Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:05

Қувасойда шифокорлар кўча тозалаш ишида, беморлар навбат кутишмоқда (янгиланди)


Бу сурат Қувасойдаги оилавий поликлиникада ободонлаштириш ишига олиб кетилган врач ва ҳамшираларни кутиб хуноб бўлган бемор томонидан юборилган. Сурат муаллифи унинг Қувасой шаҳридаги поликлиника эканини 11 июль куни яна тасдиқлади.
Бу сурат Қувасойдаги оилавий поликлиникада ободонлаштириш ишига олиб кетилган врач ва ҳамшираларни кутиб хуноб бўлган бемор томонидан юборилган. Сурат муаллифи унинг Қувасой шаҳридаги поликлиника эканини 11 июль куни яна тасдиқлади.

Ўзбекистон президентининг соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этишни қатъий тақиқлаш ҳақидаги қатъий кўрсатмасига қарамай, Фарғонанинг Қувасой шаҳри Тиббиёт бирлашмаси шифокор ва ҳамширалари кўча тозалашга жалб этилганликлари ҳақда Озодликка шикоят қилишди.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини истаган ходими Озодликка врач ва хамширалар кўча тозалаш ишларига олиб чиқилгани сабаб, шифохона ва поликлиникада беморлар навбат кутиб қолишганини айтди.

- Шаҳар ҳокими Адҳам Зиёвутдинов кўча тозалаш ишларига олиб чиқиб ишлатмоқда. Ҳеч ким беморлар ҳақида ўйламайди. Ахир биз кўча тозалаш учун тиббиёт бирлашмасига ишга кирганимиз йўқку, биз шифокорларбеморларга қарашимиз керак. Бу ерда беморлар навбат кутиб қолишаяпти, - дейди бирлашманинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходими.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг Озодлик суҳбатлашган бошқа яга бир неча ходими шаҳар ҳокимининг оғзаки буйруғи билан ҳар жума ободонлаштириш ишларига мажбурланаётганликларини тасдиқлашди.

- Ҳар жума ўзимизни территорияни тозалаяпмиз. Ҳокимият касалхона олдида территория бўлиб берган, шу ерларни ҳам тозалаймиз, - деди Тиббиёт бирлашманинг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Озодлик Қувасой Тиббиёт бирлашмаси ходимларининг ушбу шикояти юзасидан муносабат олиш учун Қувасой шаҳар ҳокимиятига қўнғироқ қилди.

Ҳоким ёрдамчиси Озодлик саволини эшитгач телефонни қўйиб қўйди.

Қувасой шаҳар Тиббиёт бирлашмаси раҳбарларидан бири ходимлар кўча тозалаш ишига олиб чиқилаётганини тасдиқлади. Лекин, унга кўра асосан техник ходимлар ўз хоҳишига кўра олиб чиқилмоқда.

Эслатамиз, 17 апрель куни Ўзбекистон президенти матбуот котиби Комил Алламжонов журналистлар учун брифинг ўтказиб, бюджет ходимлари ва талабаларни жамоат ишларига мажбурлаш тақиқланиши, бунга йўл қўйганларга нисбатан жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилиши мумкинлигини айтганди.

Ўз чиқишида Алламжонов президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқандга ташрифи олдидан ободонлаштиришга жалб қилинган ўқитувчининг ўлимига сабаб бўлган мансабдорлар ҳам жавобгарликка тортилишини маълум қилганди.

Шу йилнинг 14 март куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги 42-мактаб ўқитувчиси, 23 ёшли Диана Енекеева катта йўлдаги тўсиқларни оқлаш чоғида юк машинаси уриб кетиши оқибатида вафот этгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Прокуратура Маълумотномаси

Мазкур мақола эълон қилинганидан тўрт кун ўтиб¸ Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати унда тилга олинган муаммо юзасидан ўтказилган текшируви хулосасини Озодликка тақдим этди.

11 июль куни юборилган "Маълумотнома"да айтилишича¸ "Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Қувасой шаҳар тиббиёт бирлашмасининг шифокор ва ҳамширалари шаҳар ҳокимининг буйруғига асосан ободонлаштириш ишларига жалб этилганлиги тўғрисидаги интернет хабари мутахассислар иштирокида бевосита жойида ўрганилган."

"Ўрганишда шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, уларнинг 50 нафаридан хабарда кўрсатилган ҳолат юзасидан тушунтириш хатлари олинган.

Ходимлар тушунтириш хатларида интернет хабарида кўрсатилган ҳолатларни тасдиқламасдан, шаҳар ҳокими ёки тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг буйруғига асосан ободонлаштириш ишларига жалб этилмаганликларини баён қилишган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан тушунтириш берган Қувасой шаҳар ҳокими А.Зиявиддинов шаҳарда ижтимоий соҳа ходимлари ободонлаштириш ишларига жалб этилмаганлигини, хабарда кўрсатилган ҳолатдан хабари йўқлигини билдирган.

Шунингдек, ўрганишда мақолага илова қилинган суратдаги кўриниш шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли биноларга тўғри келмаслиги аниқланган ҳамда бирлашмада беморларни асоссиз куттириш ҳолатларига йўл қўйилганлиги тасдиқланмаган"¸ дейилади 11 июль куни юборилган прокуратура Маълумотномасида.

(7 июль куни чоп этилган бу мақола Бош Прокуратура Маълумотномаси билан тўлдирилди.)

XS
SM
MD
LG