Озодлик Тошкентдаги касалхоналар шифокору-ҳамшираларининг пахта теримига олиб чиқилиши ва уларнинг маошларидан пул ушлаб қолинаётгани ҳақида олдин хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG