Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2021, Тошкент вақти: 13:54

"Олмасанг, ўзимиз олиб қўямиз". Янгийўл ИИБ соқолга қарши рейд ўтказди


 38 ёшли дурадгор Икром Холматов 22 ноябрь куни шаҳар ИИБсига чақиртирилиб, ўзи ва яна тўрт эркак соқолини олишга  мажбурлангани ҳақида Озодликка айтиб берди.

Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳрида ўнлаб эркак ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, соқоли мажбурий равишда олиб ташланди.

Маҳаллий фаолнинг Озодликка билдиришича, соқолга қарши тадбир сўнгги пайтларда мунтазам тус олган.

ИИВ расмийлари фуқаролар диний мансубликларига қараб нишонга олинаётганини рад этишади.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, ҳукуматнинг афтидан, диний радикализмга қарши курашни мақсад қилган бу каби чоралари, аксинча, радикализмнинг янада кучайишига олиб келиши мумкин.

"Соқолни оласан, бўлмаса, ўзимиз олиб қўямиз"

38 ёшли дурадгор Икром Холматов 22 ноябрь куни шаҳар ИИБсига чақиртирилиб, ўзи ва яна камида тўрт эркак соқолини олишга мажбурлангани ҳақида Озодликка айтиб берди.

“Эшикни тақиллатиб келишди. Қанақадир аёл қидирилаётган эканми, сўроққа олиб кетишди. РОВДга олиб киргандан кейин телефонимни титишди. Ҳеч бало тополмагандан кейин расмга олди. “Энди соқолни оласан, бўлмаса, ўзимиз олиб қўямиз”, дейишди. Соқолни тартибга солиб борганман, десам, “бўлмайди бу” деди. “Олмайман”, дедим. “Отангни гапи ҳам бир тийинми сенга?”, деб босим қилди. “Отанг гапириб кетдику болам соқолини олади деб, ол”, деди. Отамни ўртага қўйишганидан кейин олишга мажбур бўлдим. Соқолимни олиб бўлганимда кейин яна суратга олди, шу билан қўйиб юборди”, - дейди Холматов.

38 ёшли Икром Ҳолматов ИИБда соқолини олишга мажбурланганини айтади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:36 0:00
Бевосита линк

Озодликка маълум бўлишича, 22 ноябрь куни Икром Холматов қатори ўнлаб одам Янгийўл шаҳар Ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, ўз ихтиёрига қарши соқоли олишга мажбурланган.

Исми очиқланмаслигини истаган ўзбекистонлик фаол Янгийўл шаҳрида камида 22 нафар эркакнинг соқоли олингани ва соқолни мажбуран олдириш мунтазам тус олганини айтади.

“Кеча 22 одам шаҳар бўлимига чақиртирилиб, соқоли олинган. Асосан, диндорларнинг соқоли олиняпти. Мен билан суҳбатда бўлганларнинг кўпчилиги бу тадбир систематик эканини айтди. Яъни бу фақат кеча бўлаётган ҳолат эмас”, - дейди Озодликка гапирган фаол.

Икром Холматов 22 ноябрь кунининг ўзида камида тўрт эркакнинг соқоли мажбуран олдирилганига гувоҳ бўлганини билдирди.

“РОВДга борганимда тўртта соқолли эркак ўтирганди. Ҳаммасиники олинди. Кейин суриштирсам, мен билган бошқа йигитларни ҳам чиқиришган. Соқолини олишга мажбур қилишларини билиб, бир танишим олдиндан олиб ҳам борган, расмга олиб қўйиб юборишган. Мени ўзимни сўнгги тўрт ой ичида иккинчи марта чақиртириб, соқолимни олишга мажбурлашди”, - дейди Икром Холматов.

Икром Холматов 22 ноябрь кунининг ўзида камида тўрт эркакнинг соқоли мажбуран олдирилганига гувоҳ бўлганини билдирди.
Икром Холматов 22 ноябрь кунининг ўзида камида тўрт эркакнинг соқоли мажбуран олдирилганига гувоҳ бўлганини билдирди.

Соқол олиш жараёни барча эркакларга қўлланиляптими ёки диний мансубликдан келиб чиқибми?

Озодлик бу ҳақда Янгийўл шаҳар Ички ишлар идорасидан изоҳ олишга уринди.

Бўлим навбатчиси суратга олиш пайтида “юз кўринишини жорий тартибга мувофиқлаштириш учун соқолини тартибга солиш сўралиши мумкин”лигини айтди.

“Юз-кўриниш учун ака, бу. Сиз айтаётган ҳолатдан хабарим йўғу, лекин расмга олаётганда соқолни тартибга солиш сўралиши мумкин, соқолни олиб ташла, деб ҳеч ким мажбурлай олмайди”, - деди ИИБ ходими.

ИИБга чақиртирилганлар эса, диндор бўлганликлари учун соқоллари олинганлигини даъво қилишмоқда.

“Мода қилиб соқол қўйганлар бор, уларга индамайди, диндорларга ёпишяпти булар. Гўёки, биз уларга террорчилардай кўринармишмиз. Пайғамбаримиздан суннат бўлгани учун соқол қўямиз. Соқолни олдириш биз учун иштонни ечиб юр, дегандай гап. Шу даражада ҳуқуқларимизни поймол қилишяпти”, - дейди янгийўллик бошқа йигит.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ҳамда Мусулмонлар идораси расмийлари Озодликка соқол олиш тадбири ҳақида изоҳ беролмасликларини айтишди.

Озодлик боғланган Мусулмонлар идораси Фатво бўлими айни масала Дин ишлари қўмитаси ваколатлари доирасида эканини айтди.

Бу ерда шаръий масалалар бўйича “мана шу ҳолат бўлди намоз бузилдими, бузилмадими”, ёки “Қуръонни таҳоратсиз ўқисак бўладими?” шунақа саволларга жавоб берамиз. Сиз айтаётган ҳолат асосли бўладиган бўлса, унда диний қўмитага мурожаат қилишларингиз керак, бу бўйича изоҳ беролмаймиз”, - деди ўзини таништиришни истамаган Мусулмонлар идораси ходими.

Биринчи марта эмас

Бу Ўзбекистонда "соқол"га қарши биринчи тадбир эмас.

Икки йил аввал Тошкентда жума намозидан сўнг ички ишлар ходимлари “Малика” савдо мажмуасида ўнлаб соқолли эркакларни тутиб олиб кетиб, соқолини олишга мажбурлагани норозиликларга сабаб бўлган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан танқид қилинган эди.

Шу йилнинг февраль ойида ҳам “Малика” мажмуасидаги савдогарлар соқоли мажбурлаб олингани ҳақда Озодликка айтишганди.

Икки ой аввал ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳар ички ишлар бўлими тезкор штаб раҳбарига тегишли экани айтилган овозли топшириқ аудиоси тарқалиб, муҳокамага сабаб бўлганди.

Овоз эгаси Ички ишлар вазирлигидан меҳмонлар келгани, ҳар бир бўлим 20 тадан соқолли эркакни топиши кераклигини айтади.

“Ҳурматли ходимлар, “Соқол” тадбири бўйича ҳам… тезлаштириб қилиб берайлик. “Горотдел”дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар буни назоратга олган.

Ҳар битта “ГОМ”га 20 тадан соқолли [фуқарони] аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йилда туғилган, ким у?

Худди шундай қилиб тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта “ГОМ”га 20 тадан берилган, бизда ҳали биттаям бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар!” – дейди овоз эгаси.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийлари эса тизимда “соқолга қарши” амалиётлар ўтказилишини рад этиб келади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Намангандаги ҳолат ортидан: “Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш ёки қўймаслик ҳар фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, - дея баёнот берганди.

Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бош Бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Ирина Сайфутдинова ҳам Озодлик билан суҳбатда соқол мажбурлаб олингани холатларини рад этаркан, "Ўзбекистонда ҳеч ким соқолини олишга мажбурланмаслигини" таъкидлаган эди.

Айни пайтда Сайфутдинова фуқароларга "ташқи кўринишларини биометрик паспортларидаги суратларга мувофиқлаштириш тавсия этилган бўлиши мумкин"лигини инкор қилмаган.

Соқол диний радикализм белгисими?

Ўзбекистонда соқол диний радикализм белгиси сифатида хавфсизлик хизматлари диққат марказида бўлиб келиши айтилади.

Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаеванинг Озодликка айтишича, ҳукуматнинг мусулмонларни соқолини олишга мажбурлаш кампанияси диндор қатлам орасида норозилик кайфиятини кучайтириши мумкин.

“Мажбурлаб соқолини олиш ёки рўмолини ечтириш, аслида дунёвий тузумга хавф солади, радикализмни янада ҳам кучайтиради. Норозиликни кучайтиради. Мен Ўзбекистон дунёвий давлат бўлиб қолишини, тенгликни кафолатлайдиган Конституция асосий қонун бўлиб қолишини истайман. Лекин қайдайдир, эътиқоди учун соқол қўйган йигитларни улар учун суннат ҳисобланган соқолини олишга мажбурлаш, уларни қора рўйхатга тиркаш, бу - ноқонуний, конституцияга зид. Афсуски, бунақа ҳолатлар ўттиз йилдан буён давом этяпти, бунга чек қўйиш керак”, - дейди Надежда Атаева.

Ўзбекистон расмийлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг диний рамз деб кўриладиган соқол ва ҳижобга қарши кампаниялари халқаро жамоатчилик, жумладан, АҚШ Давлат департаменти томонидан танқид қилиб келинган.

Ўтган йил июнидаги ҳисоботида Қўшма Штатлар Давлат департаменти мамлакатда ҳамон диний эркинликни чеклаш амалиёти кузатилаётгани, жумладан, эркакларнинг соқолини мажбуран қирдириш, аёлларнинг ҳижобини ечтириш кампанияси, рўмолли ўқувчилар ҳамда ҳижобли талабаларни таълим даргоҳларига киритмаслик ҳоллари кузатилганини қайд этганди.

Аммо 2020 йил 7 декабрь куни АҚШ Ўзбекистонни "сезиларли ва аниқ ютуқлар ортидан" диний эркинликлар бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарган.

Айни пайтда Ўзбекистон АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар бўйича комиссияси рўйхатида қолмоқда. Бу комиссиянинг ҳисоботи АҚШ Давлат департаменти ҳисоботидан мустақил равишда эълон қилиб борилади.

XS
SM
MD
LG